Бизни қутлайдилар

  • 11:05
  • 08,05-2020
  • 153
  • Улашинг

 Жаҳонгир МАКСУМОВ,

 Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг «Huquq» газетаси таҳририяти бош муҳаррири.

 Салмоғи тарихидан аён

 Қарийб бир асрлик ҳаёт йўли. Мамлакатимизда бундай салмоқли фаолият юритаётган нашрлар саноқли. “Postda-На посту” газетаси шулардан бири.

Халқимиз орасидан мазкур нашрни билмайдиганларни топиш қийин. Ўзим уни мактаб давримдан биламан. Жиноятчиликка қарши кураш, ўқув машқлари ва форма кийган акалар ҳақидаги материал ҳамда фотолавҳалар қизиқарли ва завқли туюларди, ўшанда.

Бугун муносабат ўзгача. Мазкур нашрнинг мақсади ва вазифаси муҳимлигини англаш осон. Газета жамиятда ҳуқуқий билимни ошириш, жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олиш мақсадида ғайрат қилаётган матбуотдир. Соҳа учун муҳим, доимгидай қизиқарли ва ўқувчилари сони ошиб бораётган газетанинг чоп этиб келинаётганига деярли бир аср бўлибди. Аниқроғи, 90 йил.

Мушоҳада қилсак, аср мобайнида нашрга эҳтиёж, қизиқиш бор, уни мутолаа қилиш анъанага айланиб бўлган. Ибратланса арзигулик тажриба. Дарҳақиқат, “Postda-На посту” газетасида анъана, қадрият ва улкан тажриба бор.

Сир эмас, бугун барча соҳалар сингари матбуот ҳам катта ўзгаришларга юз тутган. Соҳада янгиликлар кўп. Янгича усул, янгича ёндашув, янгича фикр ва мулоҳаза... Миллий ОАВ маконида “Postda-На посту” каби салмоқли газетанинг борлиги жудаям аҳамиятли ва зарур.

Газета бугун ҳам саҳифаларида долзарбликни, холислик ва теранликни мустаҳкам ушлаб турибди. Шакл ва сифат жиҳатидан газета замонга мутлақ мос. Сиёсий жараёнларнинг доимий иштирокчиси ва ёритгувчиси сифатида ўзининг мустаҳкам позициясига эга. Забардаст нашр!

Умид қиламанки, ижод йўлида “Postda-На посту” билан туташ манзилларимиз кўпаяди. Ўзаро манфаатли лойиҳалар амалга оширилади.

“Postda-На посту” газетаси таҳририятига 90 йиллик сана муборак бўлсин. Нашрнинг серғайрат ходимларига мустаҳкам соғлиқ ва хотиржамлик тилаймиз. Газета фахрийларини эътироф этамиз.

Муассисни, ижодий жамоани яна бир бор жамоамиз номидан қутлайман. Юрт равнақи йўлида қилаётган ишларингизнинг самараси зиёда бўлсин!