Қуёш материяни энергияга айлантиради

  • 08:08
  • 01,08-2020
  • 95
  • Улашинг

Биз серқуёш заминда яшаймиз. Йилнинг тўрт фаслида қуёш тафтидан баҳрамандмиз. Бу борада қуёш ҳақидаги билимларимизни қуйидаги маълумотлар билан янада бойитиш зарар қилмайди. 

Қуёш бизга энг яқин юлдуздир. Унинг юзи Ер юзи каби қаттиқ ва мустаҳкам эмас. Бунинг исботи оддий: Қуёш юзининг ҳарорати 6000°С ни ташкил этади. Бундай ҳароратда ҳар қандай металл ва тош ҳам газга айланади. Шу боис Қуёшни газ шари, дейиш мумкин. Аслида у 75 фоиз водород гази ва 25 фоиз гелийдан ташкил топган. Қуёш материяни энергияга айлантиради. Бу водороднинг гелийга айланиш термоядровий реакциялари асосида вужудга келади.

Қуёшдан келадиган нурнинг катта қисми атмосфера қобиғида тутилиб, қолган қисми Ер сиртига етиб келади. Бу нурлар “оқ нурлар” деб юритилади. Улар призма орқали кузатилганда, етти хил рангга ажралиши, бундан ташқари, ультрабинафша, инфрақизил нурлар ҳам борлиги маълум.

Қуёш одатда рангли ва кўринмас нурли тўлқинларни тарқатади. Инфрақизил ва ультрабинафша нурлар кўринмас саналади. Уларни инсон кўзи илғамайди, лекин кўринмас нурлар инсон организмига кўпроқ таъсир кўрсатади. Масалан: инфрақизил нурлар танада қон айланиши яхшиланишига хизмат қилади. Ўз навбатида, организмдаги барча ҳаётий жараённи фаоллаштиради, кайфиятни кўтаради, тетиклик ва қувват бағишлайди.  

Ультрабинафша нурлар эса Қуёш нурлари спекторининг атиги 5 фоизини ташкил этади. Лекин бу кўрсаткич ортиб кетса, инсон ҳаётига хавф солиши мумкин. Аслида ультрабинафша нурлар иммун тизими меъёрида ишлашини таъминлайди, касалликларга сабаб бўлувчи бактерияларга қарши курашади, тананинг эндокрин тизимини яхшилайди.

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА тайёрлади.