Афсонавий режиссёр эди…

  • 17:05
  • 19,05-2020
  • 66
  • Улашинг

Афсонавий режиссёр, машҳур фильмлар муаллифи Леонид Гайдайнинг фильмлари қалбимиздан шунчалик чуқур жой олганки, қайта-қайта кўрарканмиз, ҳар сафар таассуротларимиз бойиб бораверади...

Леонид Гайдайнинг биринчи – «Олис йўл» фильми 1956 йилда суратга олинган бўлиб, В. Короленконинг Сибирь ҳақидаги туркум ҳикоялари асосида тасмага туширилган эди. Кейинги фильми кинокомедия жанрида бўлиб, у Гайдайни шуҳрат чўққисига олиб чиққанини кино мутахассислари ҳақли равишда эътироф этади.

Унинг ҳар бир комедиясини томошабинлар ҳақиқий шоҳ асар сифатида қабул қилишарди. Эътиборли жиҳати, улар юморнинг ёрқин намунаси ва бир вақтнинг ўзида ижтимоий муаммоларнинг ўзига хос талқин этилиши билан ажралиб турарди. Режиссёрнинг севимли даври 1920 йиллар бўлиб, у бу даврни «12 стул», «Бўлиши мумкин эмас!» фильмларида акс эттирди.

Гайдайнинг севимли қаҳрамонлари машҳур учлик – Юрий Никулин, Георгий Вицин ва Евгений Моргуновлар томонидан ижро этилган «Валакисаланг», «Қўрқоқ» ва «Туллак» образлари ҳисобланади. Улар «Кўппак Барбос ва ғалати кросс», «Самогончилар», «Ы» оперaцияси ва Шурикнинг бошқа саргузаштлари», «Кавказ асираси» фильмлари орқали мухлисларга яхши таниш. Режиссёрнинг сўнгги икки фильми, шунингдек, «Бриллиант қўл» ва «Иван Васильевич касбини ўзгартиради» киномухлислар томонидан энг кўп томоша қилинган фильмлар сирасига киради. Улардаги ўзига хос персонажлар, уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати, гап-сўзи хотирамизда муҳрланиб қолганлиги асло муболаға эмас.

Ҳаёт ҳар хил тасодиф ва кутилмаган воқеаларга тўла. Табиийки, бундай тасодифлар кино соҳасига ҳам бегона эмас. «Кавказ асираси» дастлаб комиссия аъзолари томонидан жиддий танқидга учрайди. Уни экранларга чиқармасликка қарор қилинади. Қарангки, фильмни ҳам, режиссёрини ҳам бахтли тасодиф қутқариб қолади. «Мосфильм»га Кремлдан қўнғироқ қилиб, томоша қилиш учун янги комедия жўнатишни сўрашади. Ўша пайтда Леонид Гайдай суратга олган «Кавказ асираси»дан бошқа фильм йўқлиги боис, уни беришга мажбур бўлишди.

Леонид Брежнев «Кавказ асираси»ни томоша қилгач, Давлат кино қўмитаси раисига қўнғироқ қилиб, «Мосфильм»ни янги муваффақияти билан табриклайди. Бу фильмнинг катта экранларга чиқишига имконият яратади.

Гайдай комедия жанрининг таниқли арбоби сифатида тан олинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳар бир ижодкорнинг юксак асарлар яратишида унга қанот бағишловчи шахслар бўлади. Шу маънода, рафиқаси Нина Гребешкова унинг энг яқин ёрдамчиси ва муваффақиятга эришувида илҳомлантирувчиси эди. Кейинги йилларда у «Ҳаёт учун хавфли!» (1985), «Хусусий детектив ёки «Кооперация» операцияси» (1989) ва «Дерибасовада об-ҳаво яхши ёки Брайтон-Бичда яна ёмғир (1992) комедияларини суратга олди. Демак, мазкур фильмларнинг муваффақият қозониб, ҳатто «жиддий» инсонларга ҳам кулги ҳиссини улашгани учун унинг рафиқасига миннатдорлик билдирсак бўлади.

У рафиқаси – актриса Нина Гребешкова билан биргаликда 30 йилдан ошиқроқ вақт бахтли ҳаёт кечиради. Рафиқаси унинг фильмларида кичик ролларни ижро этганидан, режиссёрнинг ўта талабчан бўлганини англашимиз мумкин. Баъзида танишлари унга Нина Гребешковага катта ролларни берса бўлиши ҳақида шаъма қилганда, жавоб тариқасида рафиқасига қанақа роллар мос келишини яхши билишини айтарди. Н. Гребешкова «Бриллиант қўл»дагини бош роллардан бири – Горбунков (Юрий Никулин)нинг рафиқаси ролини ижро этади.

Леонид Гайдай 1993 йилнинг 19 ноябрида 70 ёшида оғир касалликдан вафот этди.

Шерзод АБДУСАМАДОВ тайёрлади.