Ватан – азиз, жасорат – мангу

  • 11:05
  • 04,05-2020
  • 150
  • Улашинг

 Биз барчамиз, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз фашизм балосига қарши курашда жасур аждодларимиз, кўпмиллатли Ўзбекистон халқи кўрсатган мардлик ва матонатни асло ёдидан чиқармаслиги керак.

Шавкат Мирзиёев.

 Инсоният яралибдики, жуда кўплаб фожиаларни ўз бошидан ўтказди. Ўзга юртларни босиб олиш, бутун дунёга ҳукмронлик қилиш истаги ортидан келиб чиққан мислсиз босқинчиликлар, зўравонликлар, кўз кўриб қалб йиғлаган қирғинбаротлар, миллионлаб бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлган урушлар... Кўҳна тарих гувоҳ бўлган ана шундай даҳшатли воқеалардан бири, шубҳасиз, Иккинчи жаҳон урушидир.

Маълумки, ХХ аср фожиасига айланган Иккинчи жаҳон уруши олти йил (1939–1945 йиллар) давом этди. Ер юзининг 80 фоиз аҳолиси жойлашган ҳудудни, яъни 61 та мамлакатни ўз домига тортди. Ҳатто Атлантика, Ҳинд ва Тинч океанларида ҳам жанглар олиб борилди. 50 миллиондан ортиқ кишининг ёстиғини қуритган беаёв уруш аёлларнинг бева, болаларнинг етим қолишига сабаб бўлди. Энг ёмони, у қалбларда битмас жароҳатлар қолдирди.

Ана шундай катта кўлам ва миқёс касб этган машъум урушда фашизм устидан қозонилган ғалабага кўпмиллатли Ўзбекистон халқи ҳам улкан ҳисса қўшди. Халқимизнинг 1,5 миллион нафардан ортиқ жасур фарзандлари жанггоҳларда матонат кўрсатиб, душманларга қарши мардларча курашдилар. Уларнинг ярим миллиондан зиёди қақшатқич ва қонли жангларда мардларча ҳалок бўлди, 70 мингдан ортиқ ватандошимиз эса урушдан ногирон бўлиб қайтди. Шунингдек, 187 минг нафарга яқини бедарак йўқолди.

Таъкидлаш жоизки, ҳамюртларимиз жанг майдонларида бемисл жасорат кўрсатди. Масалан, Тошкентда тузилган Собир Раҳимов қўмондонлигидаги дивизия Шарқий Пруссиягача бўлган жанговар йўлни босиб ўтди. Жумладан, Польша ерларини озод қилишда алоҳида ажралиб турди. Данциг шаҳрига биринчилардан бўлиб кирди. Оғир ярадор бўлган С.Раҳимов 1945 йил 25 март куни ҳалок бўлди. 1965 йил 6 майда тарихий ҳақиқат тикланиб, Собир Раҳимовга «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони берилди.

Шунингдек, 1943 йилда Орёл-Курск йўналиши бўйича олиб борилган шиддатли жангларда кўрсатган жасоратлари учун А.Шукуров, М.Абдуллин, А.Солиҳов сингари юртдошларимиз, шунингдек, Днепрни кечиб ўтишдаги қаҳрамонликлари учун эса юзга яқин ўзбекистонликлар «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди. Улардан Ж.Усмонов, В.Набиев, В.Малясов, Х.Аминовларнинг жасоратларини алоҳида қайд этиш мумкин.

Умуман олганда, Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ўзбекистонликларнинг 301 нафари «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони, 29225 нафари турли даражадаги жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди.

Урушнинг ғоят оғир ва суронли йилларида Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди. Бунинг учун халқимиз, етти ёшдан етмиш ёшгача барча «Ҳамма нарса — фронт учун, ҳамма нарса — ғалаба учун!» деб яшади, ором ва ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз меҳнат қилди.

Маълумотларга қараганда, урушнинг дастлабки даврида собиқ иттифоқнинг бошқа ҳудудларидан мамлакатимизга 104 та саноат корхонаси,
30 дан ортиқ ҳарбий госпиталь, ҳарбий артиллерия (тўпчи) академияси, бир неча ҳарбий билим юртлари эвакуация қилинган. Мавжуд ишлаб чиқариш корхоналари ҳарбий мақсадларда қайта ташкил этилган.

Юртдошларимиз бутун куч ва имкониятларини завод ва фабрикаларнинг фаолиятини ғоят қисқа муддатда қайта йўлга қўйишга сафарбар қилганлар. Натижада республикамиздан жанг майдонларига 2100 та ҳарбий самолёт, 2 318 000 дона авиабомба, 17342 дона авиамотор ва 300 000 дона парашют етказиб берилган. Аҳоли томонидан мудофаа жамғармасига 649,9 миллион рубль нақд пул, 4 миллиард 226 миллион рубль заём пули, 52,9 килограмм олтин ва кумуш топширилган. Жамғарилган пул маблағлари ҳисобидан 5 та бронепоезд ишлаб чиқарилган. Ҳарбий-санитария ва ҳаммом-кир ювиш поездлари сони эса 18 тани ташкил этган. Булардан ташқари, фронтга 7 518 800 дона гимнастёрка, 2 861 000 дона ҳарбий этик, 2 636 700 дона пахталик нимча ҳамда шу каби бошқа кўплаб зарур буюм ва анжомлар, қурол-яроғлар, катта миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилганки, бу ғалабага муносиб улуш бўлиб қўшилган.

Халқимиз азалдан муҳтожларга ёрдам қўлини чўзадиган, етим-есирларнинг бошини силайдиган бағрикенг ва ҳимматли халқ. У ушбу фазилатини уруш йилларида яна бир бор намойиш этди. Россия, Украина, Белоруссия, Молдавия ва бошқа жойлардан кўчириб келтирилган ўн минглаб кишиларга бошпана бериб, меҳрибонлик ва ғамхўрлик намуналарини кўрсатди. Аниқроғи, жанг бўлаётган ҳудудлардан эвакуация қилинган 1 миллиондан кишига бошпана бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўрди.

Эътиборли жиҳати, республикага олиб келинганларнинг 200 минг нафари болалар эди. Уларнинг талай қисмини ўзбек оилалари ўз қарамоғига олдилар, фарзандларидан кам кўрмай тарбияладилар. Масалан, Шомаҳмудовлар оиласи – 14, Самадовлар оиласи – 12, Жўраева ва Ашурхўжаевлар оиласи томонидан 8 нафардан болалар тарбияга олиб, уларга ҳақиқий инсонпарварлик ва меҳр-шафқат намунаси кўрсатилди.

Халқимизнинг фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшганлигини тасдиқловчи яна кўплаб факт ва рақамларни келтириш мумкин.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва меҳнат фронти фахрийларига юксак эҳтиром кўрсатиб келинмоқда. Уларнинг ҳолидан доимий равишда хабар олиниб, ғамхўрлик қилинмоқда. Айниқса, бемисл қаҳрамонлик кўрсатган ота-боболаримизнинг номларини абадийлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовордир.

Хабарингиз бор, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан Тошкент шаҳрида “Ғалаба боғи” барпо этилмоқда. “Ғалаба боғи” салкам 16 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, у ҳар бири алоҳида мавзуга эга бўлган икки қисмдан иборат. Биринчи қисм фронтдаги ўзбекистонликларнинг жанговар ҳаётидан лавҳаларни, иккинчи қисм фронт ортидаги республика ҳаётини ўзида акс эттиради.

Аминмизки, мазкур боғ Ватанга садоқат, ўз ҳаётини тинчлик ва озодлик учун фидо қилган инсонларнинг ўлмас жасорати ва ёрқин хотираси олдидаги юксак ҳурмат-эҳтиромнинг амалий намунаси бўлиб қолади.

Ватан – азиз, жасорат – мангу. Шу маънода, юртдошларимизнинг Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ва фронт ортида кўрсатган юксак матонат ва жасоратлари мангуликка дахлдорки, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоқ, номларини ҳар дам ёдда тутмоқ биз учун фарздир.  

Қутбиддин БУРХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси.