Ёшлар тарбиясида маънавиятнинг ўрни

  • 22:03
  • 18,03-2020
  • 1074
  • Улашинг

Боланинг бегонаси бўлмайди

Истиқлол шундай бир улуғ неъмат эканки, у нафақат ўзлигимизни англатиб, маданият ва қадриятларимизни ўзимизга қайтарди, шунинг баробарида, юртимизда яшовчи турли миллатларни жипслаштирди, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкам боғлади. Эндиликда Бош қомусимизда белгилаб қўйилганидек, республикамизда истиқомат қилаётган ҳар бир миллат вакили учун ўқиса, ўз тилида мактаб бор, ишлаши учун истаганча шароитлар яратилган, диний эътиқоди қадрланиб, миллий марказлар фао­лияти йўлга қўйилган.

Тўю маъракаларимиз бир-бирларимизсиз ўтмайди. Байрамлар ва тадбирлар биргаликда нишонланади. Маҳаллаларда, кўп қаватли уйларда турли миллат вакиллари аҳил-иноқ яшашяпти. «Бир болага етти қўшни ота-она», мақолининг маъносини истаган миллат вакилидан сўрасангиз, ҳеч бир муболағасиз, жавобини тушунтиради, ўзлари ҳам фарзанд тарбия­сида унга амал қилишади. Ана шунинг учун ҳам юртимиз ёшлари ватанпарвар, ҳар ишда ташаб­бускор бўлишмоқда. Бу интилувчан авлодга яхшилаб назар солсангиз, улар турли миллатга мансублигини кўрасиз. Изланиб, интилишлари эса бир мақсадга қаратилган: юртни ободонлаштириш, фаровонликни таъминлаш ва эртага бугундан ҳам яхшироқ яшашга эришиш.

 

Энг катта бойлик

Ислоҳотлар ташаббускори Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2020 йилга «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили», деб ном беришни таклиф этиши замирида жуда катта маъно бор. Чунки энди фуқароларимиз кечаги кун билан яшамаяпти. Интилиш, изланиш ва ташаббуслар самараси юртдошларимизни ўрта ҳолдан олиб чиқиб, дунёга танитиш баробарида, энди унинг талабларига мослашиш остонасига яқинлаштирди. Ривож­ланган давлатлардан ортда қолмаслик учун эса, биринчи навбатда, билимларимизни янада мустаҳкамлаб, маънавиятимизни оширишимиз ҳамда замонавий технологияларни мукаммал ўзлаштиришимиз тақозо этилмоқда.

Тўғри, мақсадга эришишнинг ўзи бўлмайди. Аммо давлатимиз бунинг учун қанча маблағ зарур бўлса, аямаяпти. Хусусан, ёшлар таълим-тарбия­си ва уларнинг маънавиятини ошириш, компьютер технология­ларини мукаммал ўзлаштириб боришни боғча ёшидан бошлашни назарда тутиб, шу йилнинг ўзида бюджетдан 1,8 триллион сўм маблағ ажратмоқда.

Яна бир гап: бугунги кунда ёшлар тарбиясида маънавиятнинг аҳамияти нечоғли экани давлат даражасига кўтарилган. Айниқса, сўнгги йилларда бу жиҳатдан аниқ мақсадга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар асрларга татигуликдир. Масалан, юртимиз тарихида илк бора олти ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимининг жорий қилинаётгани ва бунинг учун давлат бюджетидан 130 миллиард сўм маблағ ажратилиши, бунинг ёрқин тасдиғидир. Бу каби имконият ва келажагимиз ворисларига кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг мазмун-моҳиятида, энг аввало, билимли ва маънавиятли ёшларни тарбиялаш мақсади мужассам.

Давлатимиз раҳбарининг мана бу ташаббуслари эса илмга, маънавиятга, касб-ҳунарга чанқоқ кўп миллатли халқимизнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларига биратўла барҳам берди: яъни жорий йилдан бошлаб, мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 та коллеж ҳамда 143 та техникум ташкил этиладиган бўлди.

Бундай мисолларни келтиришга асос бор. Донишмандлар таъкид­лаганидек, «Энг катта бойлик – ақл-заковат ва илмдир». Дарҳақиқат, давлатимизда юритилаётган одил сиёсат туфайли узил-кесил ўзлигимизга қайтиб, тараққиёт сари, уни ривожлантириб, маънавий бойитиб келажак авлодларга қолдириш учун интиляпмиз ва шу йўлда ҳар биримиз фарзандлар камолига эътибор қаратяпмиз.

 

Тарбияда танаффус бўлмас

Хотини ҳомиладор бўлган киши донишманддан «Фарзанд тарбиясини қачондан бошласам бўлади», деб сўраганда, донишманд:

– Фарзандингиз неча ёшда, – дебди. Ҳалиги киши она қорнида, олти ойлик бўлди, деса, демак, тарбия борасида олти ой кечикибсиз, деган экан. Бу мисол шундан далолатки, бола тарбиясида асрлар давомида тўпланган тажрибани халқимиздагидан бошқа бирор миллатда учратиш қийин.

Фарзандларни муносиб даражада камолга етказиш масаласи ҳар вақтдагидан кўра, бугун долзарб тус олган. Чунки айрим мамлакатларда содир этилаётган турли воқеа-ҳодисалар ҳар биримизни ҳушёрликка чорламоқда. Айниқса, тобора глобаллашиб бораётган дунё­ни маънавиятли ва маърифатли кишиларгина қутқариши мумкин экани бугун ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Давлатимиз томонидан шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилиб, ёшларимиз учун етарлича шароитлар яратиб бериляпти.

 

Оила – тарбия ўчоғи

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, «олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан», деган ёшлар учун неки зарур бўлса, ҳаммаси муҳайё этилмоқда. Имкониятлардан унумли фойдаланган ёшларимиз нафақат спорт ва бошқа соҳаларда ютуқларга эришяпти, балки чет элларга бориб таҳсил олмоқда, изланиб, тадбиркорлик билан шуғулланиб, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Кўриниб турибдики, бундай саъй-­ҳаракатларда оиладаги тарбия ва ҳукуматимизнинг бу жиҳатдан олиб бораётган сиёсати мужассам.

Оила – тарбиянинг асосий ўчоғи. Унда янги авлод дунёга келади. Дарахтнинг меваси ширин етилишини орзу қилган боғбондек ота-она ҳам фарзанди ақлли, меҳнатсевар, маънан ва жисмонан баркамол бўлиб улғайишини орзу қилади. Аммо бу ниятга эришишда айрим оилаларда муаммолар ҳам йўқ эмас. Зотан, Фитратнинг «Оила» асарида айтилганидек, «ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик-тотувлик шу миллат оилаларининг интизомига таянади. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли муаззам бўлади».

Бир сўз билан айтганда, юртимиз ҳар томонлама ривожланиш йўлини танлаган: бунёдкорликми, тадбиркорлик ёки инновацион ғояларни кенгайтиришу яратувчилик – буларнинг барчаси меҳнаткаш халқимизнинг қўли билан сайқал топмоқда. Шу жараёнда ёшлар тарбиясида ҳам ортда қолмасак, тарбияда ҳеч қачон танаффус бўлмайди. Бу ҳар биримизга, сизу бизнинг ўзимизга боғлиқ.

Абдусами ҲАҚБЕРДИЕВ,

«Postda» мухбири.