«Денгиз деви»ни мафтун этган қиз

  • 17:07
  • 31,07-2020
  • 182
  • Улашинг

Россиялик машҳур киноактриса Анастасия Вертинская санъаткорлар оиласида туғилган бўлиб, отаси машҳур композитор, қўшиқчи, актёр ва шоир, онаси актриса ва рассом сифатида танилган. Бизга кўпроқ «Алвон елканлар» ва «Одам-амфибия» фильмлари орқали яхши таниш бўлган киноактриса бу йил 76 ёшни қаршилайди.

Миллионлаб томошабинлар севиб томоша қиладиган ушбу фильмлар Анастасияга улкан шон-шуҳрат олиб келди. Шукин номидаги театр билим юрти талабалари сафига қўшилганидаёқ у кўплаб мухлисларга эга ёрқин юлдузга айланиб улгурганди. Қатор театрлар уни ишга таклиф қилар, маҳоратли актриса уларнинг ҳар бирида ўзига хос ва бетакрор образларни яратиб, томошабинлар олқишига сазовор бўларди.

А.Вертинская узоқ йиллик фаолияти давомида «Гамлет», «Уруш ва тинчлик», «Севишганлар», «Анна Каренина», «Соя», «Уста ва Маргарита» каби ўттиздан зиёд омадли ижод маҳсулларида ўз истеъдодини намойиш этиб, кўплаб мухлислар орттирди.

1989 йилдан актриса Оксфорд университетида актёрлик маҳоратидан сабоқ бера бошлади. Шундан сўнг ҳамкасби Александр Калягин билан бирга Парижда «Комеди Франсэз» ва «Чехов мактаби», Швейцариядаги «Европа киноси мактаби»да маҳорат дарсларини олиб борди. 1991 йили эса театр ва кино соҳасининг эҳтиёжманд фахрийларига ёрдам кўрсатувчи, шунингдек, эндигина иш бошлаган ёш актёр, режиссёр, педагог ва драматургларни қўллаб-қувватловчи Рус актёрлари хайрия жамғармасини ташкил этди.

 

* «Алвон елканлар». Актриса ўзининг илк ролини ижро этган ушбу фильм режиссёр Александр Птушко томонидан суратга олинган ва биринчи йилнинг ўзида 23 миллиондан зиёд томошабинга эга бўлган.

* Гўзал қиз Ассоль ролига кўплаб машҳур актрисалар, жумладан, Людмила Гурченко ҳам таклиф этилган. Бироқ режиссёр ўз танловини унчалик таниқли бўлмаган молдовалик актриса Маркачда тўхтатган. Кўпчилик унинг қарорига қўшилмади. Шунда саҳналаштирувчи-рассом эски таниши Лидия Вертинская ва унинг икки қизи – Марианна ва Анастасияни суратга олиш майдонига таклиф қилди. Улардан кенжаси кўпчиликка маъқул бўлди. Бироқ қиз спорт кийимида келгани ва сочи калта кесилгани учун режиссёр уни бош роль ижросига лойиқ кўрмади ва жаҳлланди. Кейин унга ясама соч, ҳарир кўйлак кийдириб, енгил пардоз қилишди ва яна режиссёрга кўрсатишди. Бундай ўзгаришни кутмаган Птушко ҳеч иккиланмай розилик билдирди.

* Режиссёр фильмда ҳақиқий кема ва ҳақиқий алвон елканлар бўлишини истади. Бунинг учун 2000 метр шойи матоси харид қилинди.

* Фильм муваффақият қозонишига ишонмаган кино соҳаси амалдорлари унинг учун жуда кам маблағ ажратишди. Бироқ бу Александр Птушкони чўчитмади ва у зўр иштиёқ билан ишга киришди. Ижодий жамоанинг меҳнати самараси ўлароқ, капитан Грей ва гўзал қизнинг ушбу романтик ҳикояси миллионлаб томошабинларга маъқул келиб, оламшумул шон-шуҳрат қозонди.

* «Одам-амфибия». Александр Беляев романи асосида яратилган мазкур фильм сценарийси «Ленфильм» киностудиясида 10 йил давомида чанг босиб ётган. Сув остида олиб борилиши лозим бўлган мураккаб съёмкаларга киришишга ҳеч бир режиссёр истак билдирмаган. Айнан шу сабабдан, ўз вақтида ҳатто Голливудда ҳам бу романни экранлаштиришдан бош тортишган. Бироқ бир куни сценарий режиссёр Владимир Чеботарёвнинг қўлига тушиб қолди ва унда катта қизиқиш уйғотди.

* Суратга олиш жамоасига маслаҳатчи сифатида машҳур Жак-Ив Кустони жалб қилиш режалаштирилган эди. Франциялик тадқиқотчи лойиҳага қизиқиш билдирди, бироқ баъзи сабабларга кўра бу ҳамкорлик амалга ошмади. Шунда аквалангчи Владлен Кебкало ва сув ости спорти бўйича чемпион Рэм Стукалов маслаҳатчи сифатида таклиф этилди.

* Бош роль ижрочилари 21 ёшли Владимир Коренев ва 17 ёшли Анастасия Вертинскаядан жиддий тайёргарлик талаб қилинди. Шу пайтгача сузишни билмаган актриса кун бўйи бассейнда машқ қилиб, жуда яхши сузишни, сув остида узоқ вақт туришни ўрганди.

* Фильм икки жойда – Бокуда ва Қримдаги Ласпи кўрфазида суратга олинди. Кўрфаз жуда гўзал кўринишга эга бўлиб, у ерда кино ижодкорларини фақат биргина муаммо қийнаган, яъни етарлича денгиз жониворлари йўқ эди. Бунинг ҳам ечими топилди: саҳналар балиқлар тўлдирилган резервуар оша тасмага туширилиб, кадрда денгиз ости жуда ишонарли тарзда чиройли манзара касб этди.

* «Медуза» номини олган эски балиқ овлаш кемаси Финляндиядан олиб келинди.

* Фильм экран юзини кўргач, кўплаб танқидчилар ҳужумига учради. Кинокартина сунъий чиққанини таъкидлаб, бонг уришди. Бироқ картина 1962 йилда Триест шаҳрида бўлиб ўтган фантастик фильмлар биринчи фестивалида бош совринлардан бири – «Кумуш елкан»ни қўлга киритганидан сўнг, унга бўлган муносабат ўзгарди. Мухлислар эса бу ажойиб киноасарга бир кўришдаёқ меҳр қўйишди. Намойишнинг биринчи чорагидаёқ фильм томошабинлари сони 67 миллиондан ошди.

Рус тилидан

Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.