Тозалик ва гигиена: энг хавфли нуқталар

  • 18:05
  • 21,05-2020
  • 48
  • Улашинг

Одамлар меҳнат фаолиятини олиб борадиган идора, корхона ва ташкилотлардаги умум фойдаланадиган ҳожатхона, қўл ювиладиган чаноқ, микротўлқинли печь, музлаткич, компьютер клавиатура ва сичқончалари касаллик ташувчилар учун энг қулай жой ҳисобланади.

Аксарият касаллик­лар айнан гигиена қоидаларига амал қилмаслик оқибатида келиб чиқади. Энг ҳайратланарлиси, чанг мўл бўлган қишлоқ жойлар, дала ҳовли, ўрмонлардан кўра, шаҳар шароити касаллик келтириб чиқарувчи организмлар учун жуда қулай экан. Жамоат транспорти, дўконлар, кафе ва рес­торанлар, мактаб ва боғчалар, касалхоналарда одамлар оқими кун бўйи кузатилади. Демакки, агар инсон ўз саломатлиги учун эътиборлироқ бўлмаса, бундай шароитларда турли касалликларни юқтириб олиш хавфи юқоридир.

Шуни назарда тутган ҳолда, олимлар инфекция ўчоқлари ҳисобланган энг ифлос буюмлар ва жойларга аниқлик киритишди. Одамлар меҳнат фаолиятини олиб борадиган идора, корхона ва ташкилотлардаги умум фойдаланадиган ҳожатхона, қўл ювиладиган чаноқ, микротўлқинли печь, музлаткич, компьютер клавиатура ва сичқончалари касаллик ташувчилар учун энг қулай жой ҳисобланади. Самолёт ва поездларда йиғма стол, ҳожатхона дастаклари ва тугмалари ҳамда хавфсизлик камари, эшик тутқичлари энг хавфли нуқталар деб топилган. Меҳмонхоналарда эса телевизор пульти, хона телефони гўшаги ва тугмалари, чироқ ўчиргич бу борада биринчиликни қўлга киритган.

Афсуски, биз ўз хонадонимизда ҳам бактерия ва микроорганизмлардан қутула олмаймиз. Қизиғи шундаки, улар уя қуриши мумкин бўлган энг ифлос жой ҳожатхона унитази эмас, аслида идиш ювишда ишлатиладиган дастмол, оштахта, душ пардаси ҳамда эшигининг ички тарафидаги резина тирқишларида моғор ва замбуруғлар пайдо бўлиши мумкин бўлган кир ювиш машинаси ва музлаткич экан.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, инсон кафтини ҳам энг ифлос қисм деб аташ мумкин. Бунга америкалик олимлар ўтказган тадқиқотлар далил бўла олади. Улар 51 нафар талабанинг кафти юзасидан намуналар олиб, 4,5 мингдан зиёд, яъни ўрта ҳисобда ҳар биридан 150 хил бактерия турларини аниқлашди ва улардан фақат 5 таси ҳар бир кафтда мавжуд эди.

Микроблар қўл терисидаги устки ёғ қатламида яшайди ва кўпаяди. Шу сабаб қўлларни совун билан ювиш орқали улардан вақтинча қутулиш мумкин. Бу ишни жамоат жойларига борганда, транспорт воситаларидан фойдаланганда, турли ҳайвон ва паррандаларни ушлаганда, кўчадан сайр қилиб қайтганда, овқатланишдан олдин ва кейин, айниқса, қоғоз пулларни санагандан сўнг амалга ошириш керак. Тозалик ва гигиенага амал қилинг. Соғ бўлинг.