Инновация соҳасида ишончли ҳамкорлик

  • 01:11
  • 23,11-2019
  • 1310
  • Улашинг

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. ХХР Жамоат хавфсизлиги вазирлиги Моддий-техника ва молия бошқармаси бошлиғи Сун Вэй бошчилигидаги делегацияни Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рустам Хатамов қабул қилди.

Дўстона мулоқот руҳида ўтган учрашувда полковник Рустам Хатамов меҳмонларни Ўзбекистонга ташриф билан самимий қутлаб, икки мамлакат ўртасида тобора ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқаларига тўхталиб ўтди.

Мулоқот жараёнида таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик алоқалари ўзаро дўстлик ва икки томонлама манфаатли тамо­йиллар асосида ривожланмоқда.

Бу муносабатлар жорий йилнинг апрель ойида Пекинда бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» форуми доирасида икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги учрашувдан сўнг янги босқичга кўтарилган эди.

Сўнгги икки йил давомида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг 260 нафардан ошиқ ҳамда Хитой Халқ Республикаси ЖХВнинг 120 нафарга яқин ходимлари терроризм, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши ва эксперт-суриштирув фаолияти билан боғлиқ йўналишда тажриба алмашиш мақсадида малака оширганлиги бунга далолат бўла олади.

Мамлакатларимизнинг уюшган жиноятчилик ва гиёҳвандлик воситаларининг халқаро миқёсдаги ноқонуний савдосига чек қўйиш масаласига нисбатан муносабати ҳам кўп томонлама бир-бирига мувофиқ келади.

Жаноб Сун Вэй мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликнинг муҳим бўғини сифатида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳамда ХХР ЖХВ бу жараёнда янада яқин алоқалар боғлаши заруратини кўрсатиб ўтди. Янги келишувлар эса бу ҳамкорликнинг янги саҳифаларини очишига ишонч билдирди.

Учрашувда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатларимизда аҳолининг тинч турмуш кечиришига масъул бўлган икки вазирлик ўртасида терроризм ва уюшган жиноятчилик, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг миқёсдаги алоқалар жадал ривожланмоқда.

Жаноб Сун Вэй ХХР ЖХВ томонидан асосий эътибор фаолиятга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга қаратилишини таъкидлади. Ўзбекистонда ҳам ички ишлар органлари тизимида ахборот технологиялари салмоғини ошириш бўйича кенг кўламда амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолашини ва бу борада тажриба алмашишга тайёр эканликларини билдирди. Шунингдек, келгуси йили Пекинда ХХР ЖХВ ташаббуси билан бўлиб ўтадиган жамоат хавфсизлигини таъминлашда қўлланиладиган техника ва воситалар кўргазмасига таклиф этди.

 

Санжар ҚУРБОНМУРОТОВ.

«Postda» мухбири.

Содиқ ҲАКИМОВ олган сурат.