Аждодлар жасорати – мангу барҳаёт

  • 23:04
  • 25,04-2020
  • 1132
  • Улашинг

Тарихга назар ташласак, юрт озодлиги, халқ фаровонлиги, авлодлар келажаги йўлида бемисл жасорат кўрсатган кўплаб ватанпарвар аждодларимиз яшаб ўтганлигини кўриш мумкин. Хусусан, Иккинчи жаҳон урушида халқимизнинг мард ўғлонлари душман билан мардонавор курашиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшдилар.

Ҳамюртларимиз урушнинг илк жангларидаёқ мисли кўрилмаган жасорат кўрсатишган. Масалан, собиқ иттифоқнинг чегара ҳудудида жойлашган Брест қалъаси мудофаасида қатнашган элликдан ортиқ миллат вакиллари орасида ватандошларимиз Дониёр Абдуллаев, Бобохалил Кашанов, Аҳмад Алиев, Нурим Сиддиқов, Узоқ Ўтаевлар ҳам бор эди. Улар сафдошлари билан елкама-елка туриб, душманнинг катта кучига қарши қарийб бир ой мобайнида охирги нафаси қолгунича жанг қилдилар.

Шунингдек, Москва шаҳрини фашист босқинчиларидан ҳимоя қилиш учун 1941 йилнинг 30 сентябридан 5 декабригача давом этган жангларда ҳам ўзбек ўғлонлари муносиб иштирок этди. 316-ўқчи дивизиядаги 180дан ортиқ ватандошларимиз мудофаа жангларида ўзига хос жасорат кўрсатиб, ҳарбий ҳаракатлар пайтида душманнинг минглаб аскарларини, 114 та танки, 5 та самолёти ва бошқа кўплаб техникаларини йўқ қилди. Эътиборлиси, ушбу жангларда ўзбек халқининг довюрак қизлари ҳам мардонавор жанг олиб бордилар. Айниқса, улар орасида Зебо Ғаниеванинг жасоратини алоҳида таъкидлаш лозим. У мудофаа ҳаракатлари давомида 28 нафар душманни ер тишлатди. Моҳир мерган ана шундай маҳорати учун «Қизил Байроқ» ордени билан мукофотланган. Шу билан бирга, Москва шаҳрини мудофаа қилишда кўрсатган жасорати учун ҳамюртларимиздан 1753 нафари «Москва мудофааси учун» махсус медали билан тақдирланган.

Ўзбекистонлик жангчилар бошқа кўплаб жангларда ҳам унутилмас қаҳрамонлик намуналарини кўрсатишди. Партизан отряди разведкачиси, қўрқмас жангчи Мамадали Топиволдиевнинг номи бутун Белоруссияда машҳур бўлди. У фашист газандаларининг 67 нафар зобит ва аскарини йўқ қилишга эришди. Шу билан бирга, 180 душманни асирга олди. Белоруссиянинг Писарева қишлоғи халқимизнинг жасур ўғлони номига «Тополдиевка» деб аталиши ҳам ватандошимиз жасоратига берилган юксак эҳтиромдир.

Ўзбекнинг яна бир жасур ўғлони Қўчқор Турдиевнинг Жанубий-ғарбий фронтдаги қаҳрамонликлари тилларда достон бўлиб, бутун фронт бўйлаб ёйилган эди. У 1941 йилнинг 25 октябрида сафдошлари билан биргаликда аввалига разведкага, кейин эса, душманларни асир олишга юборилади. Отишма пайтида барча сафдошлари ҳалок бўлгач, Қ.Турдиевнинг ўзи душманнинг 9 аскарини ер тишлатиб, 3 тасини асир олишга муваффақ бўлади. Ушбу жасорати учун юртдошимиз ўзбекистонлик жангчилар орасида биринчи бўлиб «Қаҳрамон» унвонига сазовор бўлди.

Ўзига хос ибрат намунасига айланган юртдошларимиз уруш йилларида дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўз жасоратлари билан инсоният бошига тушган балони бартараф этишга улкан ҳисса қўшдилар. 1944 йилнинг 25 май куни 28 нафар ўзбекистонлик легиончилар Югославияда ҳаракат қилаётган болгар аскарлари батальонидаги жангларда иштирок этишди. Улар орасида тошкентлик Зиямат Ҳусановнинг жасорати ибратга лойиқ. Чунки 1941 йили Смоленск шаҳрида ярадор бўлган ўзбек ўғлони тезда соғайиб, сафга қайтади ва 1943 йилнинг 5 июлида 228-ўқчи полки сафида қаҳрамонларча жанг қилиб, яна оғир яраланади. Ҳатто қуролдошлари уни ҳалок бўлди деб, уйига бу ҳақда хабар ҳам жўнатишади. Аммо у тирик қолиб, душманга асир тушади. Бироқ уни кейинроқ «Туркистон легиони»га киритиб юборишади. Лекин З.Ҳусанов ўз сафдошлари билан душманлардан қочишга муваффақ бўлиб, Приеполе шаҳрида фашистларга қарши жанг қилиб, уларга қақшатқич зарбалар беради ва ўзи ҳам оғир яраланади. Италиядаги ҳарбий касалхонада даволаниб, тўрт марта операцияни бошидан кечиради. Шундан сўнг соғайгач, ўз юртига қайтиб келади.

Иккинчи жаҳон урушида мамлакатимиз аҳолисининг 22 фоизи жангларда қатнашди. Агар ўша пайтда юртимиз аҳолисининг ярмини аёллар, болалар ва кексалар ташкил этганини ҳисобга олсак, унда меҳнатга яроқли бўлган аҳолининг 40–42 фоизи фронтда жанг қилгани маълум бўлади.

1938–1945 йилларда Ўзбекистондан фронтга тахминан 1,5 миллион киши жалб қилинган. Жанггоҳларда ҳалок бўлган юртдошларимиз сони эса тахминан 284000 га яқин. Урушда бедарак кетганлар 186628 нафарни ташкил этади. 433000 га яқин киши меҳнат фронти иштирокчисига айланган.

Аждодларимизнинг юксак жасорати ва матонати – мангу барҳаёт. Уларнинг сўнмас хотираларини ёдга олиш эса барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Зеро, бу бугунги ёш авлод қалбига ана шундай жасорат намуналарини сингдириш юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида фидойилик кўрсатишга қодир ёшларни камол топтиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Асроржон САТТОРОВ,

капитан.

Михли САФАРОВ,

«Postda» мухбири.