“Азизжон акам ўлмаган”

  • 10:05
  • 11,05-2020
  • 125
  • Улашинг

Турмуш ўртоғидан бевақт айрилиш аёл киши учун оғир жудолик. Фурқат туманидаги Бекобод қишлоғида яшовчи Садоқатхон Мирсаидованинг бошига ҳам тақдирнинг ана шундай аччиқ синови тушди.

Турмуш ўртоғи, подполковник Азизжон Деҳқонов Бешариқ тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишларди. 2015 йилнинг 10 декабрь куни тунги хизматга жалб этилган ходимларнинг хизмат фаолиятини текшириб юрган вақтда йўл-транспорт ҳодисасига учраб вафот этди.

– Икковимиз ҳам Қўқон давлат педагогика институтида таҳсил олганмиз, – дейди Садоқатхон Мирсаидова. – Бир-биримизга кўнгил боғлаб, 1995 йилда оила қурдик. Худо бизга уч нафар фарзанд берди. Аммо кутилмаган фожиа рўй берди. Аёл кишига жуда қийин экан, ўзимни базўр юпатсам ҳам болаларимни анчагача юпатолмадим. Айниқса, қизимиз дадасидан айрилганига ишонгиси келмай, жуда қийналди.

Инсон боласи тақдирнинг ҳар қандай синовига чидашга мажбур. Садоқатхон Мирсаидова ҳам ўзида куч ва ирода топди. Турмуш ўртоғини соғинганида фарзандларига билдирмай, юм-юм йиғлаб олди, бировга сездирмади. Аммо фарзандлар иқболи учун ўзини қўлга олишга уринди.

Подполковник А.Деҳқонов хизмат фаолиятини Қўқон шаҳридаги тергов ҳибсхонасида бошлаган эди. 2001 йилдан Фурқат тумани ИИБга профилактика хизматига ишга ўтди. Профилактика инспектори сифатида намунали фаолият юритгани ва ўзининг юксак билимини амалда намойиш этгани учун кўп ўтмай уни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимига бошлиқ этиб тайинлашди. Кейинчалик Фурқат тумани ИИБ бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари вазифасига тайинланди.

Қарийб беш йил бу вазифасида сидқилдан ишлагач, Бешариқ тумани ИИБ бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари вазифасига ўтказилди. Аммо бевақт ўлим айни куч-қувватга тўлган, бой амалий тажриба тўплаб, устозлар қаторига қўшилган фидойи ходимни орамиздан эрта олиб кетди.

– Акамда ички ишлар органлари ходимларига зарур бўлган барча фазилатлар мужассам эди, – дея хотирлайди марҳумнинг укаси, Қўқон шаҳар 2-милиция бўлинмаси навбатчиси, капитан Дилшоджон Деҳқонов. – Мен ҳам унга ҳавас қилиб, шу соҳани танлаганман. Акам доим менга қатъий тартиб-интизомни, бурчга садоқатни эслатиб турарди. Ҳозир жуда кўплаб шогирдлари мени кўрганда, худди акамни кўргандек қучоқ очиб саломлашишади, унинг яхши ишларини хотирлашади.

Азизжон Деҳқоновнинг икки нафар ўғли – Муслимбек ва Исломбек навқирон ўғлон бўлиб вояга етишди. Муслимбек онаси каби педагоглик касбини танлаган бўлса, Исломбек отаси каби ички ишлар органи ходими бўлишни ният қилиб, ИИВ Академияси синовларига пухта тайёргарлик кўрмоқда.

– Дадамнинг хизмат кийими ҳалиям уйимизнинг тўрида турибди, – дейди Исломбек ғурур билан. – Кийиб кўрсам, ҳозир айнан менга муносиб экан. Келажакда, албатта, шу либосни кийиб, дадам етолмаган орзуларни амалга ошираман.

“Одамларни меҳр бирлаштиради, дунёни меҳр-муҳаббат асраб туради”, дейди донолар. Азизбек ва Садоқатхонларни ҳам меҳр бирлаштирган эди. Улар олийгоҳда танишиб, бир-бирига кўнгил қўйди, турмуш қуриб, 20 йил бахтли ҳаёт кечиришди.

– У киши аксарият вақтини ишда ўтказарди, – дейди кўзида ёш билан Садоқатхон. – Ички ишлар органи ходимининг касби осон эмас. Мен буни яхши билганим учун ҳам турмуш ўртоғимни доим тушунишга ҳаракат қилганман. 20 йил давомида унинг ишдан келишини ҳар куни кутиб, соғиниб яшадим. Ҳозир ҳам ўлганига ишонмайман. Ҳали ҳам кутаман. Гўё мўъжиза юз беради-ю, Азизжон акам остонадан кириб келадигандек...

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Postda” мухбири

Фарғона вилояти.