Жамият тараққиётининг асоси – маърифатдир

  • 10:08
  • 31,08-2019
  • 2313
  • Улашинг

Жаҳонда шундай бир буюк ҳодиса борки, у токи одамзотнинг онги, ҳаёти мавжуд экан, ҳеч қачон завол топмайди. Шунинг учун ҳам уни ўта ноёб ҳодиса, деб айтамиз. Бу – соғлом фикрлайдиган, эзгу орзу-умидлар билан яшайдиган инсон ва жамият томонидан ҳамма замонларда ҳам қадрланиб келган маърифатдир.

Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, бу борадаги чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мус­таҳкамлаш, ватанпарварлик ҳамда садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг ёрқин мисоли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 3 майдаги «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қароридир. Ушбу қарор маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш, маънавият соҳасидаги ички ва ташқи таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, жамиятда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, давлат, жамоат ташкилотларининг фаолиятига яқиндан кўмаклашиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Шу ўринда «маърифат» тушунчасига изоҳ берсак: у билиш, билим, маълумот, таниш, танишиш – кишиларнинг онги, билими, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбиядир. Шунингдек, у табиат, жамият ва инсон моҳияти ҳақидаги турли билимлар, маълумотлар мажмуасини ҳам билдиради. Бундан ташқари, маърифат илму ирфон маъносида ҳам ишлатилади. Маърифат тушунчаси маданият, Маънавият турлари билан ҳам боғлиқ. Маърифат маънавий қарамликни бартараф қилади, инсонга куч-қудрат ато этади. У кишиларни жаҳолатдан қутқаради, бузуқ ишлардан қайтаради, яхши хулқ ва одоб эгаси бўлишга ёрдам беради. Маърифатли кишиларни қамраб олган жамият равнақ топади, келажаги порлоқ бўлади.

«Маърифат» атамаси кенг маънода қўлланиб, жамиятнинг ишлаб чиқариш, ижтимоий-маънавий ҳаётида қўлга киритилган ютуқларни, муайян халқ ёки ижтимоий гуруҳнинг маълум даврда эришган натижаларидир.

Ижтимоий муносабатлардаги ҳар қандай ўзгариш маърифатга таъсир этади ва унда бу муносабатлар қандай натижаларга олиб келиши ўзига хос тарзда намоён бўлади. Шу боис маърифат нафақат ўтмиш ёки бугунги кун, балки келажакка нисбатан муносабатнинг ифодаси ҳамдир. Маърифат инсон фаолиятининг маҳсули, сифат кўрсаткичи. Инсониятнинг ўзи ҳам пировард натижада маърифат маҳсулидир. Маърифий муҳит қандай бўлса, инсон ҳам шундай шаклланади. Маърифатнинг ижодкори, энг аввало, халқ. Маърифатда аждодлар яратган моддий ва маънавий бойлик­лар жамланган. Уларни ўзлаштирмай, билмай туриб, маърифатли бўлиш мумкин эмас.

Буюк аждодларимиз Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Ҳаким Термизий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд каби алломалар беқиёс маърифати билан умуминсоний маданиятнинг ривожланишига улкан ҳисса қўшган. Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Улуғбек, Навоий ва Бобур маърифатни илм, амал, одоб билан ўзаро боғлиқ хислатлар деб ҳисоблаган. Уларнинг фикрига кўра, кишининг одоби, хулқи унинг маърифати, билимдонлиги билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, инсон қанчалик маърифатга эришса, унинг хулқи шунчалик яхши ва мукаммал бўлади.

Маърифатпарварлик инсониятнинг бир жамиятдан иккинчи жамиятга, бир тарихий даврдан бошқасига ўтишида муҳим аҳамият касб этади. Маърифатпарварлар одатда давр учун, жамиятнинг бугуни ва келажаги учун муҳим бўлган ғояларни кўтариб чиқади ҳамда шу ғояни амалга ошириш йўлида изчил кураш олиб боришади.

Мустақиллик йилларида миллий ғояни унинг асосий тушунчалари ва тамойиллари орқали шакллантириш борасида маънавий-маданий ҳаётнинг барча соҳаларида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Илм-фан, маданият ва санъат соҳасида илмий тадқиқот ишлари билан бир қаторда, истиқлол даври, унинг кенг имкониятлари, моҳиятини акс эттирадиган, давр ҳамда миллат қаҳрамони, унинг хусусиятларини кўрсатувчи асарлар яратилди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши зиёлиларга – илм-фан, адабиёт ва санъат намояндаларига эркин ижод қилиш, халқ руҳини чуқур ҳис этиш орқали юксак савияда асарлар ёзиш имконини берди. Мустақиллик даври маърифатпарварлигининг муҳим хусусияти шундаки, унда бунёдкорлик, эзгу ишлар, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, диний бағрикенг­лик тушунчалари нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам яхлит тарзда ўз ифодасини топмоқда.

Айтиш лозимки, мана шу йилларда ҳақиқий маърифатни тиклаш ва тараққий эттириш учун кенг имкониятлар яратилди. Бугунги кунда халқимиз ва ёшларимизнинг юксак маънавиятини янада ошириш, айниқса, баркамол авлодни маърифатли қилиб тарбиялаш олдимиздаги энг устувор вазифага айланди. Илм-фан, маориф, таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган қонунлар, қарорлар ва фармонлар ижросини таъминлаш мамлакатимизнинг мазкур йўналишда жаҳондаги илғор давлатлар сафига қўшилишига хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Респуб­ликасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида» фармонининг тўртинчи – ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишида қўйилган вазифалар ҳам айнан маърифатни янада юксалтиришга ва ривожлантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Жумладан, узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш йўлидаги ишлар, умумий ўрта таълим сифатининг тубдан оширилиши, чет тиллар, информатика, математика, физика, химия, биология каби бошқа муҳим ва талаб юқори бўлган предметларнинг чуқурлаштирилган тарзда ўрганилиши, янги таълим муассасалари қурилиши ва реконструкция қилиниши, уларнинг замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, ўқув-методик қўлланмалар билан таъминланиши, бундан ташқари, болаларнинг спорт билан оммавий тарзда шуғулланишга жалб қилиниши, уларни мусиқа ва санъат оламига олиб кириш мақсадида янги спорт объектлари, мусиқа ва санъат мактабларининг қурилганлиги мисолида кўришимиз мумкин.

Ҳар қандай давлатнинг эртанги куни бевосита ёшларга боғлиқ экан, биз ҳам ёшларимиз тарбияси ва маърифий билимларни эгаллашларига бефарқ қараб туролмаймиз. Шу боис бундай шарафли ва масъулиятли ишга барчамиз бел боғлашимиз, ёшларни ҳар тарафлама етук, маърифатли инсон қилиб тарбиялашимизни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бугунги глобаллашув даврида келажак авлодга янги техника-технологиялардан тўғри фойдаланиш йўлларини ўргатиш, кибермакондаги таҳдидлардан ҳимояланиш усулларини ёшлар шуурига сингдириш Ўзбекистон келажагини асраш демакдир.

Юқоридаги вазифаларнинг амалга оширилиши Президентимиз раислигида жорий йилнинг 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағиш­ланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус асосий дастуруламал бўлиб қолади. Мазкур бешта ташаббуснинг замирида халқимизни ва ёшларимизни маърифатли қилиш ётганлигини кўришимиз мумкин. Айниқса, фарзандларимизнинг таълим-тарбияси, бўш вақтларидан унумли фойдаланишларига замин яратиш, уларда китобхонлик маданиятини шакллантириш, спорт билан шуғулланишларига эътибор қаратиш масалаларига барчамиз бирдек масъул эканлигимизни англатади.

Шуҳрат ҲОТАМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Миллий гвардияси Ҳарбий-техника

институти доценти, подполковник.