Жиддий талафотсиз ўтди

  • 17:04
  • 29,04-2020
  • 178
  • Улашинг

Қашқадарё вилояти ҳудудида жорий йил 27 апрель куни соат 21:15дан 23:05гача бўлган вақт оралиғида соатига 20-25 метр тезликда кучли шамол оқими кузатилди. Шамол оқими вилоятнинг Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Касби, Қарши, Муборак, Миришкор ҳамда Нишон туманларидан ўтган.

Вилоят бўйича 3 та кўп қаватли уйнинг 1020 квадрат метр, 2 та ташкилот биносининг 200 квадрат метр, 52 та якка тартибдаги турар жойларнинг том ёпмаси зарар кўрган. Шунингдек, бир нечта савдо дўконлари, иссиқхоналар, 97 та турли катталикдаги дарахт зарарлангани айтилмоқда.

Айни пайтда табиий офат оқибатларини бартараф этиш ва зарарни аниқлаш бўйича вилоятда махсус комиссия тузилиб, ишчи гуруҳ фаолият кўрсатмоқда.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа мутасадди идораларнинг куч ва воситалари жалб этилиб, табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Жойлардаги профилактика ва йўл-патруль хизмати инспекторлари шамолдан зарар кўрган маҳалла ва қишлоқларда жамоат тартибини сақлаш, оғир ишларни бажаришга ихтисослашган транспорт воситаларининг ҳаракатини тартибга солиш бўйича ишчи гуруҳ таркибида хизмат қилмоқда. Шунингдек, фуқароларга кўмаклашиб, муаммоларни ҳал этишда секторлар ишчи гуруҳлари билан ҳамкорликда зарурий чора-тадбирларни амалга оширишмоқда.

С. РАҲИМОВ.

Қашқадарё вилояти.