Сирдарёликларга кўмакдошмиз

  • 18:05
  • 21,05-2020
  • 87
  • Улашинг

 «Ҳақиқий жасорат шу бўлса керак»

«Кимнингдир бақираётган овозидан уйғониб кетдим. Енгил кийинганча кўчага отилдим. Профилактика инспекторимиз хизмат автомашинасидаги овоз кучайтиргич орқали «Сув омбори тўғони ўпирилган, қўшниларингизни уйғотинг, бир неча дақиқадан кейин сув босади, тезда кетинг», дея огоҳлантираётган экан. Болаларни уйғотиб, қўлга илинганини олганча катта йўл томон чопдик.

Кимдир енгил машинасида, яна кимдир юк машинасида кета бошлади. Бировлар тезгина жўнаб қолди, баъзилар бошқаларга ёрдам берди. Маҳалладан узоқлашарканман, кўзим яна кўчаларни айланаётган профилактика инспекторининг автоуловига тушди. Бирпасда сув ёпирилиб келди.

Катта йўл маҳалламиздан юқорироқда жойлашгани учун кўпчилик ўша ерда тўпланганди. Кўп ўтмай ички ишлар органлари ходимлари етиб келишди. Улар дуч келган автомашинани тўхтатиб, аввал болалар, сўнгра аёллар ва қария­ларни кўчира бошладилар. Агар профилактика инспектори ҳаммамизни уйғотмаганида, ички ишлар органлари ходимлари йўлдаги болалар, аёллар, қариялар, борингки, барчани тўғри келган авто­уловга чиқариб, жўнатишмаганида нима бўларди, билмайман. Ўйласам, қўрқиб кетаман...»

Бу воқеани бизга Сардоба туманининг Қўрғонтепа маҳалласида яшовчи Давлат Азимов сўзлаб берди. Умуман олганда, жорий йилнинг 1 май куни тонгда Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги сув оқимидан зарар кўрган аҳоли пунктларида яшовчилар юқорида тафсилоти келтирилган воқеа­га ўхшаш ҳолатларга гувоҳ бўлишди.

Айтганча, ўша тонгда қўрғонтепалик­ларни офат таҳдидидан огоҳ қилган Сардоба тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, катта лейтенант Отабек Бегматов 11 ва 13 ёшли қизалоқларнинг ҳаётини сақлаб қолди.

– Ички ишлар органлари ходимлари одамларни навбатма-навбат кўчиришаётган эди. Шу пайт кимдир «Болалар оқиб келяпти», деб бақирди. Профилактика инспекторимиз ўйлаб ўтирмасдан ўзини сувга ташлади. Кўз олдингизга келтиринг: тошқин, қоп-қора сув, ичида оқаётган ёғоч ёки сим танангга тегиб кетса борми? Камига этни жунжиктирадиган совуқ эди. Отабек болаларнинг олдига етгунча 30 метр­ларча оқимни кесиб сузди, қизларни елкасига олгач, оқим бўйлаб ҳаракат қилди ва қуруқ ерга чиқиб олди. Бундай ишни қилишга унча-мунча одамнинг юраги бетламайди, ҳақиқий жасорат шу бўлса керак, – дейди қўрғонтепалик Нодир Сатторов.

Профилактика инспектори томонидан қутқарилган иккала қизалоқ саломат, шифохонада уларга 11 кун давомида тиббий ёрдам кўрсатилгач, яқинларининг бағрига қайтишди.

Умуман олганда, ўша куни ички ишлар органлари ходимлари сув босган ҳудудларда аҳолини қутқариш учун барча имкониятларни ишга солдилар. Хусусан, сув босган аҳоли пунктлари ҳамда сув омборига ёндош қишлоқ ва маҳаллаларда яшовчилар давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари кузатувида вилоятнинг бошқа туманларига, қўшни Жиззах ва Тошкент вилоятларига талафотсиз кўчирилиши таъминланди.

 

«Яхши кунда йўлдош, ёмон кунда суянч»

Миг­рация ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати ходимлари фуқароларнинг йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган ҳужжатларини расмийлаштириш чораларини кўришди. Шу мақсадда махсус жиҳозланган микроавтобусда зарар кўрилган ҳудудларга чиқилиб, биометрик паспортлар тайёрлаш учун маълумотлар базаси шакллантирилди.

Худди шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари томонидан хонадонларда амалга оширилаётган тозалаш ва кўздан кечириш тадбирлари жараёнида топилган ҳужжатлар ва қимматбаҳо буюмлар ўз эгаларига етказилаётир.

– Маҳалламиз профилактика инспектори Бекзод Соатов оиламизга тегиш­ли ҳужжатлар билан бирга тилла зираклар, занжирлар, билакузуклардан иборат қимматбаҳо тақинчоқларни топиб, қайтарди, – дейди Сардоба туманининг Дўстлик маҳалласида яшовчи Одилжон Жуманов. – Мол-мулкимизни асраётган, яхши кунимизда йўлдош, ёмон кунимизда суянч бўлаётган ички ишлар органлари ходимларига раҳмат.

Офат туфайли йўқолган чорва молларини топиш, тўплаш, сақлаш ва эгаларига қайтариш ҳам тизим вакиллари зиммасида. Бу тадбирга ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, патруль-пост хизмати каби бир қатор соҳавий хизматлар ходимлари ҳамда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари жалб этилган.

Натижада Сардоба туманида қарийб 3 минг бош, Оқолтин туманида 4 мингга яқин, Мирзаобод туманида 4 мингдан ошиқ йирик ва майда шохли моллар белгиланган тартибда эгаларига қайтариляпти.

Шунингдек, ички ишлар органлари ва давлат санитария-эпидемиология осойишталик маркази ходимлари нобуд бўлган қорамоллар ва паррандаларни зарарсизлантириш, махсус майдонларга кўмиш тадбирларини амалга оширишяпти.

Офат таъсирига тушган аҳоли пункт­ларининг барча кириш жойларида блок-постлар ташкил этилган. Бу пост­ларда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимларининг вазифаси ўғрилик ва талон-торожларнинг олдини олишдир. Айни шу мақсадда вилоятнинг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 108 та йўналишда 532 нафар ходим патруллик қилмоқда.

Мазкур ҳудудларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларни кўчириш, махсус қурилиш техникалари ҳамда ускуна ва юкларни кузатиш тадбирларига ИИВ ЙҲХББ, Тошкент шаҳри, Сирдарё, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах вилоятларидан 243 нафар ходим ҳамда 90 та ЙПХ автоулови сафарбар қилинган. Хусусан, соҳа вакилларининг бир гуруҳи Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидаги «Балиқлитоғ» конидан «Сардоба» сув омборининг бузилган қисмини тиклаш учун тош ташилаётган автомашиналарнинг хавфсиз ва тўхтовсиз ҳаракатини таъминламоқдалар. Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур карьердан 120 та оғир юк машинасида 110 километр йўл босилиб, ҳар куни ўртача 6 минг тонна қурилиш хом ашёси етказиб берилаётир.

 

Бемисл ўзгаришлар арафасида

Бугунга келиб сув босган ҳудудлардаги яроқсиз бинолар қолдиқларини тозалаш, зарар кўрган иншоотларни таъмирлаш, реконструкция қилиш, янги бинолар, инфратузилма объектлари қуриш, электр, газ ва ичимлик суви таъминотини тиклашга киришилган. Чунончи, Сардоба туманининг Қўрғонтепа, Юртдош, Дўстлик маҳаллаларида ўнлаб юк транспортлари, автокранлар, юк ортиш техникалари ишлаётганига гувоҳ бўлдик.

Қайсидир машиналарда эски бинолар қолдиқлари, оқим суриб келган чўкиндилар олиб чиқилаётган бўлса, бошқаларида қурилиш маҳсулотлари келтириляпти. Улкан экскаваторлар аҳоли пунктлари ва экин майдонлари теварагидаги зовурларни тозалаётир.

Хуллас, бу ерда республикамизнинг барча минтақаларидаги қурилиш корхоналарининг ишчи-ходимларини кўрасиз. Улар қисқа муддатларда янги шаҳарча бунёд этишни режалаштиришган.

– Тез орада Қўрғонтепа, Юртдош, Дўстлик маҳаллалари ҳудудидаги 500 та тураржойнинг реконструкция­си бошлаб юборилади, – дейди халқ депутатлари Сардоба тумани кенгаши депутати Мусурмонқул Азимов.
– Дўстлик маҳалласи ҳудудида 37 та кўп қаватли уй, 1 та ўрта умумтаълим мактаби, 1 та мактабгача таълим муассасаси, экобозор, маҳалла гузари барпо этилади. Шунингдек, кичик бизнес ва ишлаб чиқариш ҳудуди бунёд қилинади. Бу эса юзлаб иш ўринлари демакдир. Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун айни вақтда ўн минг қурувчига мўлжалланган ётоқ жойлари ҳозирланяпти. Ушбу ўзгаришлардан сардобаликлар мамнун. Қисқаси, бу кунлар унут бўлиб кетади. Одамларимиз ҳамма шароитларга эга шаҳарчада яшай бошлайдилар. Шу маънода, дардимизни аритаётган Президентимизга, қурувчилар, ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар органлари ходимларига элимиз номидан миннатдорлик билдираман.

Ҳа, айни вақтда сардобаликлар ҳаётида бемисл ўзгаришлар кутилаётир. Бу ишларга ички ишлар органлари ходимлари камарбаста бўлмоқдалар. Жумладан, «Сардоба» сув омбори билан боғлиқ фавқулодда ҳолат юз берган куниёқ вазирлик топшириғи асосида респуб­ликамизнинг барча ҳудудларидан ички ишлар органларининг қатор соҳавий хизматлари ходимлари ёрдамга етиб келишди. Улар ҳозирги пайтда сирдарёликларга ҳар жиҳатдан кўмакдош бўлишмоқда.

Хуллас, Президентимиз ва республикамиз раҳбарияти томонидан Сардоба, Мирзаобод ҳамда Оқолтин туманларини обод этиш, ҳудуд аҳолисини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган улкан режалар белгиланган. Табиийки, бу режаларни амалга оширишда ички ишлар органлари ходимларининг ҳам муносиб ўрни, ҳиссаси бўлади.

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Postda» мухбири.

Сирдарё вилояти.