«Миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти»

  • 11:05
  • 21,05-2020
  • 129
  • Улашинг

Баҳс-мунозаралар

Яқинда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг Ўзбекистон давлат идораларида ҳужжат юритишда давлат тилидан фойдаланиш шартлигини назарда тутувчи қонун лойиҳасига муносабат билдириб, мамлакатда буни ёқловчилар озчиликни ташкил қилаётганини айтиб чиққанидан хабарингиз бўлса керак. Унинг «Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритиш тарафдорлари жуда оз», деган фикрлари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати – «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов, «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Елена Компольщик, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Олий аттес­тация комиссияси раиси маслаҳатчиси Зуҳриддин Исомиддинов, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқалар ўз нуқтаи назарини билдиришди.

Тўғриси, Мария хонимнинг фикрига росмана тушунмадим. Мустақил бўлганимизга ҳам 29 йил тўлмоқда. Ўз байроғи, мадҳияси, герби, миллий валютаси, Қуролли Кучларига эга суверен давлатмиз. Тилимизга давлат тили мақоми берилганига ҳам 30 йилдан ошяпти. Дипломатияни, давлатларнинг ички сиёсатини яхши англайдиган расмий вакилнинг сўзлари ғалати эшитилди. Нафсиламрини айтганда, унинг бу масала бўйича фикр билдириши умуман мантиққа тўғри келмайди.

 

«Миллатнинг тилини йўқ қилсанг бас»

Тарихдан маълумки, юртимизга эгалик қилиш илинжида келган истилочилар, аввало, тилимизни йўқотишга уринишган. Генерал М.Скобелев «Миллатни йўқ қилиш учун уни қириш шарт эмас, унинг маданиятини, санъатини, тилини йўқ қилсанг бас, тез орада ўзи таназзулга учрайди», қабилидаги гапни очиқча айтишдан тортинмаган. Мана шундай ёвуз ният туфайли бир асрдан ортиқ мустамлака даврида маданиятимиз, маънавиятимиз, маърифатимиз ва тилимиз оғир кўргиликларни бошидан кечирди. Бироқ маърифатпарвар халқимиз, қатъиятли ва мард зиёлиларимиз она тилимизни – миллий ғуруримизни сақлаб қолди.

Кауфман, Скобелев ва бошқалар чор Россияси учун хизмат қилганини, уларнинг фаолияти, босган ҳар бир қадами бошқа мустақил мамлакатлар учун қуллик, тутқунлик, зулм ва даҳшат элтганини унутиш қийин. Бир халқнинг юксалиши ёки жаҳон кенгликларига чиқиши ҳеч қачон бошқа халқларни эзиш, камситиш, уларнинг маънавий қадриятлари, муқаддас тилини йўқ қилиш ҳисобига бўлмаслиги керак-да...

Собиқ иттифоқ даврида ва яқин-яқингача ҳамюртларимизга ота-оналари қўйган чиройли исмлар – «Қўчқор», «Хўжа», «Холтўра»лар ҳужжатларда «Кушкар», «Ходжа», «Халтура»га айлантириб камситилди. Хўш, бунисига нима дейсиз?!

 

Тилимиз – фахру ифтихоримиз

Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошиб, фаол мулоқот воситасига айланяпти. Хусусан, турли даражадаги расмий учрашув ва суҳбатлар, музокараларда тилимизнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортмоқда. Нуфузли халқаро анжуманлар ва бошқа тадбирларда ўзбекона калом янграяпти. Хориждаги қатор таълим даргоҳларида, илмий муассасаларда ўзбек тилини ўрганиш марказлари ташкил этилмоқда. Тилимизни ўрганувчилар, унга қизиқувчилар сафи ортиб боряпти. Бу эса барчамизга фахр-ифтихор бағишлайди.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер хоним, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон Макгрегор, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм, ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь ва бошқалар ўзбек тилида самимий тилак ва табриклар билдираётгани, энг аввало, миллатимизга бўлган юксак ҳурматнинг амалдаги намунаси деб қараймиз.

Ўзбек тили бениҳоя бой тилдир. Буюк рус адиблари А. С. Пушкин, А. П. Чехов ва Л. Н. Толстой қаламига мансуб дурдона асарлар ўзбек тилига қанчалик маҳорат билан таржима қилинганини етук мутахассислар эътироф этишган. Рус тилида ишланган фильмларнинг ўзбек тилидаги талқинларига ҳатто россиялик ижодкорларнинг ўзлари ҳам тан беришган.

  

Она тилим, кечир мени, она тилим

Шу ўринда ҳассос шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг ушбу мисралари беихтиёр ёдга келади:

Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,

Шеър ёздим-у, бўлак ишни қотирмадим.

Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,

Бир эсласам эзилади бағри-дилим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

Кимлар учун биз эдик бир бадавийлар,

Ўзбекни қон қақшатганни ўзбек сийлар,

Ҳолимизни қон кузатди Яссавийлар,

Топганимиз ҳандалакдек тилим-тилим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Ўзимиз сабабчи

Қадимда халқлар ўз турар жойларидан мажбуран кўчирилганлари боис, улар бошқа минтақаларда яшовчи миллатлар билан қоришиб кетиб, уларнинг тилларини ўзлаштиришга мажбур бўлган. Эндиликда дунёда кичик халқлар ёшлари келажаги порлоқ сифатида кўриладиган иккинчи халқ тилидан фойдаланишга уринаётгани боис тиллар йўқолмоқда.

Қачонки болалар ўз она тилларида ўқишни тўхтатар экан, ўша тил йўқолиб кетиш арафасига келиб қолади. Уни сақлаб қолиш ўша халқнинг маданияти, урф-одати, анъана ва қадриятларининг сақланиб қолинишини англатади. Чунки халқ тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқдир.

Жорий йилнинг 17 март куни Халқаро пресс-клубда бўлган мунозарада педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев «Тошкентдаги ўрта мактабларнинг аксариятида рус тилида таълим бериляпти, Ўзбекистон пойтахтида ўзбек мактаблари русча мактаблардан кам» деди.

Очиғини айтганда, барчасига ўзимиз сабабчи. Фарзандимиз катта амалдор бўлиши, жудаям ўқимишли бўлиши учун, албатта, рус мактабида ўқиши керак, деган фикр билан шунча йил ўзимизни алдаб келдик. Айрим ҳамкасбларимиз билан бирор ҳужжат юзасидан тортишиб қолганда, «мана бу сўз мана бунақа ёзилади» десангиз, «узр, мен рус мактабида ўқиганман, ўзбек тилини унчалик тушунмайман», деб қўйишади.

Ўтган йили бир гуруҳ зиёлилар, халқ артистлари, олиму санъаткорларимиз «рус тилига расмий тил мақомини берайлик», деб чиққани ҳаммамизнинг эсимизда. Ҳа, тилимизнинг нуфузи пасайишига ўзимиз сабабчи.

Она тили маҳв этилган жойда маънавиятсизлик заҳарли қўзиқориндай потирлаб чиқади. Пировард натижада тил йўқолган заминда эл йўқолади. Бундай фалокатдан ҳар бир халқни Яратганнинг ўзи асрасин!

 

Тилимиз тақдири учун куйиниш

Мустақиллик халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини оширишни тақозо қилмоқда.

Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи – миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривож­лантириш ва қўлланилиши доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтарди. 2019 йил 4 октябрь куни Президентимиз «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги тарихий қарорни имзолади. Ўша йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Бу тарихий ҳодиса бўлди. Чунки бир неча юз йилликларга назар солсангиз, ўзбек тили тарихида бундай муҳим ҳужжатлар эълон қилинмаган.

Эътиборлиси, она тилимиз тақдири ҳақида куйиниш ҳисси пайдо бўлди. Негаки, хоҳ тилшунос олим, бирор соҳа раҳбари ёки ўқитувчи, қўйингки, оддий инсон бўлсин, она тилимизнинг келажаги ҳақида қайғуриши лозим. Тил – улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний айтганларидек, «миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти».

Шундай экан, тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшиш учун ҳар биримиз унга чуқур ҳурмат билан ёндашишимиз керак.

Азизжон Файзиев,

майор.