Ёшлар истеъдодига юксак баҳо берилди

  • 12:09
  • 07,09-2019
  • 1193
  • Улашинг

Москва шаҳрида турли миллат вакилларини жамлаган «Спасская башня» XII халқаро ҳарбий мусиқа фестивали бўлиб ўтди.

Фестиваль доирасидаги ёшлар лойиҳасида болаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг ижод маҳсулларига кенг ўрин берилди. Хусусан, фестивалнинг олтинчи маротаба ўтказилаётган «Спасская башня детям» махсус лойиҳасида мезбонлардан ташқари, учта хорижий оркестр, жумладан, мамлакатимиздан ташриф буюрган оркестр ҳам ўз ижро маҳоратини намойиш этди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейининг ёшлар дамли чолғу оркестри фестивалда илк маротаба иштирок этди. Оркестрнинг репертуаридан турли жанрдаги юздан ортиқ мусиқий асарлар ўрин олган.

Фестиваль саҳнасида белгиланган дастурдан ташқари томошабинларнинг илтимосларига биноан, ёшлар оркестри бир неча маротаба ўз маҳоратини намойиш қилиб, олқишларга сазовор бўлди. Шу боис ҳам фестиваль ташкилотчилари, таниқли мутахассислар томонидан ёшларимиз истеъдодига юксак баҳо берилди.

– Тошкентдан ташриф буюрган ёшлар мусиқий жамоаси фестивалимизнинг иштирокчиси бўлганидан хурсандмиз. Фестиваль ўтказиб келинаётганидан буён бирорбир жамоа уч кун давомида тўрт маротаба саҳнага чиқиб, мусиқа ихлосмандларининг қалбини забт эта олмаганди. Оркестрнинг барча мусиқий чиқишлари томошабинларнинг кўплаб илтимосларига биноан ижро этилди, – дейди фестиваль бадиий раҳбари, Россияда хизмат кўрсатган артист, полковник Е. Никитин.

Тадбир якунида ҳар бир гуруҳга фестиваль лауреати дипломлари топширилди.

Фестивалдаги чиқишларини якунлагач, ўзбекистонлик ёшлар оркестри учун Москва шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, жумладан, Кремль саройи, Александр боғи, Москва марказий ҳайвонот боғи, шунингдек, Россия Федерацияси Миллий гвардия қўшинларининг Михаил Шолохов номидаги Москва Президент кадет мактабининг музейига экскурсия ташкил этилди.

Нафосат ЗАФАРОВА,

Миллий гвардия матбуот хизмати етакчи мутахассиси.