Маънавият – тарбиянинг чуқур илдизи

  • 21:05
  • 02,05-2020
  • 1325
  • Улашинг

 Маънавият ҳақида оммавий ахборот воситаларида турли туман мақолалар, кўрсатувлар ва эшиттиришлар берилмоқда. Бу ҳақда мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан жуда кўп гапириляпти, кўп ёзиляпти. Чунки маънавият ижтимоий ҳаётимизнинг асосий масалаларидан бирига айланиб қолди. Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ бу масалага катта эътибор қаратилди.

Кишининг жамиятдаги ўрни унинг моддий бойликлари билан эмас, балки юксак маънавий қиёфаси билан белгиланади. Халқимиз маънаъвият ва маданият, таълим ва тарбияга оид бой меросга эга бўлиб, асрлар мобайнида ёш авлодга инсонпарварлик, ватанпарварлик, дўстлик, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат, биродарлик ва бағрикенглик каби умуминсоний фазилатларни ҳар томонлама чуқур сингдириб келган.

Инсон ва унинг маънавий камолоти учун шарт-шароитлар яратиш бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг асосий мақсадини ташкил этади. Халқимизнинг бой маънавий-интеллектуал мероси, умумбашарий қадриятлар, иқтисодиёт, фан, маданият ва замонавий технологиялар ютуқлари асосида кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизимини шакллантириш мамлакатимиз тараққиётининг муҳим шарти ҳисобланади.

Маънавият – инсонларнинг ўзаро муносабатлари, уларнинг ҳаётий тажрибалари давомида шаклланган ва ривожланган қадриятлар тизими. Инсоннинг маънавият ва уни ривожлантиришга бўлган эҳтиёжи чексиздир. Маънавият инсоннинг ўзлигини, руҳий олами ва фаҳм-фаросатини акс эттиради, шунингдек, яхшиликни ёмонликдан, адолатни разилликдан, оқилликни жоҳилликдан фарқлашда муҳим аҳамият касб этади. Маънавиятни шакллантирувчи омиллар хилма-хил бўлиб, уни одам умри давомида эгаллаб боради. Бола, даставвал, оилада ота-онасидан эшитган, кўрган-билганларига амал қилса, сўнгра боғча, мактаб, лицейларда мураббий ва ўқитувчилар кўмагида ўзининг маънавий дунёсини ривожлантира боради.

Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий тафаккурини юксалтириш, миллий ва ватанпарварлик ғоясини уларнинг онгига сингдириб бориш, жамоаларида маънавий-маърифий ишларни жадаллаштириш, самарадорлигини ошириш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ички ишлар органларига етук мутахассислар тайёрлаб берадиган қатор таълим муассасалари, ихтисослаштирилган мактаб-интернат ва лицейлар маънавий баркамол авлодни етиштириб бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, маънавий тарбия ишларида кўзбўямачиликка йўл қўйиш ниҳоятда хатарли. Маънавият жамият ҳаётининг шундай бир нозик, аҳамиятли соҳасики, бу борада хўжакўрсинга иш қилиш ярамайди. Инсонларда, хусусан, ёшларда маънавиятнинг шаклланиши анча мураккаб ва машаққатли жараён ҳисобланади. Буни амалга ошириш учун кенг қамровли маънавий, маданий ва тарбиявий ишларни олиб бориш даркор.

Маълумки, тарбия деганда, аввало, оила кўз олдимизга келади. Жамиятнинг кичик бўғини ҳисобланган бу жажжи бирлашмада маънавиятнинг ўрнини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Хўш, оилада маънавият қандай кўзга ташланади? Уни биз қандай ҳолатларда кўрамиз?

...Ўн ёшларда эдим. Уйга тоғорада ўтин кўтариб келаётган онам бехосдан “вой мен ўлай, кўрмай қолибман” деганича қўшнимиз Абдураҳмон бободан минг хижолат билан узр сўрай бошлади. Ҳовлида велосипед ҳайдаб юрган мен учун онамнинг кечирим сўраши жуда қизиқ туюлди: “Онам нега қўшнимиздан кечирим сўраяпти? Нима гуноҳ иш қилди экан?”.

Онам орқага бир қадам ташлаб, бобога йўл берди, у киши ўтиб кетгунича жойидан жилмади. Бобо эса “ҳечқиси йўқ, қизим, ўтавермайсанми” деганча йўлида давом этди. Кейин билишимча, онам ўтин кўтариб келаётганида ёнидаги бобони кўрмай қолган, шунинг учун билмасдан йўлини кесиб ўтган экан...

Отага баланд овозда терс гапириш тугул, кўзига тик қарашга ботинолмасдик. Бобом бир неча бор айтса ҳам, бехосдан тилиб олиб қон чиқариб қўйсам, катта гуноҳга ботаман, деб дадам отасининг сочини олмасди...

Ҳар гал кечки овқатдан кейин акам билан бир масалада тортишиб қолардик. Катталарнинг қўлига сув қуйишга талашардик. Навбатма-навбат уларнинг қўлига сув қуйиб, ҳаммасининг дуосини олиш, яхши тилаклар олиш бошқача эди-да...

Онам шундай хотирлайди: “Сизлар чақалоқ пайти юмушлар билан машғул бўлиб юрганимда йиғлаб уйғонишингизни сабрсизлик билан кутардим. Чунки айнан шу пайтда китоб ўқишим мумкин эди. Бешикнинг тагида доим қайсидир китоб ёки “Шарқ юлдузи” журналининг янги сони бўларди. Сизларга қараш баробарида мутолаа қилардим, бирда йиғлаб, бирда кулиб, асар қаҳрамонлари билан дийдорлашардим. Бугун ҳеч бир келиннинг китоб ўқиганини кўрмайман. Китоб олиб беринг, деса, боласини жеркиб берадиган, “ўқиб олим бўлармидинг” дегувчиларни ҳам кўряпман. Яна болалар китоб ўқимай қўйди, деб нолишади”.

Дарҳақиқат, сўнгги пайтларда оиладаги тарбия анчайин йўқолган, маънавият ўрнини бошқа салбий қусурлар эгаллагандек, назаримда. Ёшлар катталарнинг йўлини кесиб ўтиш тугул, ҳатто уларни туртиб ўтишдан ҳам тап тортишмайди. Ҳурмат қилиш, йўл бериш унутилган қадрият бўлиб қолган гўё.

Динимизда таомланишдан олдин ва кейин қўлингизни ювинг, дея таъкидланган бўлса-да, ҳозирда бу анъана оилаларда унутилиб кетяпти. Қайтанга кўплаб сериаллардаги каби ҳаётимизда ҳам ётоқда нонушта қилиш урфга айланиб бормоқда.

Бировнинг молини ўғирлаётган ота-болаларнинг, кимларнидир чув тушираётган она-бола фирибгарларнинг, турмуш ўртоғини хорижга ишга юбориб, ўзи уйда болаларига қараб ўтирган эркакларнинг кўпайиб кетаётгани-чи...

Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, буларнинг барчаси оилада тарбиянинг издан чиққани, маънавиятнинг ҳеч бир учқуни бўлмагани сабабли юзага келмоқда. Халқимиз бекорга “Қуш уясида кўрганини қилади”, демаган. Оила катталари қандай йўл тутса, фарзандлар ҳам уларга ўхшайди. Ёмон хулқли, маънавиятсиз бўлса улар ҳам шундай бўлади. Ота-она одобли, бир-бирига меҳрли, оқибатли бўлса, фарзандлар ҳам улар йўлини тутади, комил инсонлар бўлиб етишади.

Яқинда ўқиб қолдим, бугун дунёда ҳар соҳада етакчи бўлган Япония оилаларида фарзанд тарбиясига жуда катта эътибор беришаркан. Энг муҳими, улар фарзандига ундай бўл, бундай қил, дея насиҳат қилмас экан. “Биз ўзимиз тўғри бўлишга, ҳар бир ишда ўзимиз фарзандларимизга яхши томондан ўрнак кўрсатишга ҳаракат қиламиз” Ана сизга япон мўъжизасининг сири. Мана, нима учун “япон характери” номи билан танилган бу миллатнинг етти ёшдан етмиш ёшигача юрти учун жон фидо қилишга тайёр, чин ватанпарвар.

Хўш, биз оилада фарзандларимизга яхши томондан ўрнак бўляпмизми? Уззукун интернетга кириб олиб, ижтимоий тармоқларда валақласак ҳам, телевизор томоша қилиб вақтимизни бесамар ўтказсак ҳам, уйда кам бўлиб кўчадан бери келмасак ҳам фарзандингиз вояга етади. Фақат беш-ўн йилдан кейин унинг ўрнида ўзингизни кўргандек бўласиз.

Маънавият – тарбиянинг чуқур илдизи ҳисобланди. Шунинг учун таълим ва тарбияни, аввало, мўъжаз Ватан – оилада бошласак айни муддао бўлади. Зеро, олманинг тагига олма тушишини асло унутмаслигимиз керак.

Фозилжон МАМАШАРИПОВ.