Мақсадига интилаётган Мақсуд

  • 10:05
  • 10,05-2020
  • 144
  • Улашинг

Сафдор Сахатов Мақсуд Зокиржонович 1990 йилда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида туғилган. Ҳозирда Бухоро вилояти ИИБ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ППХ батальони иккинчи отряди ҳайдовчи-ходими лавозимида хизмат қилмоқда.

Шу йилнинг 25 апрель куни Бухоро шаҳар ИИОФМБ 3-сонли ИИБ томонидан қидирувга берилган шубҳали шахснинг сурати тарқатилганди. Мақсуд эртаси куни ўзига бириктирилган ҳудудда хизмат олиб бораётган пайтда айнан қидирувдаги шахсга ўхшаш кимсани кўриб қолади. Осойишталик посбони унга яқинлашиб, ҳужжатларини сўрайди. Лекин унда шахсини тасдиқловчи ҳужжат йўқ эди. Шундан сўнг шахсини аниқлаш мақсадида 3-сонли ИИБга олиб боради. Суриштирув жараёнида у айнан қидирувдаги шахс эканлиги, икки кун олдин Бухоро шаҳрида яшовчи М. Бобирга тегишли “Кобальт” русумли автомашинадан ўғрилик жиноятини содир қилганлиги маълум бўлди. У шу заҳоти қўлга олинди.

Қаҳрамонимиз айни кунларда кучли шамол оқибатида зарар кўрган Қоракўл туманидаги маҳаллаларда вужудга келган талафотларни бартараф этиш ва аҳолига ёрдам кўрсатиш мақсадида жалб қилинган ички ишлар органлари ходимлари сафида жавлон ураяпти, қурилиш-тиклаш ишларига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

– Айни пайтда ёрдамга муҳтож аҳолига мадад бераётганимдан бахтиёрман. Яқин кунларда туманимиз кўрки олдингиданда чиройли бўлишига ишонаман, – дейди сафдор Мақсуд Сахатов.

Ватанимиз тинчлигини, фуқаролар осойишталигини таъминлашдек шарафли вазифани фидойилик билан адо этаётган азамат йигитнинг хизмат фаолияти ана шундай самарали давом этмоқда. Сафдор М. Сахатов сингари фидойи касб эгалари билан доим фахрланамиз.

Мирзоқул АҲАДОВ,

“Роstdа” мухбири.

 Бухоро вилояти.

Суратда сафдор Мақсуд Сахатов.