Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тартиб-таомиллари либераллаштирилди

  • 11:05
  • 22,05-2020
  • 42
  • Улашинг

Бунинг натижасида 1995 йилнинг 1 январига қадар мамлакатимиз ҳудудида доимий рўйхатдан ўтиб, фуқаролиги бўлмаган шахс учун яшаш гувоҳномаси билан истиқомат қилиб келаётган 50 минг нафарга яқин киши ўзлари истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида навбатдаги муҳим қадамни қўйиш зарурлигини бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этаётгани алоҳида таъкидланди.

Шунга кўра, Ички ишлар вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 13 март куни имзоланган ушбу қонун илгаригисидан кўп жиҳатдан фарқ қилади.

Авваламбор, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тартиб-таомиллари либераллаштирилди ҳамда боланинг фуқаролик соҳасидаги ҳуқуқлари мус­таҳкамланди. Бунинг натижасида келгусида Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалалари бўйича шикоят қилувчи шахслар сони камаяди. Яна бир афзаллик томони, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахс­ларнинг сони қисқаради.

Қонунда ватандошларимизни Ўзбекистон Респуб­ликаси фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилинишини таомили белгиланди, фарзандликка олинган ва ота-онасининг фуқаролиги ўзгарганлиги бўйича боланинг фуқаролиги ўзгариши нормаларига аниқ тушунчалар берилди.

Бундан ташқари, Ўзбекис­тон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссиясининг тузилмаси, асосий вазифалари, ҳуқуқлари, ишни ташкил этиш ва қарорларни қабул қилиш тартиби аниқ белгилаб берилди. Эндиликда Ўзбекис­тон Республикасининг фуқаролиги масалаларига оид идоралараро маълумотлар базаси яратилади.

Энг муҳими, янги таҳрирдаги Қонунга 1995 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекис­тон Республикаси ҳудудида доимий рўйхатдан ўтиб, фуқаролиги бўлмаган шахс учун яшаш гувоҳномаси билан истиқомат қилиб келаётган шахс­ларга нисбатан Ўзбекис­тон Республикасининг фуқаролигини тан олиш тартиби тўғрисидаги қоида киритилди. Яъни, уларнинг ўзлари истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Респуб­ликасининг фуқароси деб тан олинадилар. Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда юртимизда истиқомат қиладиган 90 минг нафарга яқин фуқаролиги бўлмаган шахслардан 50 мингга яқини, яъни 55 фоизини мамлакатимиз ҳудудида 1995 йилнинг 1 январь кунига қадар доимий рўйхатдан ўтганлар ташкил этади.

Ушбу Қонунининг 58-моддасида, унинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш ва тан олиш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш тартибини белгилаб берувчи 6 ва 45-моддалари жорий йилнинг 1 апрель кунидан амалга киритилиши белгилаб қўйилган. Мазкур тоифадаги шахсларнинг мурожаатларига асосан, уларни Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига тан олиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ишларини амалга ошириш вазифаси ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари зиммасига юклатилган.

Бироқ республикамизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича карантин жорий қилинганлиги муносабати билан 2020 йил 24 март кунидан бошлаб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида фуқароларнинг қабуллари вақтинча тўхтатилган эди. Шу сабабли Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ масалалар юзасидан респуб­ликамизда яшаб келаётган кўплаб фуқаролиги бўлмаган шахслардан ижтимоий тармоқлар орқали мурожаатлар келиб тушди. Келинг ушбу мурожаатлар орасида кўп учраётган саволларга жавоб бериб ўтсак.

 

– 1995 йилга қадар Ўзбекистонга кўчиб келган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқаролигини тан олиниши масаласида қаерга ва қандай ҳужжатлар билан мурожаат этиш­лари лозим?

Саида СУЛТОНОВА.

– 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига тан олиш масаласида ўзларининг доимий рўйхатда турган жойидаги ички ишлар органига мурожаат этиб, ариза билан биргаликда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этишлари лозим:

сўровнома (анкета кўринишида);

яшаш гувоҳномаси;

никоҳ тузилганлиги ёки никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

аризачининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганлиги ҳақидаги маълумотнома (мавжуд бўлса);

давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат. Давлат божининг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробарига тенг.

Юқорида санаб ўтилган ҳужжатлардан ташқари, Ўзбекистон Республикасига 1995 йил 1 январга қадар доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам тақдим этилади. Масъул ходим томонидан ушбу ҳужжатларнинг қонунийлиги ўрганиб чиқилиб, ҳужжатлардан нусха олиниб, асл нусхаси эгасига қайтариб берилади.

 

Ўзбекистонга 1994 йилда кўчиб келганман, лекин доимий рўйхатдан 1995 йил 12 декабрда ўтганман. Меҳнат дафтарчамда эса 1994 йил август ойидан давлат ишида ишлай бошлаганим қайд этилган. Мен Ўзбекистон Респуб­ликаси фуқароси деб тан олинувчилар сирасига кираманми?

Шаҳноза АЛИЕВА.

– Амалдаги қонунчиликка кўра, 1994 йилда Ўзбекистонга кўчиб келганлигингиз ва 1994 йил август ойидан давлат ишида ишлай бошлаганлигингиз сизга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига тан олиш бўйича ҳужжатлар расмийлаштиришга асос бўла олмайди. Сизни Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш масаласи умумий тартибда кўриб чиқилади. Бунинг учун сиз ўзингиз доимий истиқомат қилиб келаётган шаҳар-туман Ички ишлар органининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига тегишли ҳужжатлар билан мурожаат этишингиз лозим.

– Мен Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш бўйича 2019 йил 14 январь куни ҳужжат топширган эдим. Менинг ҳужжатларим бўйича қачон ижобий натижа бўлади?

Валижон НАСРИДДИНОВ.

– Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш бўйича топширилган ҳужжатларингизнинг натижалари доимий истиқомат жойингиздаги шаҳар-туман Ички ишлар органининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан сизга маълум қилинади.

 

– Фуқаролиги бўлмаган шахс учун Ўзбекис­тон Респуб­ликасида яшаш гувоҳномамнинг амал қилиш муддати 2020 йил апрель ойининг охирида тугаган эди. Аммо карантин туфайли унинг муддатини узайтиришнинг имкони бўлмади. Бунинг учун кейинчалик жаримага тортилмайманми?

 Бекзод АҲМЕДОВ.

– Карантин даврида, яъни жорий йилнинг 23 март кунидан кейин паспорт ёки яшаш гувоҳномаси олиш, алмаштириш, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш, виза ёки яшаш гувоҳномасининг муддатини узайтириш масалалари юзасидан миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат этишни режалаштирган ва қабул вақтинчалик тўхтатилганлиги муносабати билан мурожаат қила олмаган шахслар паспорт тизими қоидаларини бузган деб ҳисобланмайди.

2020 йилнинг 4 май кунидан бошлаб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида фуқароларни қабуллари йўлга қўйилганлиги сабабли, республикамиз ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқаролик масалалари юзасидан жойлардаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат этишлари мумкин.

Акбархон ЮНУСХЎЖАЕВ,

ИИВ М ва ФРББ бўлим бошлиғи, подполковник.