Ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш – давр талаби

  • 21:03
  • 11,03-2020
  • 1464
  • Улашинг

Биз қанчалик мукаммал қонунлар яратмайлик, қандай ислоҳотлар ўтказмайлик, агар фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими, онги ва маданияти етарли бўлмаса, кутилган натижаларга эришиш мушкул бўлади.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Халқимизда «Бола бошидан», «Бола азиз, одоби ундан азиз» деган пурмаъно нақллар бор. Бу нақллар асрлар синовидан ўтган ҳақиқатлардир. Шунинг учун ҳам аксар оилаларда фарзанд тарбиясига, унинг одоб-ахлоқига ҳали тили чиқмасидан эътибор берила бошланади.

Масалан, уйга меҳмон келса, ўзимиз кўришиб, сўрашганимиздан кейин, ҳали ақлини танимаган боламизнинг қўлини кўксига қўйиб, унинг тилидан меҳмонга «Ассалому алайкум!» деймиз. Унга кейинроқ муомала, овқатланиш, кўча-кўйда юриш, кўпчилик ичида ўзини тутиш одобини ўргатамиз.

Ҳаёт ҳуқуқий маданият алифбосини ҳам бола онгига эртароқ сингдира бориш кераклигини кўрсатмоқда. Чунки ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти талаби шундай. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида «Ҳуқуқий тарбияни мактабгача таълим тизимидан бошлашимиз, бу борадаги илк кўникмалар она алласи каби фарзандларимиз қалбидан умрбод жой олиши даркор», деб бежиз таъкидламади.

Кейинчалик ҳуқуқий таълим-тарбия­ни узлуксиз давом эттириш керак. Қонунларнинг қонуни бўлган Конституциямизни чуқур билмасдан туриб, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳақида гапириш ҳам мумкин эмас. Шу боис Президентимиз юқоридаги маърузасида умумтаълим мактаблари учун «Конституция алифбоси», «Конституция сабоқлари», «Конституция асослари» каби дарсликларни яратиш зарурлигини таъкидлади.

Аҳолининг ҳуқуқий билимини оширишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Фақат улар қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини, аҳамиятини, қонунчиликдаги янгилик­ларни тезкорлик билан, энг муҳими, содда тилда, қисқа, лўнда қилиб тушунтириб бориши керак. Негаки, бугунги кунда кўпчилик зерикарли мақолаларни ўқимайди, узундан-узоқ шарҳларни ўқишга эринади. Ундан кўра, олди-қочди хабарлар билан танишишни маъқул кўради.

Лекин оддий одамлар ҳам бир ҳақиқатни ёдда тутишлари керак. Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўтган аср бошларида айтган «Ҳақ олинур, берилмас» деган гаплари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Яъни, ҳақ-ҳуқуқларингиз қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилгани билан, ҳамма идоралар вакиллари ҳам уларни сизга қўшқўллаб тутқазиб қўявермайди. «Бола йиғламаса, она сут бермас» деганларидек, жойи келганда, ҳақ-ҳуқуқингизни талаб қилишингиз ҳам лозим. Бунинг учун эса тегишли қонун ҳужжатларини билишингиз керак.

Айни пайтда медалнинг иккинчи томони ҳам борлигини эсдан чиқариб қўймайлик. Мурожаатларга эътибор кучайганидан фойдаланиб, шу кунларда айрим инсофсиз одамлар ҳаққи бўлмаган нарсаларни ҳам талаб қилиб оляпти. Лекин мажбуриятларига келганда, унутиб қўймоқда. Баъзилари эса бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини бузишгача боряпти. Ўз вазифасини бажараётган ички ишлар органлари ходимларини ҳақорат қилаётган, уларнинг қонуний талабларини бажармаётгани етмагандай, бодикамераларини, погонларини юлиб олаётган, ҳатто осойишталик посбонларига қўл кўтаришгача бораётганлар учраб турибди. Ёки мажбурий ижро бюроси ходимларини, «Тез ёрдам» шифокорларини калтаклаётганларнинг қилмишини яна қандай изоҳлаш мумкин?

Шу ўринда яна бир ҳақиқатни очиқ тан олиш керак. Ички ишлар органларининг айрим ходимлари ўзларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, қонун, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини яхши билмайди. Шунинг учун баъзи ҳолларда вазиятдан чиқа олмай қолишяпти. Уларнинг бошқалардан калтак ейишлари обрўларини туширади. Оддий одамларнинг хаёлидан «Ўзини ҳимоя қила олмаяпти, бизларни қандай ҳимоя қила олади?» деган ўй ўтиши табиий ҳол. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўзларини, қолаверса, фуқароларни зўравонлардан ҳимоя қилиш учун қонун доирасида ваколатларидан фойдаланишдан чўчимаслиги керак.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизнинг янада фаол­роқ, янада ташаббускор бўлишига эришмоғимиз лозим», деди. Хўш, ҳамюртларимиз қачон фаол, ташаббускор бўлади? Қачонки ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти юксак, виждони уйғоқ бўлса, юраги юрт дарди, ташвиши билан ёнса.

Яна шу Мурожаатномада давлатимиз раҳбари ички ишлар идоралари ҳали халқчил тузилмага, фуқароларнинг чинакам ҳимоячисига айлана олмаганини афсус билан қайд этди. Ҳақли савол туғилади: «Нега тизимда жиддий ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамай, кўзланган натижага охиригача эришилмаяпти?» Чунки ҳамма ходимларни ҳам ўзини ислоҳ қиляпти, дея олмаймиз. Киши ўзини ислоҳ қилмас экан, ҳар қанча ислоҳотлар ўтказилмасин, ташкилий ўзгаришлар қилинмасин, пировард натижага эришиш мушкул.

Хўш, ходим қачон ўзини ислоҳ қила олади? Қачонки замон талабларидан келиб чиқиб, ҳуқуқ ва мажбуриятларини чуқур англаб етса, зиммасидаги вазифаларни, масъулиятни юракдан ҳис этса. Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш давр талаби эканлигининг долзарблиги, мазмун-моҳияти ҳам шунда.

Бобомурод ТОШЕВ,

«Postda» мухбири.