ИИВ Академиясида халқаро анжуман

  • 18:09
  • 04,09-2019
  • 1648
  • Улашинг

Бугун ички ишлар органларининг турли соҳаларида хизмат қилаётган, эл осойишталигини таъминлаш йўлида фаолият кўрсатаётган кўплаб юртдошларимиз ИИВ Академиясини ҳурмат билан тилга олади, унинг номини эшитганда ўзида ажиб бир энтикишни ҳис қилади. Негаки, улар мана шу таълим муассасасида таҳсил олиб, тобланиб ўзларининг келажагига тамал тошини қўйишган.

Маълумки, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг 25 йиллиги кенг нишонланмоқда. «Академия – ички ишлар органлари учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш йўлида» мавзуида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий конференция ҳам шу санага бағишланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Мудофаа, Бош прокуратура, Адлия ҳамда Ички ишлар вазирликлари, шунингдек мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари, БМТнинг Гиёҳвандлик моддалари ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистоннинг олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда хорижий ва мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг ходимлари иштирок этди.

Халқаро анжуман аввалида академия саф майдонида кўтаринки руҳдаги тадбир ташкил этилди. Барча меҳмонлар кўз ўнгида саф тортган курсантлар Давлатимиз мадҳиясини ижро этишди. Кейин шу ерда таълим олиш бахтига муяссар бўлган, бундан ифтихор туяётган йигит-қизлар тантанали марш садолари остида шахдам қадамлар билан ўтишди.

Асосий тадбир Академиянинг Маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтди. ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов анжуманни кириш сўзи билан очиб, барча йиғилганларни муборакбод этди.

Таъкидлаш жоизки, мустақилликка қадар юртимизда олий ва ўрта махсус маълумотли ички ишлар органи ходимлари тайёрлайдиган иккита таълим муассасаси фаолият юритар эди. 1994 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги Олий ҳамда Ўрта махсус мактаблари негизида ИИВ Академияси ташкил этилди.

Ўша йиллари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласи долзарб аҳамият касб этар, Академия зиммасида ички ишлар органларига юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг комплекс тизимини ташкил этиш, соҳа учун олий маълумотли мутахассислар ҳамда илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, тизимдаги муаммоларни тадқиқ этиш сингари долзарб вазифалар турарди. Қисқа фурсатда таълим муассасасининг моддий-техник базаси шакллантирилиб, янги ўқув бинолари, аудиториялар, мутахассислик фанлари учун махсус хоналар, замонавий спорт иншоотлари барпо этилди.

Ўқув масканида давлат таълим стандартлари асосида тўрт мутахассислик – тезкор-қидирув, тергов, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда эксперт-криминалистик фаолият йўналишлари бўйича ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўқув жараёнига илғор педагогик технологиялар жорий этилиб, Академия мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрловчи етакчи олий таълим муассасаларидан бирига айланди. Ўтган даврда ўқув муассасасида 18 мингга яқин олий юридик маълумотга эга мутахассис, 800 нафардан ортиқ ички ишлар органлари раҳбар ходимлари, шунингдек 12 мингга яқин сержант тайёрланди.

Бугун жаҳонда рўй бераётган глобал ўзгаришлар барча соҳалар қатори ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилишни, соҳа учун ҳар томонлама профессионал кадрлар тайёрлашни тақозо этмоқда. 2017 йил 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ИИВ Академиясига ташриф буюриб, ўқув даргоҳининг нуфузи ва мақомини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, бир сўз билан айтганда, уни замонавий ўқув муассасасига айлантириш бўйича кўрсатмалар берганди. Мазкур ташрифдан сўнг ички ишлар органлари учун бугунги кун талабига мос, профессионал, энг муҳими, Ватанини севадиган, ҳалол ва адолатпарвар кадрлар тайёрлаш, бу борада илғор тажрибаларни жорий этиш мақсадида 2017–2021 йилларда ИИВ Академиясини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши – профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш, таълим жараёнини ташкил этиш, ўқишга кирувчи номзодларни мақсадли тайёрлаш, ходимларнинг малакасини ошириш ва соҳавий хизматларнинг фаолиятини баҳолаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва янги инновацион ўқиш фондини ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Конференцияда ана шулар ҳақида гап борди. Анжуманда Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги вакили Лю Тунпин, Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурай Эр, БМТнинг Гиёҳвандлик моддалари ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон Макгрегор, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) вакили Али Ихсан Чағлар, Туркия Полиция академияси хавфсизлик институти бошлиғи Сонер Байрам Али, Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғининг ўринбосари Aрзигул Джоробекова сўзга чиқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлашда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш истиқболларига тўхталиб ўтдилар.

Анжуман иштирокчилари эътиборига Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича амалиётга татбиқ этилаётган янгиланишларга бағишланган видеоролик ҳам намойиш этилди.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ва Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Орёл юридик институти билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди. Анжуман якунида меҳмонларга “Ички ишлар вазирлиги Академиясига 25 йил” эсдалик нишони топширилди.

Бир сўз билан айтганда, халқаро конференция доирасида қатор муҳим учрашувлар, муҳокама марказида бўлган мавзулар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга йўл очди.