Оила институти – олий тарбия мактаби

  • 15:04
  • 28,04-2020
  • 1086
  • Улашинг

Маълумки, таълим-тарбия ишлари ҳар қандай жамиятда миллат, давлат тараққиётининг муҳим омили ҳисобланган. Тарбия ишларига эътибор бермаган жамият, миллат, оила оқибатда маънавий қашшоқлашиб боравериши ҳаётда ўз тасдиғини топган ҳақиқатдир.

Мустақил Ватанимиз келажаги кўп жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялашга боғлиқ. Мана шундай долзарб вазифани амалга ошириш учун аждодларимизнинг меросини таълим-тарбияга оид тарихий бой тажрибаларини ўрганиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга.

 Тарбия масалалари барча давр учун бирдек аҳамиятга эга бўлган масала бўлиб, аждодларимиз ўз асарларида оилада фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратганликларига гувоҳ бўламиз.

Оила – жамиятнинг бош бўғини. Инсонда илк маънавиятни шакллантирадиган ҳаёт мактаби. Чунки оилада наслимиз давомчилари бўлган фарзанд аталмиш бебаҳо неъмат улғаяди, шаклланади ва камол топади. Инсон тарбиясига оилада асос солинади. Фарзандларимиз шаклланишида лозим бўлган барча инсоний фазилатларни тарбияловчи илм даргоҳи ҳам айнан оиладир.

Ҳар бир ота-она ифтихор билан: “Биринчи фарзандим туғилган кун – менинг биринчи педагогик иш куним” дейишга тайёр туриши керак. Аввало, бу ҳар биримизнинг конституциявий бурчимиз.

Бош Қомусимизнинг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар, деган мажбуриятимиз бор. Бундан ташқари, фарзандининг тарбияси билан қизиқмаган, етарлича ғамхўрлик кўрсатмаган ота-оналарга Маъмурий жавобгарлик ҳам кўзда тутилган.

Оилавий тарбия масаласида хатоликка йўл қўймаслик учун оиладаги маънавий муҳит муҳим аҳамият касб этади. Бу муҳит ота-она, бобо ва момолар, қайнона ва келин, ака ва укалар, опа ва сингиллар, ҳатто қариндош-уруғларнинг бир-бирига бўлган муомаласида ўз аксини топади. Агар оила вакиллари ўз вазифаларини тўлиқ адо этмаса, оилада ўзаро ҳурмат, тартиб-интизом бўлмаса, бир-бирига нисбатан эзгулик ва меҳр оқибатлилик билан яшамаса, бундай оилада тинчлик ҳам бўлмайди. Тинчлик бўлмаган жойда барака бўлмайди, барака йўқ жойда ночорлик ҳукм сураверади.

Шу ўринда ҳар қанча аччиқ бўлмасин, очиқ айтиш керак, тадқиқотларимизнинг кўрсатишича, кейинги пайтларда халқимизга хос бўлмаган айрим иллатлар — оилавий ажрашишлар, турли низоли вазиятлар, ишсизлик, оиладаги носоғлом муҳит, маънавий тушкунлик, эҳтиёжмандлик, жиноятга қўл уриш ҳолатлари каби омиллар нотинч, ноқобил, кемтик оилалар ва қатор ижтимоий-маънавий муаммоларни пайдо қилмоқда. 

Мутахассислар ота-онанинг фарзанд ахлоқидаги салбий ўзгаришлар, унинг феъл-атвори, таълим-тарбиясига эътиборсиз бўлиши бола келажаги учун жиддий хавф туғдирувчи асосий омил эканини таъкидлайди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, жиноятга қўл ураётган болалар, асосан, нотинч ва носоғлом оилаларда вояга етмоқда. Оиладаги бундай муҳитга мослашган ёки моддий таъминотга муҳтож бола бошқалар билан кўп жанжаллашади, ўғрилик, безорилик каби жиноятларга қўл уради. Жиноятга қўл ураётган аёл ва эркакнинг деярли етмиш фоиз ҳолатларида эса унинг оиласи йўқлиги аниқланган...

Оила институтини мустаҳкамлаш ва жамиятда умуминсоний қадриятларни шакллантиришда шарқнинг буюк алломалари Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний каби кўплаб олиму мутафаккирларимиз билан фахрлансак арзийди. Буюк аждодларимиз фақат оиладагина шаклланиши ва ривожланиши мумкин бўлган сифатлар –ҳалоллик, поклик, мардлик, меҳрибонлик ҳақгўйлик каби қатор фазилатларни барча сифатлардан юқори қўйишлари билан бирга инсоний муносабатларда намоён бўладиган юксак фазилатлар, аввало, ота-онадан болага ўтиши ва уларнинг жамият тараққиётига ижобий таъсири каби қимматли фикрлар ва бу борадаги амалий кўрсатмаларни ўз фалсафий-ахлоқий, социологик ва психологик қарашларида ифодалаб берганлар.

Зардуштийликнинг муқаддас китоби – “Авесто”да кўрсатилишича, оилада ота етакчи бўлгани маъқул.  Абу Али ибн Синонинг “Тадбири манзил” асарида оилавий муносабатларнинг турли томонларини ёритар экан, авваламбор, оила бошлиғи олдига қатор талабларни қўяди. Оила бошлиғи ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан оилада тарбия масалаларини мукаммал ўзлаштирмоғи лозим. Агар оила бошлиғи тажрибасиз бўлса, у ўз оила аъзоларини яхши тарбиялай олмайди, ёмон тарбия нафақат ушбу оиланинг, балки жамият ҳаётига соя солиши шубҳасиздир.

Ғарб оилаларида бола тарбияси учун фақат ота-она жавоб беради. Яъни, қўни-қўшнилар болани тўғри йўлга солиш, зарур бўлганда койишдан ўзини сақлайди, унинг тарбиясига аралашмайди. Халқимизда эса “Бир болага етти қўшни ота-она” нақлида бола тарбияси учун барча масъуллиги чуқур ифодалаб берилган.

Ниятимиз, ҳар бир оила маънавий соғлом, бахтли ва хотиржам ҳаёт кечирсин. Оила бағрида улғаяётган фарзандлар комил инсон сифатида вояга етиб, давлатимизнинг кучига куч, қудратига қудрат қўшаверсин. Зеро, оила жамиятнинг асосий бўғини экан, унинг мустаҳкам бўлиши, фаровонлиги давлатимиз ва жамиятимиз равнақига хизмат қилиши, шубҳасиздир.

Элёржон САМИНОВ,

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази

бош мутахассиси.