«Хавфсиз пойтахт» концепцияси: тажриба ва натижа

  • 20:05
  • 20,05-2020
  • 430
  • Улашинг

Сир эмаски, катта шаҳарларда урбанизация натижасида аҳоли сони шиддат билан ўсиб бормоқда. Шаҳар инфратузилмасининг мукаммаллашуви унда яшовчи аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва техноген муҳитни бошқариш учун замонавий ёндашувни ўз ичига олган бутунлай янги тизим яратилишини талаб этади. Ушбу тизим шаҳар инфратузилмасининг барча нуқталарини доимий назорат қилиш, унда юз берадиган воқеаларни кузатиб туриш ва вужудга келган фавқулодда вазиятларни тезкорлик билан бартараф этиш имкониятига эга бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва «2017—2021 йилларда Ўзбекистон Рес­публикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури»да мамлакатимизда рақамли технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари белгиланган.

Хусусан, 2020–2021 йилларда Тошкент шаҳрида синов тариқасида «Электрон соғлиқни сақлаш» йўналишида «Ягона электрон тиббий карта», «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона», «Электрон рецепт», «Лаборатория», таълим йўналишида «Болалар боғчаси», «Электрон кундалик», «Олимпиада», «Масофавий таълим», коммунал соҳасида табиий газ, электр энергияси, иссиқлик энергияси автоматлаштирилган тизимларини интеграция қилиш орқали «Менинг уйим» ахборот тизими яратиш ва жорий этиш, шунингдек, қурилиш, транспорт, хавфсиз туризм, экология йўналишларида ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда Ўзбекис­тонда «Ақлли шаҳар» инновацион технологияларини жорий этишнинг бошланғич босқичи сифатида «Хавфсиз пойтахт», «Ақлли транспорт», «Ақлли тиббиёт» каби йўналишларда синов лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Хўш, «Хавфсиз пойтахт» лойи­ҳаси ўзи нима? Унинг мақсади нимадан иборат?

Маълумки, Президентимизнинг «Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳа бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази этиб қайта ташкил этилди.

Унинг асосий вазифаларидан бири этиб, «Хавфсиз пойтахт» ягона аппарат-дастурий комплексини яратиш, унда ички ишлар органлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимлари, видеокузатув тизимлари, ҳуқуқбузарликларнинг қайд этилиши, объектлар қўриқланишини, эҳтимол тутилган хавф-хатарлар тўғрисида барвақт хабардор қилиш ва уларга эътибор қаратиш интеллектуал таҳлил ускуналари, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўйича бошқа ахборот тизимлари, навбатчи-диспетчерлик марказлари ҳамда маълумотларга ишлов берувчи марказларнинг интеграциялашуви назарда тутилди.

Дарҳақиқат, «Хавфсиз пойтахт» аппарат-дастурий комплекси атрофда жамоат хавфсизлиги, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси учун тизимли ёндашувни таъминлайдиган Ўзбекистон шаҳарларида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва инвестициявий қулай муҳитни яратиш учун муҳим элементлардан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда «Хавфсиз пойтахт» ягона аппарат-дастурий комплекси ички ишлар органлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимлари ҳамда «Электрон ҳукумат» тизимларига интеграция қилиниши шарти билан яратилди. Ушбу лойиҳани дастлаб синов тариқасида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида амалга ошириш ва ва кейинчалик уни бутун республика ҳудуди бўйича жорий этиш реажалаштирилди.

«Хавфсиз пойтахт» аппарат-дас­турий комплекси тизими нималардан иборат?

Жамоат хавфсизлиги, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш доирасида давлат ва хусусий секторни қўриқлаш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, тақсимловчи электр подстанцияларини назорат қилиш, «Ақлли автотураргоҳ», «112 хизмати» ҳамда «Геоахборот тизими», «Хавфсиз туризм», Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишларини махсус автоматлаштирилган техник фото ва видеофиксация воситалари ёрдамида қайд қилиш тизими «Хавфсиз пойтахт» аппарат-дастурий комплексининг ажралмас қисмлари ҳисобланади.

«Хавфсиз пойтахт» аппарат-дас­турий комплексининг тўлақонли ишлаши учун қандай ишлар амалга оширилди?

Тошкент шаҳрида «Хавфсиз пойтахт» интеграцияланган тизимини яратишга чет эл инвесторлари жалб этилди. Хусусан, Хитойнинг «HUAWEI» ва Германиянинг «ATLAS International» компаниялари билан инвестиция шартномалари тузилди. Бугунги кунда кузатув камералари, боди-камера қурилмалари ва интеллектуал видеоплатформа етказиб берилди.

2019 йил 25 декабрдан мобил комплекс қурилмалари босқичма-босқич ишга туширилиб, тизим ёрдамида жами 98 584 та қоидабузарлик аниқланди ҳамда 92 640 та­ ҳолат юзасидан 42 460,3 млрд. сўмлик маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Ижтимоий объектларга ўрнатилган интеллектуал видеокузатув тизими узоқ масофада жойлашган ижтимоий объектларда жисм ёки шахсни ҳарорати бўйича идентификациялаш, тақиқланган ҳудудни кесиб ўтиш (электрон девор), белгиланган ҳудудда тақиқланган буюмларни қолдириб кетиш, шахсни идентификациялаш, қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш, геоахборот тизими орқали қидирувда бўлган шахслар йўналишини аниқлаш каби техник имкониятларга эга.

Бугунги кунда Хитойнинг «Leon Technology Co. Ltd», «Hikvision» ҳамда Германиянинг «SIEMENS» компаниялари билан фото-видео қайд қилиш қурилмалари, кузатув камералари, радар қурилмалари, замонавий светофор чироқларини ўрнатиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

«Хавфсиз пойтахт» аппарат-дас­турий комплекси тўлиқ ишлаши учун кадрлар салоҳияти етарлими?

Тизим самарадорлигини ошириш бўйича «Хавфсиз пойтахт» маркази томонидан тизимнинг барча техник имкониятларини ички ишлар бўлинмаларининг шахсий таркибига етказиш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва уларни қисқа муддатда фош этиш, тезкорликни ошириш, куч ва воситаларини тўғри тақсимлаш мақсадида ўқув қўлланма ишлаб чиқилиб, индивидуал тарзда ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.

Қолаверса, инвестиция шартномалари доирасида кириб келаётган янги дастур ва ускуналар билан ишлаш учун инвесторлар томонидан мутахассисларни ўқитиш масаласи шартнома предметига киритилган.

Шу ўринда, «Хавфсиз пойтахт» лойиҳаси чет эл давлатларида қанчалик ривож­ланган, деган саволга жавоб олиш учун рақамли технологияларнинг ривожланганлиги бўйича олдинги ўринда бўлган давлатлардан бири ҳисобланган Хитой тажрибасига назар ташлашимиз мумкин. Хитойда ушбу лойиҳа 2005 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда. Бугунги кунга келиб, ушбу давлатда 200 миллион кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, 2020 йилнинг охиригача яна 400 миллионга яқин камераларни ўрнатиш режалаштирилмоқда. Юқорида қайд этилган «Hikvision» компанияси Хитойнинг ички бозорини кузатув камералари билан таъминловчи етакчи компаниялардан ҳисобланади. Хусусан, 2016 йили ушбу компания ички бозорга 55 миллион, 2019 йилда 90 миллион кузатув камераларини етказиб берган. Хитойда кузатув камералари деярли барча жойларда, хусусан, катта магистраллар, йўловчи ўтиш жойлари, гипермаркетлар, ҳар қандай ижтимоий объектлар, аэропорт ва туристик жойларда ўрнатилган. Автомобиль йўлларида, чорраҳаларда кўп миқдорда кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, улар нафақат йўл ҳаракатидаги қоидабузарликларни аниқлайди, балки парковка, кўчада ноқонуний савдо қилиш каби ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ҳам катта ёрдам беради. Энг асосийси, бу ҳаракатлар инсон (ходим) иштирокисиз амалга оширилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, «Хавфсиз пойтахт» аппарат-дастурий комплекси шаҳар хавфсизлигини таъминлашда куч ва воситаларни тўғри тақсимлаш, жамоат тартибини сақлашда вужуд­га келадиган нохуш вазиятларда тезкорлик билан жавоб қайтариш, қолаверса, маҳаллий бюджетни иқтисод қилиш, турмуш даражасининг барқарор яхшиланишини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини юритиш ва «рақамли иқтисодиёт»ни ривожлантириш учун қулай муҳит яратишга омил бўлиб хизмат қилади.

 

Сахипжамал Джолдасова,

майор.