Коррупциясиз соҳа: муаммо ва ечимлар

  • 20:05
  • 13,05-2020
  • 710
  • Улашинг

XX асрнинг бошида коррупция дунё ҳамжамиятига йилига 80 млрд. АҚШ доллари миқдорида зарар келтирган бўлса, 2016 йилда дунёда яратилаётган ялпи ички маҳсулотнинг 2,0 фоизини пора ташкил этган. Бу қарийб 1,5–2,0 трлн. АҚШ доллари дегани. БМТ Бош котиби Антониу Гуттеришнинг 2019 йилги Иқтисодий форумда сўзлаган нутқида бу кўрсаткич 2,6 трлн. АҚШ долларига етгани таъкидланиб, барча давлатлар раҳбарлари ушбу глобал офат билан муросасиз курашишга чақирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга оширишнинг дастлабки босқичида қурилиш ва таълим соҳалари танланди.

Маълумки, жорий йилнинг 11 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида коррупция­га қарши курашишнинг янги тизимини жорий этишга бағишланган йиғилиш ўтказилган эди. Йиғилиш талабларидан келиб чиққан ҳолда, Ички ишлар органлари тизимида коррупцияга қарши курашишни янада такомиллаштириш бўйича 2020 йилга мўлжалланган «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

«Йўл харитаси»да ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, бу жараёнда коррупциянинг салбий драйверлари ҳисобланган ҳуқуқий нигилизм ва ҳуқуқий саводсизликка чек қўйиш асосий мақсад саналади. Шунингдек, ходимларда «манфаатлар тўқнашуви»га қарши самарали иммунитетни ва коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакл­лантириш ҳамда ҳар бир ходимда «Коррупция – мен ва менинг оиламга ҳамда менинг карьерамга қарши!» тамо­йилига асос­ланган тушунчани англатиш имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборат устувор йўналишлар белгиланган. Шунингдек, унда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун талаблари асосида коррупция хавф-хатарини аниқлаш бўйича тадқиқотлар ўтказишга устуворлик берилган.

Кадрлар сиёсатининг тўғри йўлга қўйилиши, хизматга қабул қилиш борасидаги фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш тизимни коррупциясиз соҳага айлантиришда ғоят муҳим саналади. Айниқса, бўш лавозимларни жамлаш ва кадрлар захирасини, биринчи навбатда, ҳалоллиги, ўз касбий фазилатлари, ахлоқий сифатлари, хулқ-атвори ва маданият даражаси билан намуна бўлган истиқболли бош­қарув таркибини шакллантиришнинг таъсирчан механизмини жорий этиш мақсадга мувофиқ. ИИВ веб-сайтида «Кадрлар сиёсати» рукни ташкил этилади ва унда жойлаштирилиши мажбурий бўлган ахборотлар рўйхати шакллантириладики, бундай чоралар тизимда коррупцияни жиловлашга хизмат қилади.

Ички ишлар органларида коррупциянинг олдини олишда амалдаги мураббийлар институтининг фаол ишлашини йўлга қўйиш катта аҳамиятга эга. Шу боис мураббийлар мутахассислик бўйича камида беш йил хизмат қилган, юксак касбий фазилатларга, хизматда самарали кўрсаткичларга ва тарбиявий йўналишда ибратли кўникмаларга эга бўлган энг тажрибали, ҳалол ходимлар орасидан танлаб олиниши зарур.

Ходимларнинг хизмат, жисмоний ва ахлоқий-психологик тайёргарлигини сифат жиҳатдан янги тамойиллар асосида ташкил этиш тартибини танқидий қайта кўриб чиқиб, ходимларга амалга ошираётган фаолиятида натижадорликка ҳамда юклатилган вазифаларни самарали бажаришга интилишни сингдириш, уларда амалий иш кўникмаларини шакллантириш ва хизмат бурчига ташаббускорлик билан муносабатда бўлишини тарбиялаш муҳимлиги инобатга олиниб, «Йўл харитаси»га кўра, фаолиятда коррупциянинг олдини олишга қаратилган деонтологик талаблар тизими ишлаб чиқилмоқда. Бу барча бўғиндаги раҳбарларни ўз бўйсунувидаги ходимларнинг хатти-ҳаракатлари учун шахсий жавобгарлигини оширади.

Бундан буён ички ишлар органларида коррупцияга қарши курашишда ўзини ўзи баҳолаш рейтинги жорий этилади. Бу восита ИИВ соҳавий хизматлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари самарадорлигини таъминлайди. Ходимларнинг хизмат, жисмоний ва ахлоқий-психологик тайёргарлигини сифат жиҳатдан қонунийлик, шаффофлик ва ошкоралик тамойиллари асосида ташкил этишга эришилади. Уларнинг хизматини рейтинг тизими асосида баҳолашга ўтиш ва бунда амалий натижадорлик асосида ўз хизмат вазифаларини виждонан бажараётган ходимларнинг хизматда кўтарилишини таъминловчи кадрлар захирасини шакллантиришда холисликни, уларни ўқитиш ва хизматидан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш замон талабидир. Шунинг­дек, коррупция тусидаги жиноятларни рўйхатга олишнинг электрон тизимини жорий қилиш (рақамлаштириш) ҳар бир ҳудудда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фаолияти самарадорлигини оширади. Бунга, албатта, ходимлар хизматини қатъий назорат қилиш ва тарбиявий жараённи таъминлаш соҳасида мувофиқлаштириш, таҳлилий ва услубий ишларни кучайтириш орқали эришилишини барча бўғиндаги раҳбарлар қатламига сингдириш тақозо этилади.

Ички ишлар органлари раҳбарлар таркибида ротациядан фойдаланиш коэффициентини ошириш ҳам тизимни коррупциядан ҳоли соҳага айлантиради. Ички ишлар органлари раҳбар таркибининг ротацияси, қоида тариқасида, тенг мавқели лавозимга, эгаллаб турган лавозимида белгиланган муддат ишлаганидан сўнг амалга оширилишини амалда таъминлашни йўлга қўйиш зарурки, ротация неопотизм (таниш-билишчилик)ка чек қўяди.

Маълумки, Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» деган янги ғояни илгари сурди. Ушбу ғоя талаблари асосида ички ишлар органларини коррупциядан холи соҳага айлантиришда таъсирчан воситалардан бири – жамоатчилик назорати тизимлари такомиллаштирилади. Энди тизимда коррупцияга қарши ички назорат тизими, яъни ички ишлар органлари тузилмаларида ички коррупцияга қарши чораларни ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи «комплаенс назорат» тизими жорий этилади ва фаолияти кучайтирилади. Шунингдек, коррупция ҳолатларини аниқлашга ёрдам кўрсатувчи «Холис фуқаро» тизими жорий этилиши ҳам соҳа ходимлари фаолияти софлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

ЭСДАН ЧИҚАРМАНГ! Ўз шахсий манфаатлари «қули»га айланган, уларни давлат ва жамият манфаатларидан юқори қўйган ходим, шубҳасиз, коррупциянинг осон «ўлжаси»га айланади. Маънавий дунёси чегараланган одамлар эртами-кечми, ахлоқий тубанликка юз тутади. Айнан шундай муҳит коррупциянинг юзага келишига сабаб бўлиши ҳеч кимга сир эмас.

Мавлоно Жалолиддин Румий таъкидлаганларидек: «Тимсоҳ оғзини очади, тишлари атрофида узун-
узун қуртлар бор. Қушлар бу ризқни кўриб, у тобутни ўтлоқ деб ўйлайдилар. Оғзи қушларга тўлиши билан тимсоҳ шартта уни ёпади... Бу оламни ўша тимсоҳнинг оғзи деб бил. Ҳайвонлардаки юзлаб ҳийлалар бор экан, ҳайвонлардан устун бўлганларда қандай ҳийлалар бўлишини тасаввур қил». Донишманднинг ушбу сўзларини ҳеч қачон унутмайлик!

Шариф ҚОБИЛОВ,

ИИВ Академияси доценти, полковник.