Ўйламай гапирган оғримай ўлар

  • 15:05
  • 04,05-2020
  • 8402
  • Улашинг

ёхуд Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг “куйиб-ёнишлари”га сабаб не?

 Бугун ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг ички ишлар органлари ходимлари фаолиятидан норозилиги акс этган видеоматериаллар тарқалди. Айтиш мумкинки, халқ артисти (боз устига, аёл киши!) томонидан айтилган ҳақоратларга тўла видеотасвирлар. “Номард, бунақа номард милисани кўрмаганман”, “Туф, санларга, туф-ей, санларга!”, “Падарингга минг ланъат” – булар халқимиз яхши кўрган, қизларимиз, аёлларимиз ибрат олиши керак бўлган санъаткоримизнинг тилидан учган сўзлар. Азбаройи, ачиниб кетасан, киши...

Қизиқ, санъаткор(!) Юлдуз Усмоновани бутун мамлакатнинг ички ишлар органлари тизими ҳақида “абсолютно не работает”, дея хулоса чиқаришга ва буни бутун оммага намойиш этишга нима ундади экан? Ўзини бошқалардан устун тутиш туйғусими ёки кимларгадир яхши кўриниш истаги? Балки, яна унинг “зўр пиар қилиши” истаги уйғониб қолгандир...

“Сенлар халқнинг “налоги”дан ойлик оляпсанлар” – бу халқ артистининг яна бир иддаоси. Ахир, ички ишлар органлари ходимлари халқимиз олдидаги қарзларини юртимиз тинчлигини, осойишталигини таъминлаш йўлидаги фидокорона меҳнатлари билан узишмоқда. Бу – факт, айниқса, ҳозирги синовли кунларда ўз исботини топган, топаётган ҳаётий факт.

Ушбу фикримизни ижтимоий тармоқларнинг минглаб фойдаланувчилари ҳам тасдиқламоқда. Улар Ю.Усмонованинг номақбул ҳаракатини қоралаб, ички ишлар органларининг бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда олиб бораётган ишларини юқори баҳолашмоқда. Айниқса, айни пайтдаги фидойиликларини эътироф этган ҳолда, савоб қиляпман деб, кеккайиб, кечаю кундуз хизмат қилаётган ходимларнинг меҳнатини бир пул қилиш нотўғри иш эканлигини таъкидлашмоқда. Бинобарин, у ёки бу тизим фаолиятига баҳони халқ  беради. Ва бу энг холис, энг адолатли баҳо бўлади.

“Ўнг қўлинг берган нарсани чап қўлинг билмасин” – бу ота-боболаримизнинг азалий ўгити. Бундан англашиладики, кимгадир ёрдам қилмоқчи, хайр-саховат кўрсатмоқчи бўлган одам уни имкон қадар ҳеч кимга, айниқса, кўмак олувчига билдирмасдан амалга ошириши жоиз. Юлдуз Усмонова “бош рол”да бўлган видеотасвирларда эса, бунинг аксини кўрасиз. Гўё, у ва унинг сафдошлари туну кун бедор, елиб-югуриб, муҳтожларга ёрдам беришмоқда, бошқалар эса... Тавба, бундай хатти-ҳаракат ортида не мақсад яширин?

Вақти-соати келиб, Юлдуз Усмонованинг “куйиб-ёнишлари” сабаби ойдинлашар, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилар ҳам. Балки, “кечирим сўраш” челленжи айнан у томонидан давом эттирилар. Нима бўлганда ҳам, бутун бир тизим ходимларини ҳақоратлашга, обрўйини ерга уришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Буни асло унутманг!

 

P.S. : Сўзнинг куч-қудрати беқиёс. Бир оғиз ширин сўз, ўрнида айтилган калом инсон қалбига олам-олам қувонч, бахт олиб киради. Аксинча, ўйламай, мушоҳада қилмай айтилган бир жумла кўнгилларни хира қилиши, одамлар орасига низо солиши, ҳатто жамиятни пароканда этиши мумкин. Шу боис ҳам ота-боболаримиз азалдан калом одобини юксак инсоний қадрият сифатида эъзозлаб, унга қатъий амал қилиб келган. Таассуфки, ҳозирги кунда бу қадрият бироз унутилаётгандек...

 

Камол ОЛЛОЁРОВ,

журналист.