“Ички ишлар органлари ходимларидан миннатдормиз”

  • 12:05
  • 18,05-2020
  • 72
  • Улашинг

Инсон бардошининг меъёри ёки ўлчами бормикан? У қай даражада синовларга чидай олади ёки синади? Бугун халқимиз бошига тушаётган синовлар бизни аслимизни, кимлигимизни ва нимага қодир ё заифлигимизни яққол кўрсатиб қўймоқда. Салкам икки ой пандемия шароитида яшаб келаяпмиз. Бухородаги табиий офат, Сардобадаги талафот бизни инсон инсонга қадрли экани, халқимиз нақадар шафқатли ва бағрикенглигини амалда ҳис қилишимизга сабаб бўлди.
Ҳамюртларимиз карантин чекловларига, қийинчиликларга қарамай сардобаликларни беэътибор қолдирмади, меҳр кўрсатди, елкадош бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган тийинлаб йиққан маблағини бўлишган болакайни эсланг. Нақадар таъсирли ҳолат. Шу мурғак қалбда шунча одамийлик, меҳр-шафқат жўш уриб турганидан беихтиёр кўзларимиз ёшланмай иложи йўқ, албатта.
Мазкур давр ичида кўпгина ҳамюртларимиз ишсиз, даромад манбаисиз қолди. Бироқ мамлакатимиздаги давлат идоралари, саховатпеша инсонлар бу тоифа ҳамюртларимизга ғамхўрлик кўрсатиш баробарида ёрдам қўлини чўзмоқда. Шу жумладан жойлардаги учинчи секторлар фаолиятида пандемия даврида даромадсиз қолган, кам таъминланган оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш энг устувор вазифа сифатида қаралгани фикримиз далилидир.
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ишчи гуруҳи томонидан Наманган вилояти Наманган туманидаги учинчи сектор фаолияти ўрганилди. Мазкур сектор ҳудудига 12 та маҳалла фуқаролар йиғини киради, аҳоли сони 42 мингдан, оилалар сони 10 мингдан ошиқ. Айтиш жоизки, учинчи сектор томонидан пандемия даври бошидан буён бир қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, ҳудуддаги 12 та МФЙлардан рўйхат асосида ажратиб олинган 423 та кам таъминланган ва карантин даврида даромадсиз қолган оилаларга ҳомийлар бириктирилиб, уларга эҳтиёжи учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
“Қумқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 46 ёшли Назира Ҳожиева ёлғиз ўзи яшайди, кам таъминланган оила ҳисобланади. Сектор аъзолари мазкур шароитда унинг уйига ташриф буюриб, ҳолидан хабар олишди ва зарурий кўмакларни кўрсатишди. Ходимлар томонидан унинг томорқасига турли кўчатлар экилди. Шунингдек, рўзғорига ёрдам сифатида ўн беш кунга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.


Шу ўринда яна бир мисол келтирсак. “Шерқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Камолиддин Ўғлоновнинг оиласи ҳам кам таъминланган оилалар сирасига киради. Сектор томонидан унинг ҳам яшаш шароитлари ўрганилиб, туман ИИБ бошлиғи ташаббуси билан унга бир сотих ер майдонига иссиқхона қуриб берилди.
- Моддий шароитимизни яхшилаб олишимиз учун ички ишлар ходимлари бизга иссиқхона қуриб беришди, - дейди мазкур хонадон эгаларидан бири Феруза Худойбердиева. – Ундан унумли фойдаланиб, яхши ҳосил олиш ниятидамиз. Ички ишлар органлари ходимларидан миннатдормиз, омон бўлишсин. Шундай қийин пайтда кўмакларини аямади.
Ишчи гуруҳи учинчи сектор фаолияти билан танишар экан, бир неча хонадонларга ташриф буюриб, оилалардаги шароитлар, сектор томонидан кўрсатилаётган ёрдам, қай даражада уларни қўллаб-қувватлаб келинаётгани билан қизиқди. Олиб борилган кузатув ва ўрганишлар натижасида керакли таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Азиза ЖОНИЕВА,
“Postda” мухбири.
Наманган вилояти.

С. Болтабоев олган сурат.