“Сўзимда муболаға йўқ”

  • 18:05
  • 09,05-2020
  • 122
  • Улашинг

Ахрор ОЧИЛОВ,
Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг
“Ватанпарвар” Бирлашган таҳририяти
бош муҳаррири, майор

Мен “Постда” гезетасининг мухлисларидан бириман. Ҳар гал газетани катта қизиқиш билан қўлга оламан, мутолаа қиламан. Бу сўзларим ким учундир шунчаки мақтов учун айтилаётгандек туйилишини сезиб турибман. Чунки табрик ёки мақтовда фақат яхши гаплар айтилади-да. Лекин ишонинг, менинг гапларимда асло муболаға йўқ: “Постда” ҳар қандай яхши гапга, мақтовга лойиқ отахон газета. Зеро, 90 йил кичик фурсат эмас. У бир инсон умрини ўз ичига оладиган табаррук давр. Бу йиллар давомида газета ўз сўзига, услубига эга нашр сифатида сайқалланди, ранг-баранглашди. Бундай ўзгаришлар газетхонларнинг эътиборидан четда қолгани йўқ.
Мен газетанинг ҳар сонини қизиқиш билан кузатиб бораман. У юртимиз осойишталигини, тинчлигини кўз қорачиғидек авайлаб-асраётган Ватан посбонларининг маҳоратидан, матонатидан, жасоратидан сўзлайди. Сўзлаганда ҳам юракка етказиб маромида сўзлайди. Бундан хулоса қилиб айтишим мумкин: газета ўз атрофига сўзни қурол, ҳақиқатни дастак қилган, журъатни фазилат деб билган моҳир қалам аҳлини жамлаган. Улар мамлакатимиздаги ўзгариш ва янгиланишларни замонга мос равишда тезкорлик ва моҳирлик билан халқимизга етказмоқдаки, бу уларнинг ўз касбига фидойи ва жонкуярлигидан далолат беради. Шунинг учун ҳам нашр йиллар ўтса-да муштарийлар назаридан четда қолмади.
Фурсатдан фойдаланиб, бу фидойи жамоани қутлуғ кун билан самимий муборакбод этаман. Нашр ўз рейтингини баланд сақлаб, ҳар доим муштарийларнинг севимли газетаси бўлиб қолсин.