Кетақолгин, Абдуллажон!

  • 11:06
  • 23,06-2020
  • 286
  • Поделиться

(Киноя ёки ҳажвия)

Коронавирус!

Ҳаҳ, отинг ўчсин сени!

Аввалига бир киши бўлиб келганингда, кутилмаган меҳмонга ўхшадинг. Дарров ўн тўрт кунлик иззатингни қилдик. Лекин кун-кун ўтиб, кўпайишиб қолдинглар. Шошиб қолдик. Эҳтиёткорлик билан муомала қилдик. Инжиқ меҳмонга ўхшадинглар-да. Келганингиз заҳоти иштаҳангизни билиш учун ўн тўрт кунлик меҳмонхонага жойладик. Қорни очқаганларни яна ўн тўрт кунлик меҳмондорликка чақирдик. Кейин яна ростданам қорни тўйдимикан деб, боз ўн тўрт кун меҳмонхонада кузатдик...

Ўз оёғи билан келган меҳмоннинг иззати уч кун дейдилар. Лекин, очиғи, бир оз безбетроқ экансизлар. Бирингиз кетиб, икки-учингиз келяпсизлар-эй. Тўйдимни билмайсизлар. Тож кийволганингизни қаранг яна. Қўшнилар бир-биридан хавотирга тушиб қолган. «Хотин, қўшниникига меҳмон келибди! Эшик-деразани ёп, болалар кўчага чиқмасин, меҳмонга кўринмай туринглар...» Шу аҳволга солдинг-а Одамни. «Ёши катталардан, ота-онангиздан, жигарлардан хабар олиб туринг» дер эдик. Дийдор ширин, дер эдик. Энди бутунлай тескариси! «Борманг, кўришманг, қучоқлашманг...» Дийдор аччиқ бўлиб қолди.

Лекин ўз қадрини билмаган сендек меҳмонга биз ҳам жавоб тайёрлаб қўйдик. Бундан кейин «фойтун»дан тушганинглар заҳоти пешонангиздан «отамиз»! Меҳмондорликдан сўнг дарров ортингизга қайтиб кетишга мажбур қиламиз. Олдинлари машинада бўлсаям тозалашга эринган кўчаларимизни ҳозир қадам-бақадам юриб тозалаяпмиз. Изинг ўчсин сени деб. Автобусда, дўконларда қўлимизга, бозорларда ҳатто устимизга сув сепишяпти. Изинг ўчсин сени деб. Ўн тўрт кунлик меҳмондорликдан сўнгги яна шунча кунлик иззат йўқ бундан буён. Ахир, юз кун бўлди-я келганингга. Юз кун! Ўзингни йиғиштир-да энди, изгинанг ўчкур!

Тўхта, балки сен ўзга сайёраликдирсан? Чунки сенам бизнинг Абдуллажонга ўхшаб кетаяпсан. Жинсингам номаълум. Иштаҳанг шунчалик карнайки, косаниям ютворяпсан. Бунақада қиммат келган «термос»ниям қолдирмайсан шекилли. Сочингни олсак, яна пақ этиб ўсиб чиқаверади-я.

Сени ҳамма ёмон кўриб қолди. Қўни-қўшни, маҳалла... Ҳатто сендан фойдалар кўриб турган магазинчи Ғайбулланинг ҳам жонига тегдинг, тўғриси. Аксига олиб бутун дунё қизил тугмачангни тополмаяпти. Агар Стивен ака топиб олса, билиб қўй, чатоғингни чиқаради. Шунинг учун, бўлди энди, тувагингни чақиргин-да, кетақолгин, Абдуллажон!

Эркин САТТОР.