Баркамоллик ёр бўлсин!

  • 10:05
  • 12,05-2020
  • 225
  • Улашинг

Матбуот – жамият кўзгуси деган ибора бор. Чунки, кундалик ҳаётимизда рўй бераётган воқеа, ҳодисалар, жамиятдаги ўзгаришларни матбуот орқали билиб борамиз. Матбуот нашрлари ичида газетанинг ўрни, мавқеи алоҳида аҳамиятга моликдир. Кўпчилигимиз эрталаб ишни кундалик газеталарга кўз югуртиришдан бошлаймиз. Янгиликлар, фармон, қарорларни ўқиб, бугунги кун нафасидан баҳра оламиз.

Мен Ички ишлар вазири бўлиб иш бошлаганимда “Постда-На Посту” газеталари қайта тикланиб (1991 йил), яна газетхонларга тарқатила бошлаганди. Бу нашрларни кўпдан бери мухлисиман. Ўша етмишинчи йилларнинг бошида газеталар фаолияти тўхтатилганида кўпчилик норозилик билдирганди. Аммо, жамиятдаги ҳукмрон мафкуранинг бу қарорига ҳеч ким қарши чиқолмаган. Йиллар ўтиб, газеталар яна столимиз устида пайдо бўлганида кўпдан бери кутган кун келганидан, яна “Постда-На Посту” газеталари фаолияти тикланганидан хурсанд бўлганмиз.

Мустақилликнинг дастлабки кунларидан элимиз эришган ҳурлик ва истиқлолни баралла овоза қилган газеталар қаторида “Постда-На Посту” ҳам бўлган. Дастлабки қийинчилик, мураккаблик исканжасида қолган халқимизнинг дилига қувват бағишлаган, онгига озодлик руҳини сингдирган нашрлар сафида бўлганди.

Ички ишлар органлари ходимларининг машаққатли, шу билан бирга шарафли хизматларини халқимизга кўрсатиш, фидойи ходимларнинг номини элга танитишда “Постда-На Посту” газеталарининг ўрни беқиёсдир. Ички ишлар органлари ходимлари зиммаларидаги шарафли вазифа – юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, барқарорликни мустаҳкамлаш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, унга қарши курашиш, жамоат тартиби ва энг муҳими, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун кечаю-кундуз хизмат қилишади. Хизматнинг машаққатли, шу билан бирга шарафли томонларини одамлар газетада тасвирланган воқеалар, ҳолатлардан билишади. Журналистлар бунинг учун бор билим, иқтидор, маҳорат ва тажрибасини ишга солишади.

Кейинги йилларда ички ишлар органларидаги ўзгаришлар, Президентимиз ва ҳукумат томонидан ички ишлар органлари фаолиятини ҳар томонлама яхшилаш юзасидан чиқарилган фармон ва қарорларни халққа етказиш, ички ишлар органлари ходимларининг онгига сингдиришда газеталарнинг хизмати катта бўлмоқда.

Давр шиддат билан олға бораётган бир пайтда газеталар ҳар томонлама замон талаби даражасига етиш учун ҳаракат қилаётгани кўриниб турибди. Шуниси ҳам борки, бу севимли нашрларнинг ички ишлар органлари ходимларидан ташқари ҳам мухлислари кўп. Йилдан йилга газетхонлар аудиторияси кенгайиб бораётгани таҳририят жамоаси, ижодкорларнинг катта меҳнати самарасидир.

“Постда-На Посту” газеталари чиқа бошлаганига тўқсон йил тўлди. Бу қутлуғ сана билан таҳририят жамоаси, ижодий ходимларини, кўп минг кишилик мухлисларини қизғин қутлайман. Бундан кейин ҳам газетхонларнинг севимли нашрлари бўлиб қолади деган умиддаман.

Зокиржон АЛМАТОВ,
Ички ишлар вазири маслаҳатчиси,

генерал-полковник.