Орамизга "иблис девори" тушмасин

  • 15:05
  • 20,05-2020
  • 153
  • Улашинг

Атоқли ёзувчимиз Тоҳир Малик асари асосида 2008 йил ИИВ “Қалқон” студияси ва “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан суратга олинган “Иблис девори” фильмини кўрмаган одам бўлмаса керак. Ушбу фильм постановкачи режиссёри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев нафақат яхши фильм суратга олинишига бош-қош бўлган, балки унда бош роллардан бирини юксак маҳорат билан ижро этган. Фильмни томоша қиларканмиз, унда ака-ука ўртасидаги муносабатларни кўриб, ўйланиб қоласиз. Беихтиёр ўша лаҳзалар барчамизга танишдек туюлади. Ундаги воқеаларни ён-веримизда, қўни-қўшниларимизда, ҳатто яқинларимиз ҳаётида ҳам кўргандек бўламиз.

Тоҳир Маликни бу асарни ёзишга ундаган сабаб ҳам охирги пайтларда ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар ўртасида кўтарилаётган меҳр-оқибат бўлса керак, назаримда. Негаки, жигарларнинг жиққамушт бўлаётгани, юз кўрмас бўлиб кетаётгани, ораларига адоват уруғи сочилаётгани, ҳаттоки бир-бирига пичоқ кўтаришгача бораётганига бугун ҳаётимизда гувоҳ бўляпмиз.

Ёшлигимизда бувим раҳматли кимдир пичоқ ўқталса, ундан иймони кетади, дердилар. У кишининг нима демоқчи бўлганликларини йиллар ўтиб, ақлимиз қуюқлашганда тушундик. Орадан меҳр кўтарилиши, оқибатнинг йўқолиши кўплаб кулфатларга, салбий ҳолатларга йўл очар экан. Арзимаган сабаб туфайли бир қориндан талашиб тушган аканинг укага тан жароҳати етказиши, девор-дармиён қўшниларнинг йиллаб юз кўрмас бўлиб кетиши, ишхоналарда ёшларнинг катталарни беҳурмат қилиши, афсуски, жамиятимизда ҳамон учраб турибди. Ноилож, қуш уясида кўрганини қилади, ўзининг тарбиясизлиги фарзандларидан қайтади, деб таскин берасиз ўзингизга. Лекин бундан тўғри хулоса чиқарган чиқаради, чиқармаганнинг бошига бу кунлар бумеранг каби қайтиб келишини шу одамлар ўйлармикан?!

“Иблис девори” фильмида қаҳрамонлар суҳбатлашаётган бир саҳна ҳеч ёдимдан чиқмайди. Қишлоқдан келган амаки (Ёдгор Саъдиев) катта жияни, ички ишлар органларида ишлайдиган майорга юзланиб шундай дейди: “Илгари одамлар мол-ҳол экинни пайҳон қилмасин, деб девор солганлар. Кейинчалик бу девор одамларни бир-биридан ажратди, ундан кейин акани укадан. Лекин вақти келиб девор емирилар ёки бошқа сабаб билан уни бузиб ташлашар. Лекин ака-ука орасига девор тушса, бу ёмон. Ҳовлини ғишт девор ажратса, юракни бемеҳрлик ажратиб ташлайди. Билиб қўйларинг, бу девор кўнглиларингга озгина ором берар. Аммо қиёматдаги жавоби оғир кечади. Худодан, қиёматдан қўрқмасаларинг, болаларингдан уялларинглар.

Ушбу фильм ҳақида Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев интерьюларидан бирида шундай хотирлайди: “Биласизми, “Иблис девори” фильмида келин образи бор. У ака-укалар ўртасидаги машмашаларга, “иблис девори” қўйилишига сабабчи бўлган инсонлардан биттаси. Фильм сценарийсида Тоҳир ака (Тоҳир Малик демоқчи)дан илтимос қилганман, шуни ҳам “оқлайлик”, деб ҳамда фильм сўнгида ўша келин болаларига қарата, “Мен ҳам сизларнинг бекаму-кўст оила қуришингизни хоҳлаб, елиб-югургандим, шунинг учун жонимни жабборга бергандим. Ўзим минг ямоқда юрсам ҳам, сизнинг ярақлаб кийиниб юришингизни истагандим”, деган гапларини қўшганмиз. Шу гаплар билан аёлнинг қилган хатти-ҳаракатини ҳам “оқлаб юборганмиз”. Ўзбек ўзини демаса ҳам, бола-чақасини дейишини кўрсатиб берганмиз. Мен бу ҳақда кўп ўйлайман ва кўрсатиб беришга ҳаракат қиламан”.

Кеча бу фильмни яна бир бор томоша қилдим. Шу кино орқали ёзувчимиз ҳам, режиссёр ҳам ака-ука, ота-ўғил, опа-сингил, қўни-қўшнилар, бутун халқимизни яна бир бор огоҳликка чорламоқчи бўлганини, орамиздан меҳр кўтарилмаслигини айтмоқчидек бўлади. Сиз ҳам уни яна бир бор кўринг. Илоё, ҳеч биримизнинг орамизга “иблис девори” тушмасин!

Бернора САДИКОВА.