Жиянини жиноятга бошлаган тоға

  • 14:04
  • 29,04-2020
  • 212
  • Улашинг

Сардор бозордан қайтаётиб, томорқасида ишлаётган жияни Холбекни учратиб қолди.

– Ишлар қалай? – сўради Сардор кетмонига суянганча хомуш ҳолда турган жиянига қараб.

– Яхши эмас. Россияда ишлаб, бирим икки бўлмади. Мана, пул топаман деб, деҳқончилик қиляпман.

– Бир иш бор, – деди Сардор ён-атрофига аланглаганича. – Рўпарамизда турган ана у вагонларга шакар ортилган. Биласан, бу маҳсулотнинг бозори чаққон. Агар ўша вагонлардан шакар ўмара олсак, яхшигина даромадга эга бўлардик.

– Яхши таклиф, – тоғасининг гапини маъқуллади Холбек. – Ўзим ҳам пулга муҳтож бўлиб тургандим.

– Унда бугун тунда “режа”ни амалга оширамиз...

Хуллас, тоға-жиян ўша куни тунда ишга киришишди. Аммо Хазорасп туманидаги Қиртепа маҳалласи ҳудудида жойлашган “Xorazm shakar” АЖ филиалига қарашли темирйўл разъездида вақтинчалик сақлаб турилган вагонлардан бирининг тагини тешиб, 45 қоп, яъни нархи 14 448 281 сўмлик 3080 килограмм шакарни ўғирлаб кетишаётганда қўриқчилар келиб қолишди. Саросимага тушган талончилар қўлга тушмаслик учун қочиб қолишди.

Туман ИИБ томонидан тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, суриштирув ишлари бошлаб юборилди. Муқаддам судланган ҳамда ушбу турдаги жиноятларни содир қилишга мойил бўлган шахслар назоратга олинди. Шунингдек, жиноятда гумон қилинаётган шахсларнинг ўғирлик содир этилган куни қаерда бўлгани атрофлича суриштирилди. Олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари натижасида тоға ва жияннинг қилмиши фош этилди.

Шу тариқа, тоға-жиянлар қилмишига яраша жиноий жавобгарликка тортилди.

Шохруҳ НУРМЕТОВ,

Ҳазорасп тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ катта терговчиси,
катта лейтенант.

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Postda” мухбири.

Хоразм вилояти.