Ишқибознинг ҳийласи

  • 10:05
  • 19,05-2020
  • 62
  • Улашинг

мансабдор шахснинг тамагирлигига чек қўйди

  Д.З. болалигидан балиқ тутишга ишқибоз. У ишдан кейин ёки дам олиш кунлари балиқ овига чиқмаса, хумори босилмайди. Карантин даврида балиқ овлаёлмай анча қийналди...

   Яқинда ўйчи ўйлагунча, таваккалчи ишини битиради, деган ақидага амал қилиб, Бухоро тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи “Жўйзар” канали томон йўл олди. Каналга қармоғини ташлаб, анча пойлаб турди. Ови бароридан келмаганига хуноб бўлиб турган эди, бир киши унинг олдига келиб, ўзини вилоят мутасадди ташкилоти масъул ходими Қ.Л. деб таништирди ва мақсадга ўтди.

 – Карантин пайти уйдан чиқиш ман этилганини билсангиз керак. Қолаверса, қонунга хилоф равишда балиқ овлаяпсиз. Бу иккиси ҳам жиноят. Исм-фамилиянгизни айтинг, – дея алланима ёза бошлади.

 – Ака, бир сафар кечиринг, илтимос. Қайтиб бу ишни қилмайман, –деди Д.З. масъул ходимга юзланиб.

– Келишсак, майли. Қозоннинг қопқоғини очмай турамиз. Бу иккимизга ҳам маъқул, – деди у муғамбирона тиржайиб.

Ишқибоз зийрак эмасми?! Дарров таклиф мавзусини англади.

– Қанча сўрайсиз?

– Икки юз доллар берсанг бўлди. Мен сени кўрганим йўқ, сен мени... тушунгандирсан? – сўради масъул ходим.

– Тушунишга тушунарли. Аммо ҳозир бунча пулни беролмайман. Қурбим етмайди, – деди Д.З. ростига кўчиб.

– Бу ёғи сенинг муаммонг. Маъқул бўлса, ёзмайман. Бўлмаса, жим ўтир. Маъмурий баённома расмийлаштирай, суд қонуний чора кўради. Мен айтган пулдан кўпроғини тўлайсан ҳали, – дея нималарнидир ёза бошлади.

Д.З. шошиб қолди ва ноилож таклифга кўнди.

– Қариндошлардан сўраб кўрай-чи? Балки топилиб қолар, – деди чорасини топгунча вақтни чўзиш истагида. Бироқ масъул ходим: “Эртагача муҳлат, олиб келмасанг, ишинг чатоқ. Мен сенга ишондим, келишдикми?” – деди. Д.З. тасдиқ жавобини қилгач, кўнгли хотиржам бўлиб кетди.

Д.З. эрталабгача ўйлаб чиқди. Ҳатто таниш-билишларидан пул ҳам сўраб кўрди. Чораси топилавермагач, ҳуқуқ тартибот идорасига мурожаат қилди.  

Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими ва вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан фуқаро Д.З.нинг аризаси юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро туманидаги “Деҳқон бозори” ёнида вилоят мутасадди ташкилоти масъул ходими Қ.Л. мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда, фуқаро Д.З.дан қонунга хилоф равишда балиқ овлаётганлиги учун унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва қонуний чора кўрмаслик эвазига кимёвий ишлов берилган 1.150.000 сўм пулни пора тариқасида олган вақтда жиноят устида ушланди.

Ҳолат юзасидан Қ.Л.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Мирзоқул АҲАДОВ,

“Postda”  мухбири.

  Бухоро вилояти.