Яхшилик қил – сувга от

  • 21:05
  • 21,05-2020
  • 378
  • Улашинг

Бир аёл машинасида уйга қайтаётганида автоуловининг шинаси ёрилиб, дами чиқиб кетди. Аксига олиб ёмғир тинмай ёғарди. Бунинг устига аёл ғилдирак алмаштиришни билмасди. Мушкул аҳволда қолган аёл йўл четидан қишлоқ томон кетаётган йигитга кўзи тушди. Лекин бояқиш ёрдам сўрашга уялиб, бироз чўчиди.

Хайриятки, йигит сезгир экан. У машина ёнидан ўтиб кетаётиб, гап нимадалигини тушунди.

– Захира ғилдирагингиз бўлса, алмаштириб берардим, – деди аёлга.

Хурсанд бўлиб кетган аёл дарҳол машинасининг юкхонасини очиб, захира ғилдиракни кўрсатди. Йигит тезда ишга киришиб, дами чиққан ғилдиракнинг ўрнига янгисини алмаштирди. Мушкули осон бўлганидан қувонган аёл сўради:

– Хизмат ҳақига неча пул берай?

– Қўйсангиз-чи, – деди йигит қўл силтаб. – Фақат кимнингдир ёрдамга муҳтожлигини кўрсангиз, ундан кўмагингизни аяманг. Шунда менга яхшилигимни қайтарган бўласиз.

– Исмингиз нима, олийҳиммат йигит? – яна сўради аёл.

– Мен Брайан Андерсонман.

– Умрингиздан барака топинг. Катта раҳмат, Брайан.

Аёл йигитга миннатдорлик билдириб, машинасига ўтириб йўлга тушди. Йўл ёқасида жойлашган тамаддихона ёнидан ўтаётиб, очиққанини ҳис этди. Лекин шошиб турган эди. «Ҳа, майли бир стакан қаҳва ичсам, ҳам очлигим босилади, ҳам вақтдан ютаман», деб ўйлади у. Аёл бўш ўринга ўтириши билан официант жувон олдига келиб хушмуомалалик билан:

– Нима буюртирасиз? – деб сўради.

Аёл қаҳва буюртирар экан, бир қарашдаёқ официант жувоннинг ой-куни яқинлигини пайқади. «Шу аҳволда ҳам ишлаб юрган экан, демак пулга муҳтож бўлса керак», – дея хаёлидан ўтказди. Жувон бир пасда қайноқ қаҳва олиб чиқди. Аёлга тоза сочиқ ҳам узатар экан:

– Ёмғирда сочларингиз ҳўл бўлиб кетибди. Артиб оларсиз, – деди меҳрибонлик билан.

Аёл унга юз доллар берди. Официант жувон қайтим олиб келиш учун ичкарига кириб кетганди, сочиқнинг устига яна уч юз доллар қолдириб, йўлга тушди...

Кечқурун уйига қайтган официант жувон эрига мақтанди:

– Биласанми, Брайан, бугун тамаддихонамизга бир олийҳиммат аёл кириб, бир стакан қаҳвага юз доллар тўлади. Қайтимини олиб чиқсам, яна уч юз доллар чойчақа қолдириб, негадир қаҳвасини ҳам ичмай кетиб қолибди.

– Унинг сочлари жиққа ҳўлмиди? – кулимсираб сўради эри.

– Ҳа, лекин буни сен қаёқдан биласан?

– Ахир, кун бўйи ёмғир ёғди-ку, – гапни ҳазилга бурди эри.

 

Рус тилидан Бобомурод ТОШЕВ таржимаси.