1998 йилдаги йиғилиш катта аҳамиятга эга бўлган

  • 11:06
  • 03,06-2019
  • 1473
  • Улашинг

 Собиқ иттифоқ республикалари мустақиллигининг илк йиллари ижтимоий ва сиёсий ҳаётда беқарорлик кузатилди. Шу пайтгача соя­да бўлган жиноят олами вакиллари очиқчасига ҳаракатга киришди. Улар бир республикада оғир жиноят содир этиб, иккинчисига ўтиб яширина бошлади. Бундай ҳодисалар сони ортиб, хавфли вазиятни келтириб чиқарди. Натижада бу ҳолатга қарши биргаликда ҳаракат қилиш, собиқ иттифоқ республикалари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш зарурати туғилди. Шу туфайли МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгаши ташкил этилди.

 

МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгаши қарори билан жиноятчиликка қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида 1996 йил 19 январь куни ташкилотга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгаши ташкил этилди.

1998 йили Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ ИИВКнинг навбатдаги йиғилишида халқаро жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вазифаларни амалга оширишга қаратилган бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинган эди. Мана, икки ўн йилликдан сўнг Ўзбекистон МДҲга аъзо давлатлар ИИВК йиғилишини ўтказиш эстафетасини яна қўлга киритди. Тарихга бир қур назар ташлаб, бу йиғилиш қандай ўтганини ёдга оламиз. Бунда бизга ушбу кенг миқёсли тадбир ташкилотчиларидан бири, ўша даврларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ташкилий-инспекторлик бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган истеъфодаги полковник Анатолий Жўраев ёрдам беради.

 Анатолий ЖЎРАЕВ,

истеъфодаги полковник.

– Анатолий Меликович, айтинг-чи, юртимиздаги илк ИИВК йиғилишига тайёргарлик қандай кечган?

– Албатта, бу масалада биз учун барчаси биринчи марта бўлган, бироқ ташкилий ишлар ўта юқори даражада амалга оширилган. Маълумки, ўша пайтларда республика Ички ишлар вазирлигига истеъдодли, тажрибали раҳбар ва ташкилотчи, нафақат Ўзбекистонда, балки мамлакат ташқарисида ҳам катта ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлган инсон – Зокиржон Алматов бошчилик қиларди.

1997 йили куз фаслининг иккинчи ярмида Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида бўлиб ўтган ИИВК­нинг олдинги йиғилиши якунида мамлакатимиз вакиллари ташаббусига кўра, МДҲ давлатлари Ички ишлар вазирлари кенгашининг ке­йинги йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказишга қарор қилинди.

– Йиғилиш қандай ўтган? Қайси масалалар муҳокама этилган ва қандай қарорлар қабул қилинган?

– Кенгаш йиғилиши 2 июнда бошланган. Унда Арманис­тон, Беларусь, Грузия, Молдова, Озарбайжон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ички ишлар вазирликлари делегациялари иштирок этган. Украина ИИВ делегацияси кузатувчи сифатида қатнашган. Шунингдек, йиғилиш ишида МДҲ Ижроия котибияти ҳамда Уюшган жиноятчилик ва жиноятчиликнинг бошқа хавфли турларига қарши курашишни мувофиқлаштириш бюроси вакилларининг иштироки таъминланди.

Ўша йилларга қайтиб, ушбу тарихий халқаро тадбир нақадар тантанаворлик руҳида, биродарлик муҳитида ўтганини эслайман. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ўткир Султонов тадбир иштирокчиларини илиқ сўзлар билан қутлади. Шундан сўнг МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгаши раиси, Озарбайжон Респуб­ликаси Ички ишлар вазири Рамиль Усубовнинг ваколатларини Ўзбекистон Респуб­ликаси Ички ишлар вазири Зокиржон Алматовга топшириш юзасидан тантанали маросим бўлиб ўтди.

Йиғилиш давомида яқин истиқбол учун ўзаро ҳамкорликка оид муҳим масалалар кўриб чиқилди, тегишли қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва Россия Федерацияси ИИВ ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

Йиғилиш якунида, 4 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов тадбир иштирокчиларини қабул қилди. Биринчи Президентимиз таъкидлаб ўтганидек, МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши самарали ўтди.

Бугун ҳар қандай давлат учун жиноятчиликка қарши якка ҳолда кураш олиб бориш жуда қийин, шу маънода ички ишлар вазирликларининг бундай учрашувлари жиноятчиликка қарши курашиш учун ҳаракатларни бирлаштиришга улкан ҳисса қўшади.

– МДҲга аъзо давлатлар ИИВКнинг жорий йиғилиши иштирокчиларига қандай тилаклар билдирасиз?

– Энг муҳими, энг асосийси – мамлакатларимиз фуқароларининг хавфсизлиги, тинч­лиги ва осойишталиги. Шу сабабдан йиғилиш иштирокчиларига чин қалбдан омад, ҳозирги замоннинг салбий кўринишларига қарши олиб бораётган курашлари самарали бўлишини, белгиланган вазифаларни амалга оширишда куч-ғайрат тилайман.

 

Георгий ПЕТРОСЯН суҳбатлашди.

Сурат Ўзбекистон Республикаси ИИВ архивидан олинди.