Мотуридий таълимоти – бебаҳо мерос

  • 21:04
  • 17,04-2020
  • 1082
  • Улашинг

Дунё тамаддунининг тамал тошини қўйган буюк мутафаккирларимизнинг адабий, маънавий-маърифий ва маданий мероси шунчалик бемислки, уларни бирон-бир мезон билан ўлчаб бўлмайди. Фиқҳ олими, калом илмининг мотуридийлик оқими асосчиси Абу Мансур Мотуридий ана шундай бебаҳо мерос қолдирган беназир аждодларимиздан биридир.

 Даҳонинг туғилиши

Ўтмишда ўтган аксар алломаларимиз каби, тўлиқ номи Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий бўлган буюк тафаккур соҳибининг таваллуд санаси маълум эмас. Қизиғи шундаки, ислом оламида таълимоти кенг тарқалган, калом мактабларидан бирига асос солган олимнинг ҳаёти ва фаолияти, хусусан, мотуридия таълимоти ҳақида ёзганларнинг бирортаси ҳам у зоти бобарокотнинг таваллуд санаси ёки қандай таҳсил олгани ва кимдан таъсирланганини тилга олмаган.

«Мотуридия» номли асарда келтирилишича, доктор Муҳаммад Айюб Али тахминига кўра, Мотуридий милодий 870 йилда таваллуд топган. Мазкур эҳтимолнинг сабаби унинг устози Муҳаммад ибн Мукотил ар-Розий вафоти санасига алоқадордир. Чунки у 880 йили вафот этган бўлиб, бу даврда Мотуридий 10 ёшдан кичик бўлиши эҳтимолдан узоқдир.

Яна бир ажабланадиган жиҳат шундаки, Мотуридий туғилиб ўсган заминдан бир гуруҳ фозиллару олимлар етишиб чиққанлигини эътироф этган ўрта аср олимлари негадир илмга рағбати, динга кўрсатган кўмаги, ақидани ҳимоя қилишдаги улуғ ўрни ва қудратини кўрсатиб турадиган “тўғри йўл имоми”, “мутакаллимлар етакчиси” ва “суннийлар раиси” каби бир қанча нисбалар билан танилган мутафаккирни эътибордан тушириб қолдиришади. Бунга эса олим туғилган заминнинг Ислом ўлкаларининг турли нуқталаридан кўплаб илм аҳли тўпланадиган халифалик марказларидан узоқ бўлганлиги, Мотуридийнинг ислом оламидаги илмий марказлар ҳисобланган Макка, Мадина, Бағдод ва Дамашқ каби шаҳарларга бормаганлиги ва у ердаги алломалар билан учрашиб улар билан музокаралар олиб бормаганлиги кабилар сабаб бўлган.

Нафсиламрини айтганда, Мотуридий Самарқанднинг Мотурид қишлоғи (ҳозирги Жомбой тумани)да таваллуд топиб, то умрининг охиригача шу ерда яшаган. У дастлабки таълимни шу қишлоқда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда давом эттиради. Маҳаллий ҳанафий фақиҳлардан таълим олган, ёшлик чоғлариданоқ кучли салоҳият эгаси бўлган Мотуридийга Абу Бакр Аҳмад ал-Жузжоний, Абу Наср Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ал-Иёзий, Нусайр ибн Яҳё ал-Балхий, Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розийлар устозлик қилишади.

Кейинчалик ўзи ҳам фиқҳ ва калом илмларидан дарс бериб, Абу Аҳмад ал-Иёзий, Абулҳасан Али ибн Саййид ар-Рустуғфаний, Абу Бакр ас-Самарқандий, Макҳул ан-Насафий, Абулмуъин ан-Насафий каби шогирдлар етиштирди.

Калом илмининг султони

Эътироф этиш жоизки, юртимиз мустақилликка эришгач, Мотуридий каби ўзининг сермаҳсул ижоди билан ислом динининг турли соҳаларига бағишлаб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган алломаларимизнинг ҳаётлари ва бой илмий меросларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш энг долзарб масалалардан бирига айланди. Зеро, бундай саъй-ҳаракатлар жамиятимиз учун ҳар томонлама муҳим бўлган маънавий комил инсонларни тарбиялаш, қолаверса, уларда соғлом диний тафаккурни шакллантиришда ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир.

Фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, ҳанафий мазҳаби олимларидан дарс олиб ўз билимини оширган, кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлиб мунозаралар қилган  Мотуридийдан бизга бой мерос қолган. Унинг қаламига мансуб “Китоб ат-Тавҳид”, “Китоб ал-Мақомат”, “Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб”, “Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни”, “Қуръон таъвили китоби” кабилар шулар жумласидандир. Шунингдек, олимнинг “Шариат асослари”, “Китоб ал-жадал”, “Диалектика ҳақида китоб” каби асарлари ҳам бўлган. Булардан ташқари, Мотуридийнинг ислом ҳуқуқшунослигига оид “Усул китоби” асари ҳам маълум.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган “Таъвилот аҳли сунна” ёки бошқа бир номи “Таъвилот ал-Қуръон” деб номланган асарида Мотуридий сунний ақидага (таъвилда) зид қарашларни рад қилишга ҳаракат қилади ва Имом Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган ҳолда иш кўради. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, мазкур китоб тарих жараёнида кўп алломалар асарларига асос солган, улар ижодига туртки бўлган.

Ўз қарашлари, илмий кузатишлари ва донишмандона фикрлари ҳамда улар ўз мужассамини топган асарлари билан диний илмлар намояндалари орасида анча машҳур бўлган  Мотуридий кўплаб шогирдлар етиштирди ва улар ўз устозларининг таълимотини давом эттиришлари натижасида мотуридия таълимоти вужудга келган.

 “Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми” деб улуғланган Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади.

Жаҳолатга қарши маърифат  билан

Мотуридия ақидаси Қуръон, ҳадис ва ақл-идрок, мантиқ ва ҳақиқатга яқин экани билан бошқа таълимотлардан ажралиб туради. Абу Мансур Мотуридий ўз таълимоти билан боғлиқ аксарият фикрларини “Китоб ат-Тавҳид” асарида баён этган. Хусусан, ўзга тоифадаги фирқаларга қарши шундай сўзларни айтади: “Улар тафаккур ва тадқиқ билан қарасалар эди, Аллоҳ таоло ҳам бандаларини тафаккур ва тадқиқот, ибрат ва тажриба билан иш қилишга буюрганини тушунар эдилар, ибрат ва тафаккур эса илм манбаларидан биридир”.

Бу таълимот муътазилийлар каби, фақат ақлга суяниш эмас, балки нақлдан ҳам қўшиб фойдаланишни зарур деб билади. Ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, ўша даврларда жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган. Мотуридий шунга чек қўяди ва бу ўлкада ягона ақида тизимни  ўрнатади. У барча ақидалар орасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида исботлаб беради. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинади.

Мутакаллим ислом илоҳиётидаги қазо ва қадар (яъни, инсон тақдири) ҳақида ҳам мулоҳазаларини баён этган. У инсонда танлаш эркинлиги бор деган иборани қўллаган. Яъни, инсон қандай ишни лозим топса, ўшани бажариши керак. Аллома инсон қандай йўлни танлаши ўз ихтиёрида эканига алоҳида урғу беради. Бу эса ҳозирги демократиянинг асосини ташкил этади.

Ислом динини мотуридия таълимотисиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, глобаллашув жараёнлари кучайган ҳозирги шароитда Имом Мотуридийнинг бундан бир неча асрлар олдин айтган фикрлари, муқаддас динимиз софлигини асраш бўйича илгари сурган қарашлари муҳим аҳамиятга эга. Бу борада мотуридия таълимотининг ўрни беқиёслиги, илмий-маънавий бой мероси давлат ва жамият тараққиёти,  инсонийлик тамойилларига асослангани қатор хорижий ва маҳаллий олимлар томонидан ҳам эътироф этилаётгани қувонарли, албатта.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Мотуридий ҳикматларида соғлом эътиқод, теран фикр, тўғри талқин ислом таълимотини тушунишда катта омил саналади. Зеро, диннинг вазифаси тўғри йўлга мулойимлик ва насиҳат ила чақириш, қоқилганнинг ўрнидан туришига кўмаклашишдир.

 Жаҳолатга қарши маърифат воситасида курашган буюк донишманд Абу Мансур Мотуридий илмий мероси, ул зот асос солган диний таълимот – мотуридия мактабининг аҳамияти шундаки, унда илгари сурилган ғоялар ислом динининг моҳиятини тўғрилик, эзгулик, инсонийлик деб биладиган жамики мўмин-мусулмонларнинг қарашлари ва интилишлари билан ҳамоҳанг эди.

Хулоса ўрнида

Мухтасар қилиб айтганда, Абу Мансур Мотуридий меросини чуқур ўрганиш буюк мутафаккирнинг муқаддас динимиз мусаффолигини ҳимоя қилиш йўлидаги кураши, мусулмон одоб-ахлоқ қоидаларини, жумладан, мўътадиллик, кечиримлилик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тушуниб яшашга интилишдек олижаноб фазилатларни асраб-авайлаш демакдир. Энг муҳими, Президентимиз таъкидлаганидек, “...бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрини англаб етади”.

Темур ҚУРБОН,

«Postda» мухбири