Қонун ўзбекона тус олди

  • 10:05
  • 21,05-2020
  • 66
  • Улашинг

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг 28-моддасида «Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Респуб­ликасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир», деб белгиланган. Лекин Тошкент вилоятида, айниқса, пойтахтимизда яшаш истагида бўлганларнинг аксарияти амалдаги қонунчиликда доимий пропискага ўтиш билан боғлиқ чекловларнинг кўплигидан норози эдилар. Буни ижтимоий тармоқлардаги чиқишлардан ҳам билиб олса бўларди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида «... асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида тафовут мавжуд. Бунинг ечими – ички миграцияни эркинлаштиришдан иборат. Шу боис, парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим», дея таъкидлаган эди.

Кенг жамоатчиликнинг фикри ҳисобга олиниб ҳамда Юртбошимизнинг кўрсатмасидан келиб чиқиб, «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланди. Жорий йилнинг 13 май куни давлатимиз раҳбари ушбу қонунни имзолади.

Унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга қисқача тўхталадиган бўлсак, авваламбор, қонуннинг номланиши ўзбекона тус олди. Аниқроғи, «доимий прописка» тушунчаси ўрнига «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчаси киритилди.

Илгари фуқароларга фақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга доимий рўйхатга туришга рухсат бериларди. Энди улар биринчи ва иккинчи даражадаги қариндош­ларининг эгалигида бўлган бошқа манзилдаги уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриши мумкин.

Қонунга киритилган яна бир янгилик оилага тарбияга олинган (патронат) болалар тутинган ота-онанинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши бўлди. Шунингдек, эр-хотиннинг никоҳдан кейин 1 йил давомида биргаликда яшаш шарти ва 1 йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар қонундан чиқарилди.

Янги қабул қилинган қонунга кўра, энди Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган давлат ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини олиб бораётган мутахассислар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади. Аммо техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимлари бундан мустасно.

Якунида шуни айтишимиз мумкинки, тизимни ислоҳ қилишдаги асосий янгиликлардан яна бири – фуқароларга, қаерда рўйхатда бўлишларидан қатъи назар, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан иккиламчи бозордан уй сотиб олиш имконияти яратилди. Ушбу тоифа фуқароларимиз юқоридаги қонуннинг 1-бандига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига яшаш жойлари бўйича доимий рўйхатга олинадилар.

Руслан КАРИМОВ,

ИИВ М ва ФРББ бўлим бошлиғи,

майор.