Кулфатларнинг дояси

  • 12:05
  • 20,05-2020
  • 103
  • Улашинг

...Янги йилни нишонламоқ ниятида собиқ синфдошлар галма-гал бир-бирининг уйида зиёфат уюштирдилар. Ўтиришларда ичкиликбозлик ҳаддан ошди. Тун яримлаган маҳал уйларига тарқалишди. Аммо тунги соат учда улардан бири иккинчисининг хонадонига кириб, уйқудаги «дўсти»ни «Сен ўлишинг керак», деганча бўға бошлади. Бунга жавобан мезбон унинг бошига курси билан бир неча марта урди. Оқибатда сал илгари қадаҳ уриштириб, бир-бирига дунё эзгуликларини тилаганлардан бири марҳумга, бошқаси эса қо­тилга айланди.

...Кечга яқин паррандачилик фермаси ҳудудидаги бинода икки эркак улфатчилик қилди. Кўп ўтмай, улар ўртасида келишмовчилик юз берди. Сўкиш ва ҳақоратдан бошланган даҳанаки жанжал муштлашувга айланди. Улардан бири стол устида турган пичоқ билан «шишадоши»нинг кўкрагига зарба берди. Жабр­ланувчи тиббий муолажалар кўрсатилишига ҳам қарамасдан, шифохонада вафот этди.

Тафсилотлари баён қилинган ҳар икки воқеа Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида рўй берган. Агарда ароқ аталмиш заҳри қотил ва у туфайли вужудга келадиган ихтиёрий ақлсизлик бўлмаганида, бу кўнгилсизликлар қаёқда эди?!

Бугун юз бераётган жиноятларнинг аксарига ичкиликбозлик сабаб эканлиги ҳеч кимга сир эмас.Яна шуниси аниқки, спиртли ичимликларнинг зарарини ҳамма яхши билади. Ҳатто ароқхўр ота ҳам фарзанди унинг хатоларини так­рорлашини истамайди. Бундай хулосага келишга бизни вилоят наркология диспансерида кузатганларимиз ундади.

Бу ерда даволанаётганлар бегоналардан юзларини яширишади, нима учун ичишлари ҳақида сўзлашдан тортинади. Шунга қарамасдан, улар орасида юрагини тўлдириб турган ғамни тўкишга жазм қилгувчилар ҳам топилади.

— Баъзан фарзандимни соғинганимда ичаман, — дейди кўзлари жиққа ёшга тўлган аёл. — Ичкилик ортидан оилам бузилган, ўғлим эримда қолган. Ичган одам ақл-ҳушини йўқотади, тушкунликка тушиб қолади. Нима қилаётганини ўзи билмайди, ҳатто ўз жонингга қасд қилгинг келади. Ичиб боласига қаттиқ азоб берганларни ҳам кўрганман. Йўқ..., бошқа гапира олмайман....

Кейинги суҳбатдошимиз эса давлат идорасида ишлаган. Айтишларича, яхши мутахассис бўлган, фақат ичкиликдан ўзини тия олмаган. Диспансерда учинчи марта даволаниши, ўзини иродасизликда айблайди:

— Спиртли ичимликка қул бўлган одам бирйўла ҳаммасидан ажралади – ишидан, оиласидан, обрўсидан. Касофатинг нафақат ўзингга, балки оилангга ҳам уради. Фарзандларинг «ота» дейишдан тортинади. Ҳеч кимга бу балони раво кўрмайман.

Диспансерда даволана­ётганлардан бирини суриш­тираётган аёл ва унинг ёшгина ўғли эътиборимизни тортди. Улар ўзини ўзи беморга айлантирган, аёлига суянч, фарзандига ибрат бўла олмаган отани сўроқлаб келганди. Она ва ўғил юзида фақат ва фақат хижолат зоҳир эди...

Маълумот ўрнида айтиш керакки, биргина 2019 йилда вилоят наркология диспансерида ўз хоҳиши билан 1606 киши соғлиғини тиклаган. Шунингдек, бу ерда ҳар ойда ўртача юздан ошиқ бемор суд қарори асосида мажбурий тарзда даволанади. Бу рақамлар ортида не-не муаммолар, қанчадан-қанча дардлар, ташвишлар борлигини бир зум кўз олдингизга келтиринг-а. Айтганча, бу иллатнинг омиллари билан ҳеч қизиқиб кўрганмисиз?

— Инсон психологик зўриқишдан халос бўлиш, кундалик муаммолар, нохушлик ва қийинчиликлар ҳақида ўйламаслик, кўтаринки кайфият туйғусини ҳис этиш, руҳан енгиллашиш мақсадида ичкиликка ружу қўяди, — дейди психолог Дилфуза Тўйчиева. — Шу билан бирга, ичкиликбозликни қўллаб-қувватловчи тўй-маросимлар, атрофдагиларнинг спиртли ичимликлар истеъмолига муроса билан қараши, одамларнинг бўш вақтини тўғри ўтказиш имконини берувчи моддий базанинг сустлиги, алкоголли маҳсулотларнинг тарғиб қилиниши мазкур иллатга йўл очади.

— Алкоголли ичимликлар хотира ва ақлий фаоллик сустлашуви, идрок заифлашуви, ҳиссиётлар йўқолишини келтириб чиқаради, — дея суҳбатга қўшилади вилоят наркология диспансери бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Адҳам Ропижонов. — Ошқозон яраси, гепатит, жигар циррози, инсульт, инфаркт каби ўнга яқин хасталикларга сабаб бўлади. Энг ёмони, сурункали ичкиликбозлар ўзларини назорат қила олмайди. Оқибатда ахлоқсизлик ва жиноятга қўл уради.

Мутахассислар таъкидига кўра, ичкилик инсоннинг руҳиятини шикастлайди. Характерда жиззакилик ва қўрсликни пайдо қилади. Бу иллат қарамига айланиб қолганлар учун ахлоқ ва қонунийлик чегаралари йўқолади.

Таъкидлаш керакки, инсон ҳаётини издан чиқарувчи, соғлиғини емирувчи ва жиноятчилик омили бўлган ичкиликбозликка қарши мамлакатимизда самарали тадбирлар амалга оширилмоқда. Вояга етмаганларга спиртли ичимликлар сотмаслик, алкоголли маҳсулотларнинг оммавий ахборот воситаларида тарғиб этилишини чеклаш, бу иллатга қарши кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш кабилар шулар жумласидан. Мазкур жараёнда ички ишлар органлари манфаатдор тизим сифатида фаол қатнашмоқда.

— Ўтган йили вилоятимизда рўй берган жиноятларнинг 60 тасига спиртли ичимликларга ружу қўйган фуқаролар томонидан содир этилган, — дейди вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Мирзабек Рўзиқулов. — Жумладан, юз берган 14 та қасддан одам ўлдириш ёки суиқасд қилиш жиноятининг 9 таси маст фуқаролар томонидан содир этилган. Шу сабабли вилоят ички ишлар органлари ичкиликбозликка қарши тезкор-профилактик тадбирларни мунтазам ўтказиб келмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг январь ойи ҳамда февраль ойининг биринчи ўн кунлигида 132 ҳолатда ноқонуний спиртли ичимликлар савдоси йўлга қўйилган нуқталар аниқланиб, фаолиятига барҳам берилди. Жойларда ичкиликбозликка қарши кенг кўламли тарғибот тадбирлари ўтказиляпти.

Хулоса сифатида айтиш жоизки, инсонга юксак тафаккур, мукаммал тана ва соғлиқ ато этилган. Бу неъматларни қадрлаш ёки ичкилик билан заҳарлаб, тубанликка қулаш ўз ихтиёримизда. Фикримизча, бу ҳақда барчамиз чуқур ўйлаб кўрсак, асло зарар қилмайди.

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Жиззах вилояти.