Амир Темурнинг ҳарбий санъати

  • 20:04
  • 03,04-2020
  • 1596
  • Улашинг

Жаҳон тарихида машҳур давлат арбоблари ва ҳарбий саркардалар кўп ўтган. Аммо уларнинг олд рўйхатида ҳақли равишда соҳибқирон Амир Темур бобомиз туради.

Амир Темур ўз даврининг машҳур баҳодирларидан қиличбозлик, найзабозлик, гурзи ўйнатиш ва мерганлик кабиларни чуқур ўрганди. Натижада моҳир чавандоз, мард ва жасур жангчи бўлиб етишди. Соҳибқирон ҳаётнинг оғир синовларидан ўтди. Пўлатдек чархланди, сиёсат ва ҳарб соҳасида катта тажриба орттирди. Бу тажрибалар 1370 йил ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг салтанатни адолат билан бошқаришда янада асқатди. «Куч адолатда» шиорини давлат бошқарувига асос қилиб олди. Адолат тантанаси учун кураш унинг олий мақсади бўлди.

Амир Темур салтанат пойтахти Самарқандда фаолиятини бошлар экан, тоғдек муаммолар – сиёсий-иқтисодий, маданий соҳаларда ўз ечимини кутарди. Мамлакат ичида айрим бек ва амирлар Темурбекни ағдариб, тахтни эгаллаш пайида эди. Бу ҳар қандай темир иродали ҳукмдорни ҳам руҳий тушкунликка тушириши мумкин. Бироқ Амир Темур ҳукмдор сифатида муаммоларнинг барчасига ечим топди: адолатни ўзига эш билган ҳукмдорни халқ қўллади.

Бу жиҳатдан исломий ахлоқ ва маънавият булоғидан баҳраманд бўлиб ўсган, даврнинг энг буюк инсони Мир Саид Баракани ўзига пири комил устоз тутди ва буюк зафарларни шу улуғ зот номи билан боғлади, ҳурмат-иззатини ўрнига қўйди.

Амир Темур салтанат хавфсизлиги ва эл-улус тинчлигини сақлашнинг асосий гарови, қудратли ва енгилмас қўшин тузиш эканлигини чуқур англар эди. Чунки мамлакатнинг мағрибу машриқ, шимолу жанубида турли салтанатлар ёш Амир Темур давлатини йўқ қилиш каби ғаразли мақсадларини амалга оширишга қасд қилаётган эди. Айниқса, шимоли шарқ томондан мўғуллар кетма-кет ҳужумлар уюштира бошлади. Шимоли-ғарбдан эса ғоят қудратли Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон босқинчилик ҳаракатларини кучайтирарди.

Амир Темур ташқи ғанимларнинг бирлашишига йўл қўймасдан, дипломатик устамонликни ишга солган ҳолда, вақтдан ютиб, уларни алоҳида-алоҳида енгиб, жаҳонда йирик салтанатни вужудга келтиришни ўзига мақсад қилиб қўяди. Буни амалга ошириш учун буюк саркардалик истеъдоду салоҳиятини ишга солишни тақозо қиларди. Бу мураккабликка ечим топишга киришар экан, даставвал, ҳарбий ислоҳот ўтказади. Ўзидан олдин ўтган буюк саркардаларнинг ҳарбий санъатдаги маҳоратлари билан атрофлича танишиб чиқади.

Ўтмишдаги буюк саркардаларнинг ҳарбу зарб санъатини ўрганган Амир Темур улар билан чекланиб қолмасдан, ҳар қандай ҳужумкор салтанатларнинг таҳдидлари-ю, ҳужумларини барбод қиладиган ўзига хос мудофаа тизимини яратишни ҳам мақсад қилади. Натижада унинг даҳолик ва саркардалик салоҳияти жаҳонда енгилмас қўшин тузишда ўзини намоён этди. 1365 йилнинг баҳорида мўғул хони Илёсхўжа билан Чиноз яқинида рўй берган жангда Амир Темурнинг биринчи ва охирги мағлубияти унга катта сабоқ бўлди.

Амир Темур бу қуршовдан катта жасорат эвазига, аммо кўп йўқотишлар билан чиқишга эришди. Ана шу мағлубият аламини кейинчалик ҳеч қачон тотмайдиган, музаффар байроғи ҳилпираб, ғалабани доимо катта тантаналар билан нишонлайдиган бўлди. Бундай ғалабалар ёр бўладиган қўшин ижодкори ҳам, унинг тактик ва стратегик назариётчиси ҳам соҳибқирон Амир Темурнинг тарихий аҳамиятга молик хизмати ва истеъдоди туфайли эди. Енгилмас қўшинни барпо қилишнинг сир-синоатларини билмоқ учун соҳибқироннинг ғалабалар калити бўлган «Темур тузуклари»га мурожаат қиламизки, унинг асл мазмун-моҳиятини англамасдан бу музаффар саркарданинг истеъдоду ҳарбий санъатдаги бемисл назариясини ҳам тушуниб етиш амримаҳолдир.

Ҳозирги кун тили билан айтганда, Темур тузуклар қўшинни бошқаришнинг тартиб-қоидаларини ўзида мужассамлаштирган ҳарбий низоми, дейиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки жангу жадалларда баҳодирлик намуналарини кўрсатган оддий аскарни тарбиялаб юқори мансабларга кўтариш ҳам адолат асосида амалга оширилган. Давлат олдидаги хизматларига қараб қуйидан юқорига кўтаришда адолат тамойилига қатъий амал қилинган. Таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, пора билан юқори поғонага кўтарилиш тўғрисида умуман фикр юритиш мумкин эмасди.

Амир Темурнинг ушбу сўзи қонун даражасида амалда эди: «Менинг мамлакатимда ким садоқат билан хизмат қилиб, мукофотга лойиқ иш қилса, мукофотсиз, жазога лойиқ иш қилса, жазосиз қолмади».

Поранинг салтанат ҳудудидан давф этилиши тараққиётга чиқишнинг асосий омилларидан бири бўлди.

Жангда ўзини кўрсатганлар Амир Темур салтанатида бағоят эъзозланар эди. Соҳибқирон бу тўғрида «Темур тузуклари»да шундай ёзади: «Қайси бир сипоҳий (жангчи) жангда ўзини баҳодирона майлда намойиш этса, уни рағбатлантириб, унинг ҳақини адо қилсинлар».

Лашкарнинг бус-бутун қуролланиши, уруш ва тинч­лик даврдаги интизомлари қатъий назоратда бўлган. Душман кучларини разведка қилиш ва контрразведка фаолияти Амир Темур даврида ҳар томонлама мукаммал ҳолатда олиб борилди. Маълумотлар ҳар жиҳатдан пухта бўлиши асосий ўринга чиқарилди. Аскарлар билан бошлиқлар ўртасидаги муносабатлар қатъий интизом, шунингдек, ҳурмат асосига қурилган.

Ҳушёрлик, огоҳлик ва ҳар қандай шароит, вазиятларда ғанимлар, мамлакатлар хатти-ҳаракатларидан хабардор бўлиб туриш мақсадида аниқ тадбирларни амалга ошириб бориш соҳибқирон учун муҳим аҳамиятга эга эди: «Амр қилдимки, ҳар ерда, вилояту шаҳар ва лашкар ўрдусида кундалик воқеаларни ёзиб, хабарларни ўз вақтида етказиб турувчи хабарнависларни тайин қилсинларки, ҳокимлар, раият, сипоҳ ўз лашкари ва ёт лашкарнинг хатти-ҳаракати ҳақида мени хабардор қилсин.

Агар ёлғон хабарни туҳмат ёки ғараз билан ёзган бўлса, уни қатл этсинлар ва яна амр этдимки, ушбу хабарларни кунма-кун, ҳафтама-ҳафта, ойма-ой менинг арзимга етказиб турсинлар.

Амр қилдимки, менга тез­юрар туя минган, мингта от минган елиб-югурувчи кишини чопқунчи, минг нафар тезюрар пиёдани чопар этиб тайинласинларки, турли мамлакатлар, сарҳадларнинг хабарларини, қўшни ҳукмдорларнинг мақсадлари ва ниятларини билиб, ҳузуримга келиб, хабар қилсинлар, токи бирон воқеа, кор-ҳол юз бермасидан бурун унинг чораси ва иложи қидирилсин».

Амир Темур қўшинни жанг­га сафлашдан тортиб ғанимни мағлубиятга учратишга қадар бўлган жараённинг мукаммал тарздаги ҳарбий санъат услубларини тинимсиз такомиллаштириб борди. Оқибат жаҳон ҳарбий санъатида чинакам ҳарб мактабини яратди. Бу лашкарни етти қўл жанголди сафга тезиш назарияси эди. Бу янгилик ўзини энг даҳшатли жангларда ҳам тўла оқлади: «Яъни, амр қилдимки, ўшал ўн икки минг отлиқ аскарни тўққиз қисмга бўлсинлар, ушбу тартибда бир фавж, баронғорда уч фавж, ҳировулда бир фавж ва қоровулда бир фавж турсин. Боронғорнинг ўзи ҳировул, чопавул ва шиқовулдан иборат бўлсин. Шунга ўхшаш, жавонғор ҳам ҳировул, чопавул ва шиқовул қисмлардан иборат бўлсин. Ва буюрдимки, амир ул-умаро уруш майдонини танлашда қуйидаги тўрт нарсани назарда тутсин.

Биринчиси – у ернинг сувга узоқ-яқинлиги.

Иккинчиси – аскар сақлайдиган ернинг хавфсизлиги.

Учинчиси – ғаним лашкари турган ердан тепароққа жойлашиши ва офтобга рўбарў бўлмаслиги, токи қуёш шуъласи сипоҳийлар кўзини қамаштирмасин.

Тўртинчиси – уруш майдонинг олди очиқ, кенг жой бўлиши лозим».

Шу тариқа энг даҳшатли салтанат қўшинларидан Тўхтамишхон, ҳиндларнинг  мустаҳкам зирҳ кийдирилган филлар билан қилинган ҳужумлари ва Ғарбий Европани ларзага келтирган Йилдирим Боязиднинг енгилмас, дея ном олган лашкарлари Амир Темурнинг даҳо ҳарбий санъати амалиётига бардош беролмай, парокандаликка юз тутган эди.

Ушбу ғалабалари боис Амир Темур ҳақли равишда жаҳоннинг энг буюк саркардаси шарафига муяссар бўлди, дунё ҳарбий тарихчилари соҳибқиронни ҳарбий саркардалар устози дея эътироф этди.

 

Жумабой РАҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти гуманитар-

ижтимоий фанлар кафедраси доценти.