Янги Ўзбекистон: жадал тараққиёт истиқболлари

  • 21:04
  • 10,04-2020
  • 1513
  • Улашинг

Инсон учун Ватандан азиз муқаддас замин йўқ дунёда. Киши унинг қадрини ўзга юртларда тўлақонли ҳис этади, дейишади. Аслида, ўз юртига меҳр қўйиб, унинг тупроғини кўзга суртиб, суви ва ҳавосидан баҳра олиб, бетакрор табиатига маҳлиё бўлиб, ободлигидан фахрга тўлиб яшаган инсонгина бахтлидир. Инчунун, барчамиз учун Ўзбекистон – муқаддас диёр.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган дастурий ғояга асосланган ҳолда сўнгги уч йилда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида ўзгараётган, янгиланаётган Ўзбекистоннинг дунёдаги ўрни ва мавқеи тобора мустаҳкамланиб, халқнинг турмуш даражаси яхшиланиб, давлатга ҳамда эртанги кунга бўлган ишончи тобора ортиб бормоқда.

Албатта, ҳар қандай натижа ўз-ўзидан қўлга киритилмайди. Бундай ижобий ўзгаришларга, аввало, Президентимизнинг сиёсий иродаси ва жасорати, қолаверса, ҳар томонлама пухта ўйланган ва халқ манфаатига хизмат қиладиган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши ҳамда заҳматкаш халқимизнинг машаққатли меҳнати туфайли эришилмоқда.

Бугун Ўзбекистон мутлақо янгича қиёфа касб этиб бораётир. Ҳар жабҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, кўр-кўрона ва шошма-шошарлик билан эмас, балки ҳар томонлама ўйланиб, чуқур таҳлил қилинган ҳолда қарорлар қабул қилинмоқда. Бундай узоқни кўзлаб қилинган қарорларда аниқ мақсадларга босқичма-босқич ва қадамба-қадам эришиш назарда тутилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган янгиланишлар халқимиз ҳаёти ва дунёқарашини ўзгартирди, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборини оширган, имижини шакллантирган ислоҳотлар қилинди. Аввало, чегарадош давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатлари йўлга қўйилди, яқин қардошлик ришталари тикланди. Бунинг натижасида яқин қариндош, қудаю қудағай бўлиб кетган халқларимизнинг мушкули осон бўлиб, кўплаб муаммолар барҳам топди. Неча йиллардан буён ҳал этилмай келинаётган масалалар ҳам конструктив мулоқот йўли билан бирма-бир ўз ечимини топмоқда.

Айниқса, иқтисодий ислоҳотлар, туризмнинг ривожланиши, солиқ ислоҳотлари, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиши, банк-молия ислоҳотлари каби изчил саъй-ҳаракатларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Ривожланган давлатлар амалиёти шуни кўрсатадики, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш нафақат аҳоли фаровонлигини оширишга, балки мамлакатда ялпи ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишига, ресурслар бандлигининг, аҳолининг иш билан таъминланганлиги даражасининг ортишида муҳим ўрин тутади.

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, бу соҳа вакилларига қулай имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиш, хусусий ташаббусни рағбатлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини вужудга келтириш борасида олиб борилган кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар натижасида тадбиркорлик иқтисодиётнинг локомотиви, давлат ва жамиятнинг иқтисодий таянчи сифатида қарор топмоқда.

Тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва бу соҳа учун янги шароитлар яратишга барча имкониятларимизни сафарбар этяпмиз. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошлаётган оилаларга кредитлар ажратилди.

Янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки камайтирилди. Натижада расмий секторда ишлаётганлар сони кўпайди.

Юртимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар, инсон манфаатларини таъминлашга йўналтирилган ислоҳотлар дунё миқёсида ҳам юқори баҳоланиб, халқаро ҳамжамиятнинг муносиб эътирофига сазовор бўлмоқда. Хусусан, дунёдаги нуфузли нашрлардан бири – “Экономист” журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат – “Йил мамлакати” деб эътироф этди.

Маълумки, заиф ва ёрдамга муҳтож кишиларга меҳр-мурувват кўрсатиш, уларни моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш халқимиз турмуш тарзидаги қадимий анъана, азалий миллий қадрият саналади. Бу тамойил миллий давлатчилик тажрибасида ҳам ўз ифодасини топган.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Ижтимоий соҳани ривожлантириш” деб номланган тўртинчи йўналиши аҳоли бандлигини ошириш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг саломатлигини сақлаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш, аҳолини электр энергияси, табиий газ билан таъминлашни яхшилаш, аҳолининг муҳтож қатламларига кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам сифатини ошириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мақомини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, мактабгача таълим, умумтаълим, ўрта махсус ва олий таълим сифатини яхшилаш ҳамда уларни ривожлантириш чора-тадбирларини амалга оширишни назарда тутади.

Арзон уй-жойлар барпо этиш республикамизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишларнинг инсонпарварлигини кўрсатиб турибди. Зотан, бу биринчи галда аҳолининг уй-жойга ўта муҳтож қатламининг манфаатларини ўйлаган ҳолда йўлга қўйилди.

Сўнгги пайтда аҳоли даромадлари ва фаровонлиги даражаси ҳамда тузилмасида чуқур сифат ўзгаришлари рўй бермоқда. Жумладан, ҳукумат ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш масалаларига эътиборни янада кучайтирди. Натижада халқимизнинг реал даромадлари ошиб, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар миқдори кўпайди.

Йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш йўналишига ҳам жиддий эътибор бериляпти.

Сергели туманини шаҳарнинг асосий қисми билан боғлашга хизмат қилиши мўлжалланган ерусти метро линиясининг қурилаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Метрога параллел равишда Сергелини метронинг “Олмазор” бекати билан боғлайдиган автомобиль йўли ҳам қурилади. Шунингдек, Сергелини бир томони Катта ҳалқа йўлига боғлайдиган, иккинчи томони Бектемир тарафга йўналган янги магистраль йўлга улайдиган йўл қурилиши ҳам жадаллик билан давом эттирилмоқда.

Жамиятнинг демократия йўлида жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқ. Шу маънода мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш йўлида ҳам муайян ишлар амалга оширилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, инсоннинг ҳуқуқий маданияти, аввало, оилада шаклланади, таълим жараёнида сайқаллашади, у мустақил ҳаётга қадам қўйганида эса янада такомиллашади. Бинобарин, шахснинг ҳуқуқий маданияти ривожланишида тор маънода оиланинг, маҳалланинг, таълим муассасаларининг, том маънода эса давлат ва жамиятнинг тутган ўрни, шак-шубҳасиз, каттадир.

Ҳар қандай мамлакатнинг келажаги ўша ерда униб улғаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама етук, билимли ва малакали кадрлар бўлиб етишишига боғлиқ. Зеро, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлидаги эзгу ниятларни рўёбга чиқаришда маънан етук, ўз ишининг мутахассиси бўлган кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқори. Шу сабабли шахсан Президентимиз ташаббуси билан барча соҳа ва тармоқлар бўйича малакали кадрлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Чуқур ўйланган ва кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида нафақат пойтахтимиз – Тошкент шаҳрида, балки вилоятлар марказларида ҳам янги олий таълим даргоҳлари барпо этилди. Ҳаёт тақозосига кўра муҳим йўналишлар ва устувор соҳалар бўйича янги олий мактаб, институт, университет ва академиялар фаолияти йўлга қўйилди. Биргина ўтган йили мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги 4 та Президент мактаби, 3 та Ижод мактаби иш бошлади. Олий таълимни ривожлантириш учун 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университетнинг филиаллари очилди. Етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинди.

Дарҳақиқат, юксак орзулар оғушида таҳсил олаётган, замонавий касб-ҳунар ва илм-маърифат сирларини ўрганаётган, ҳозирданоқ икки-уч тилда бемалол гаплаша оладиган минг-минглаб ўқувчилар, ўз истеъдоди ва салоҳиятини ёрқин намоён этаётган ёш кадрларимиз мисолида хайрли орзу-интилишларимиз бугуннинг ўзида ўз ҳосилини бераётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Ўтган йили “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловлар натижасида республикамизда демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқиш учун зарур бўлган янги сиёсий муҳит вужудга келди. Сайловлар очиқ-ойдин, халқаро стандартлар асосида ўтказилишини назорат қилиш учун 50 га яқин давлатдан ва 10 та халқаро ташкилотдан 825 нафар кузатувчи иштирок этди.

Ислоҳотлар самараси ўлароқ, барча жабҳаларда, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларида, маънавий ҳаётимизда туб ўзгаришлар юз берди. Биз жонажон Ватанимиз, унинг кўп асрлик тарихи, буюк аждодларимизнинг бой мероси ва халқимизнинг янгиланиш, тараққиёт йўлида эришаётган ютуқларга бўлган муҳаббатимиз нақадар чексиз эканлигини ҳар қачонгидан-да чуқур ифтихор билан ҳис этамиз: тарихан қисқа даврда эришилган мисли кўрилмаган ютуқлар ўзига хос миллий давлатчилик шакллантирилгани, иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши таъминланаётгани, фуқароларимизнинг турмуш даражаси, фаровонлиги узлуксиз ошиб бораётгани, шаҳар-қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгараёт­гани билан фахрланамиз. Ягона ва жипслашган жамиятда тинч-осойишта, тотув яшаётганлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз кўплаб мамлакатлар, халқлар учун намуна бўлаётганидан кўнглимиз фахр-ифтихорга тўлади.

Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган ислоҳотлар одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ҳис этишига, давлат органларининг халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилишини янги босқичга кўтарилишига хизмат қилмоқда.

Юртбошимиз Олий Мажлисга мурожаатида 2020 йил ва кейинги йилларда иқтисодиёт соҳасида амалга ошириш зарур бўлган дастурий ва мақсадли вазифаларни белгилаб бериб, “Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик: биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. Биз – ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли буюк халқмиз.

Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир халқмиз”, деб алоҳида таъкидладилар.

Дарҳақиқат, бугун бутун башариятга жиддий таҳдид солган коронавирус пандемиясига қарши курашишда халқимиз якдиллиги ҳар нарсадан устундир. Зотан, Президентимиз таъбири билан айтганда, қандай қийинчилик ва машаққатлар бўлмасин, барчасини мардона енгиб ўтишга тайёрмиз, бундай эзгу ишларда бизга Яратганнинг ўзи, буюк аждодларимизнинг пок руҳлари мададкор бўлади.

 

Азизжон ФАЙЗИЕВ,
майор.