Қоидабузарлар ҳамон учраб турибди

  • 16:05
  • 21,05-2020
  • 49
  • Улашинг

Тошкент шаҳрида жорий йил бошидан ҳозирга қадар 245 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 78 тага, жароҳат олганлар 63 тага, ҳалок бўлганлар сони эса 4 нафарга камайган. Болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 тага, жароҳат олганлар эса 13 тага камайишга эришилди.

Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва назорат қилиш бўйича ҳам бир қатор ишлар қилиниб, бунинг натижасида ўтган тўрт ой мобайнида 192850 та умумий қоидабузарликлар аниқланди. Шундан 36154 таси қўпол турдаги, 12083 таси одам ташиш билан боғлиқ, 921 таси маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш, 25 таси тезликни ошириш, 7265 таси қувиб ўтиш ҳамда 3173 таси телефондан фойдаланиш натижасида содир этилган.

– Йўл-транспорт ҳодисалари ер юзининг барча ҳудудларида инсонлар ҳаётига хавф солувчи омиллардан бири бўлиб келган, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Матбуот хизмати бошлиғи, майор Қаҳрамон Худойберганов. – Бу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш эса, ҳар биримизнинг ўз қўлимиздадир.

Аммо шунча қилинаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига эътиборсизлик билан қараётганлар ҳам йўқ эмас. Хизмат юзасидан шаҳримизнинг бир нечта кўчаларида бўлганимизда ҳам бунинг яққол тасдиғини кўрдик. Жумладан, пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги Шота Руставели кўчасида хизмат олиб бораётган Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ 2-батальон 6-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори, кичик сержант Жавоҳир Ҳамиджонов давлат рақам белгиси 01G 167 HB бўлган «Damas» русумли автомашинасини тўхтатиб, унинг ҳужжатлари ва карантин қоидаларига қанчалик амал қилаётганлигини текширди. Шунда ҳайдовчи Жаҳонгир Маҳкамовда транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси йўқлиги аниқланди. Шундан сўнг ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддасига биноан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдончасидан жой олди.

Эндигина бошқа ҳудудга йўл олмоқчи бўлиб турганимизда ушбу кўчада жойлашган 160-мактаб яқинидаги бир ҳолат эътиборимизни тортди. Шу ҳудудда истиқомат қилувчи Муҳаммадносир Азизов ўзининг бошқарувидаги давлат рақам белгиси 01 N 598 VA бўлган «Мatiz» русумли автомашинасини йўл четидаги ариқча устига ўрнатилган кўприкдан уйи томон бурди. Бироқ ўтаётган пайтда шошилганлиги сабабли машинаси ана шу ариқчага тушиб кетди. Бунга кўзи тушган мазкур ҳудудда хизмат олиб бораётган Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ 2-батальон 6-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори, катта сержант Даврон Якубов шу ердан ўтаётган бир нечта фуқарога илтимос қилиб, ўзи бошчилигида ушбу автомобилни ариқчадан чиқариб қўйди. Муаммодан халос бўлган транспорт воситасининг эгаси уларга миннатдорлик билдирди.

Кейинги манзилимиз пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Меҳр кўчалари кесишган чорраҳа бўлди. Мазкур ҳудудда ҳаракатланаётган автомобилларга назар солар эканмиз, шу пайт у ерда хизмат олиб бораётган Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ 4-батальон 1-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори, катта сержант Қаҳрамон Султоновнинг чалган ҳуштаги диққатимизни тортди. У давлат рақам белгиси 01 361 UDA бўлган «Lacetti» автомашинасига тўхташ ҳақида ишора қилди. Ҳайдовчи Анваржон Фозиловнинг хавфсизлик камарини тақмасдан транспорт воситасини бошқариб келаётганлигини кўрган осойишталик посбони уни тўхтатиб, йўл ҳаракати қоидаларининг 9-бандини бажармаганлиги учун унга нисбатан баённома расмийлаштирди.

Туманнинг Қатортол кўчасида карантин даврида белгиланган қоидаларни бузиб автомашина бошқариб келаётган Ғаффор Жуманов ҳам шу ерда хизмат олиб бораётган мазкур гуруҳ ЙПХ инс­пектори, кичик сержант Алибек Узоқов томонидан тўхтатилди. Давлат рақам белгиси 10 F 188 QA бўлган «Lacetti» русумли ушбу автомашина эгасига нисбатан санитария-эпидемиология маркази ходимлари томонидан баённома расмийлаштирилиб, автоулов вақтинчалик жарима майдончасига қўйилди.

Шундан сўнг «Эркин» ЙПХ масканида бўлиб, ҳозирги пандемия шароитида у ерда олиб борилаётган хизмат жараёни билан яқиндан танишдик.

– Бугунги кунда Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар, Транспорт вазирликлари, Миллий гвардия ва Санитария-эпидемиология хизмати вакилларидан иборат жами 30 нафар ходим фаолият олиб бормоқда, – деди биз билан суҳбатда мазкур пост бошлиғи, подполковник Жамшид Умаров. – Улар ўз вазифаларидан келиб чиққан ҳолда шаҳримизга кириб келаётган транспорт воситалари эгаларининг белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этишларини назорат қилади.

– Йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи, йўналишсиз таксиларнинг фаолиятини мунтазам равишда текшираяпмиз, – деди Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси бош инспектори Набижон Ҳамроев.

Шу куни бу ерда карантин қоидаларини бузган жами 7 нафар қоидабузар аниқланди. Уларнинг 6 нафари ниқобсиз, 1 нафари эса куннинг белгиланмаган қисмида махсус рухсатномага эга бўлмай туриб, транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчилардир.

Сўнг пойтахтимиздаги «Наққошлик» номли вақтинчалик жарима майдончасига йўл олиб, қонун ҳужжатларини бузганлик учун ушланган транспорт воситаларининг сақланиш ҳолати билан қизиқдик.

– Етарлича шароитга эга бўлган 150 та автомобилга мўлжалланган ушбу жарима майдончасидан ҳозирги кунда 120 та автотранспорт воситаси жой олган, – деди бу ерда хизмат олиб бораётган шаҳар ИИББ ЙҲХБ 4-баталь­он 2-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори, кичик сержант Нармон Ҳамроев.

Қоидани бузган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилмоқда. Энг муҳими эса, мазкур ҳолатлар бўйича ҳайдовчиларнинг ҳеч қандай эътирозига ўрин қолмаяпти. Чунки махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари барча жараёнларни тасвирга оляпти. Бундан ташқари, соҳа ходимлари томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли ташкилотларга ўз вақтида юборилмоқда.

Йўл-транспорт ҳодисалари профилактикаси бўйича ҳар йили «Яшил чироқ», «Диққат, пиёда!», «Йўл ҳаракати хавфсизлиги ойлиги» каби тадбирлар ўтказилиб келинади. Шунингдек, «Тарғибот-ташвиқот карвони» тадбирида тез ёрдам машинаси, тарғибот автобуси ва патруль автомобилларидан иборат колонна ва эвакуатор йўл-транспорт ҳодисаси натижасида зарарланган автомобиль билан шаҳримизнинг аҳоли гавжум жойларидан ўтиб, барча фуқароларни йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишга ҳамда болаларни ушбу кўнгилсизликлардан асраб-авайлашга чорламоқда.

Зеро, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш – инсон хавфсизлигининг гаровидир.   

 

Михли САФАРОВ,

«Postda» мухбири.

Абу КЕНЖАЕВ

олган суратлар.