Автомашинани олиб қочди ва инсон ўлимига сабабчи бўлди

  • 16:08
  • 01,08-2020
  • 107
  • Улашинг

Жорий йилнинг 31 июль, айни Ҳайит куни Марғилон шаҳрида содир бўлган бир жиноят кўпчиликнинг дилини хира қилди.

Шу куни фуқаро С.О. шаҳарнинг Марғилоний кўчасида эшиклари беркитилмасдан, калити билан қаровсиз қолдирилган С.Р.га тегишли “ВАЗ-2101” русумли  автомашинани олиб қочади.

Энг ёмони, у автомашина олиб қочиш жараёнида шошганидан иккинчи жиноятни ҳам содир қилди. Ўғирланган машинани шаҳарнинг Янгийўл кичик тор кўчасида бошқариб кетаётиб, қатнов қисмини пиёда кесиб ўтаётган вояга етмаган Р.А. ва  Т.А.ни уриб юборади. Оқибатда вояга етмаган шахслар тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган. Афсуски, шифохонада кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай Р.А. вафот этди.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати берган хабарга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Postda” мухбири. 

Фарғона вилояти.