Оила институти – олий тарбия мактаби

  • 12:09
  • 07,09-2019
  • 2892
  • Улашинг

– Афсуски, хасталик бутун танага ёйилган, қўлимиздан келган барча ёрдамни қилдик. Аёлингиз дори-дармонлар билан яна олти ой яшаши мумкин...

Шифокорнинг бу гапи унинг аёлига ўқилган ҳукмдай янгради. Эшик олдида эса қайнота-қайнона жавдираб, куёвига бир сўзни айтмоққа чоғланишарди.

– Ўғлим, қизимизнинг пешонасида шу дард бор экан. Агар ижозат берсанг, уни уйга олиб кетамиз.

Бу сўзларни эшитиб, эрнинг қалби ларзага келди.

– Йўқ, – дея ҳайқирди у, – менга бахтли кунларни ҳадя этган фарзандларимнинг онаси олти ой эмас, олтмиш йил шу хасталик билан курашиб яшайди, дейишса ҳам, ундан ажралмайман. Хаста ҳолида бўлса ҳам, оиламиз бағрида бир кун бўлиши учун бор-йўғимдан кечишга тайёрман!..

Тўғриси, юқоридаги воқеани эшитганда оилани муқаддас билиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам аҳли аёлига меҳр-муҳаббат кўрсатишга қодир матонатли эркаклар борлигидан қувонасиз, арзимас сабабларни баҳона қилиб ажрашиб кетаётган эр-хотинлар кўз олдингиздан ўтади. Ўтмишда ота-боболаримиз бунёд қилган, не-не бўрону довуллар буза олмаган оила аталмиш муқаддас қўрғонни бугун айрим инсонлар туфайли арзимас елвизак ҳам пароканда қилишга қодир. Хўш, бунга сабаб нима? Нега айрим ёшлар турмуш қурганига бир ой ҳам бўлмай, «Биз бир-биримизга тўғри келмадик» дея осонгина ажрим йўлини танлаяпти? Ёки 3–4 нафар фарзандли оталар 20 йилдан кейин бошқасига «кўнгил» қўйиб, барча мажбуриятларию бурчини унутиб, оиласини ташлаб кетмоқда? Алпомишлару Жалолиддин Мангубердиларни дунёга келтирган ўзбек онаси, уларга мардлик, жасорат, эр йигитнинг зийнати бўлмиш орият туйғуларини сингдирган ўзбек оталари камайиб бораётгандек гўё.

Бугун тинмасдан телевидение, радио ва матбуотда оилаларни мус­таҳкамлаш, соғлом муҳитни яратиш, нотинч оилалардаги муаммоларга бефарқ бўлмаслик тўғрисида гапирилиб, амалий ишлар олиб борилаётганига қарамай, фарзандларининг бошини қовуштириб, уларга панд-насиҳат қилиб, тўғри йўлга бошлаш ўрнига, «Ота-онангиз тўйда уни қилмади, буни олиб келмади» дея келинига маломатлар ёғдириб, ўз фарзандининг оиласи тинчлигини бузаётган қайноналар ҳам йўқ эмас. Ёхуд оила тизгинини қўлдан бой бериб, аёлини, синглисини, қизини пул топиш мақсадида хорижда ишлашга мажбур қилган ва ўзи уйда бола боқиб ўтирган эркак­ларнинг борлиги иснод эмасми? Ёки топармон-тутармон оилани қўлдан бермаслик учун бойлик илинжида ҳали 16 ёшга тўлмаган қизини турмушга бераётган нафсига қул ота-­оналар борлигини инкор қилолмаймиз. Қачон бундай оналарнинг ақли киради-ю, мудроқ босган оталарнинг ори уйғонади?

Кўпинча бой магнатлар, маблағ эгалари ҳақида гап кетганда, энг аввал, ғарб давлатларини тилга оламиз. Аммо бугун нега илғор тараққиётга эга ғарбнинг маънавий жиҳатдан тобора тубанлик ботқоғига ботиб кетаётганидан тўғри хулоса чиқармаймиз? Бунинг жавоби донишмандлар таъкидлаганидек, миллатлар шарафини юқори мартабага кўтарадиган нарса миллионлар ила саналадиган аскарлару дунёда энг буюк ва зўр бўлган кемалар эмас, балки энг оз эътибор берадиганимиз ё бўлмаса, ҳеч бир замон эътибор бермасдан қоладиганимиз – оиладир. Оила низомсиз бўлса, унинг ёмон оқибати бутун миллатга таъсир этади ва шу сабаб фазилат ерига разолат, тараққиёт ўрнига тубанлик негиз қуради… Агар бир миллатга бундай ҳол рўбарў келса, у миллат китобининг сўнгги варағи очилади…

Шундай экан, жамиятимизнинг бир бўғини ҳисобланган оила буюк давлатимизнинг келажаги эканини унутмаслигимиз даркор.

Жамиятдаги ҳар қандай қусур ва камчиликларнинг илдизини аксар ҳолларда оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитдан излаш нечоғлик ўзини оқлагани каби, кучли, барқарор ва фаровон давлат негизини ҳам, аввало, мустаҳкам оилалар ташкил этиши бугун вақт ва замон чиғириғидан ўтган улкан ҳақиқатдир. Шарқда, мусулмон мамлакатларида азалдан оила муқаддас даргоҳ саналган. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, юртда тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Зеро, оила фаровонлиги миллий фаровонлик асосидир. Шунинг учун оиланинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва аҳамиятига қадим замонлардан бери давлатлар қонунчилигида алоҳида эътибор берилади. Хусусан, Бош қомусимизда ҳам «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга» деб белгилаб қўйилган. Ўзбек халқи тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму ҳаё, меҳру оқибат, меҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар, энг олдин оилада шаклланишини кўрамиз.

Президентимиз миллий ва маънавий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда, оила институтини ривожлантириш, бу соҳада йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган бўшлиқ ва муаммолар ечими юзасидан тегишли давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари олдига долзарб вазифаларни қўяётгани ҳам бежиз эмас.

Кўплаб ижтимоий оғриқларга сабаб бўлувчи эрта никоҳнинг жамиятимизда кузатилаётгани ва унинг аянчли оқибатлари, ҳар йили ажрашишлар сони ошиб бораётгани, аёллар жиноятчилиги, вояга етмаганлар назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарлиги кўп учраётгани, афсуски, айни ҳақиқатдир. Бундай нохуш манзараларнинг олдини олиш учун, албатта, оилалар билан ишлаш тизимига ҳаётий механизмларни жорий қилиш замон талабига айланди. Бу жиҳатдан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ҳам қабул қилингани бежиз эмас.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: мазкур Концепцияни қабул қилиш зарурати нима сабабдан, қандай омиллар туфайли кун тартибига чиқди? Бу ҳужжатга бугунги кунда қай даражада эҳтиёж бор? Оила институтини мустаҳкамлашда унинг ўрни ва роли қандай?

Биринчидан, ҳозирги вақтда дунё­да кечаётган глобаллашув жараёнларининг салбий таъсири оилаларни ҳам четлаб ўтмаяпти. Ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланаётгани, ахборот маконида интеграциялашув кучайиб, жаҳон тараққиётида янгича анъаналар ва қарашлар урф бўлаётган бир пайтда, жамиятнинг қон томири бўлган оила институтини ривожлантириш масаласи ниҳоятда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Иккинчидан, очиқ тан олиш керак, кейинги вақтларда оила билан боғлиқ талай муаммолар, хусусан, ажрашиш­лар, мамлакатимизда эрта ва қариндошлар ўртасидаги ҳамда норасмий никоҳлар, оилавий низолар, аёллар жиноятчилиги, вояга етмаганлар назоратсизлиги ҳамда ҳуқуқбузарлиги каби жамиятимиз учун мутлақо ёт бўлган иллатлар камаймаяпти.

Учинчидан, чигаллашиб кетган оилавий масалалар чуқур ўрганилиб, атрофлича тадқиқ қилинганида, оилалар билан ҳар қайси дахлдор ташкилот ўзича иш олиб бориши ва фақат ўз объекти тизимини қамраб олгани, бошқа ташкилотлар билан ахборот алмашинуви ҳамда ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмагани, тарқоқ ҳолдаги фаолият кутилган натижаларни бермасдан, аксинча, муаммо устига муаммо туғдириши маълум бўлди.

Концепция оила институтини мус­таҳкамлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш; замонавий оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш; демографик ривожланишни рағбатлантириш, оила фаровонлиги даражасини ошириш; оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш; оилаларга таъсирчан методик, консультатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш каби йўналишларни ўз ичига олган.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йил 2 февралда қабул қилинган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида устувор йўналишлар ва муҳим вазифалар белгилаб берилди. Уларни амалиётда татбиқ этишга қаратилган 6 та бўлим ва 56 та банддан иборат «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури» тасдиқланиб, ижрога йўналтирилди. Ушбу дастурнинг 6 та бандида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази асосий ижрочи, 31 та бандида эса ёрдамчи ижрочи этиб белгиланган.

Шундай экан, миллий ва маънавий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда оила институтини ривожлантириш, глобаллашув жараёнида ахборотлашган оилани жамиятнинг асосий бўғини сифатида муҳофаза қилиш, фақат соғлом оилагина соғлом жамият устуни бўлиши тўғрисидаги тушунчани аҳоли онгига сингдириш, умуман, бу соҳада йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган бўшлиқ ва муаммолар ечими юзасидан долзарб вазифаларни бажаришга қаратилган самарали давлат сиёсатини олиб бориш марказимиз фаолиятининг устувор йўналишлари бўлиб қолаверади.

 

Гўзалой МАТЁҚУБОВА,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг ахборот-таҳрир ва методик таъминлаш сектори мудири.