Ўзганинг моли буюрмас...

  • 11:05
  • 10,05-2020
  • 129
  • Улашинг

Сардоба туманида юз берган офат натижасида талафот етган ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролардан келаётган мурожаат ва хабарларни қабул қилиш мақсадида “Мурожаатларни қабул қилиш маркази” ташкил этилди.

Бироқ, эл бошига ташвиш тушган бир пайтда айрим носоғлом фикрга эга бўлган фуқаролар томонидан ижтимоий тармоқларда, қолаверса, аҳоли орасида турли ёлғон хабарлар тарқалмоқда.

Жумладан, яқинда Мирзаобод туманида фуқароларнинг мол-мулки, чорва моллари талон-торож бўлаётгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалди. Ачинарлиси, айни пайтда чет элда бўлиб турган фуқароларимиз томонидан ҳам ушбу хабарларнинг билиб-билмай тарқатилаётганлигидир. Лекин шу вақтга қадар фуқаролар томонидан туман ИИБга ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ушбу мазмундаги мурожаатлар келиб тушмаган.

Фалокат юз бериб, аҳолиси эвакуация қилинган ҳудудлар ички ишлар органлари томонидан тўлиқ назоратга олиниб, хавфсизлиги таъминланмоқда. Инкор этиб бўлмайди, ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида оғилхоналарда боғланган ҳолда қолган ёки сув тошқинидан чиқиб кетиш имкони бўлмаган жойларда қолган 3743 та чорва моли нобуд бўлган. 4274 чорва моли хавфсиз ҳудудларга кўчирилиб ўз эгаларига топширилмоқда. Ҳозирда Мирзаобод туманининг Навбаҳор маҳалласи беда майдонида 200дан ортиқ чорва моллари ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўриқловга олинган. Чорва молларини йўқотган (ўғирлатган) фуқароларимиздан ушбу манзилдан келиб, чорва молларини олиб кетишларини сўраймиз.

Чорва моллари сақланаётган майдонда тўсиқ постлар ташкил қилинган. Мазкур постда чорва молларини олиб кетаётган ҳар бир юк машинаси ва пиёдалар назоратдан ўтказилиб, ушбу мулк айнан шу фуқарога тегишли эканлиги синчиклаб ўрганилиб, жараён фото ва видео тасвирга олиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнггина чорва моллари ўз эгаларига қайтарилмоқда. Бу орқали чорва моллари ва бошқа нарса-буюмлар туман ҳудудидан ноқонуний олиб чиқилишининг олди олиняпти.

Синовли кунлар халқимизни янада бирлаштирди. “Бирмиз, биргаликда енгамиз!” деган шиор умумхалқ ҳаракатига айланди. Барча ҳудудлардан гуманитар ёрдам келиб турган бир пайтда асл сирдарёликлар ўз халқига, унинг молига, мулкига, омонатига хиёнат қилмайди, аксинча, уни кўз қорачиғидек асрайди. 

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати.