Қоидабузарларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда

  • 17:04
  • 27,04-2020
  • 180
  • Улашинг

Мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган карантин тадбирлари Тошкент шаҳрида ҳам уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Жумладан, пойтахтимизнинг Яккасарой тумани Шота Руставели кўчасида ташкил қилинган «Мадад-20» постида ҳам бунинг тасдиғини кўриш мумкин.

Бу ерда хизмат ўтаётган Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ бригадаси 2-батальони 5-сафарбар гуруҳи катта инспектори, майор Наврўз Исаев, мазкур батальон 1-сафарбар гуруҳи инспектори, кичик сержант Сирожиддин Алимов ҳамда Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси 1-батальони мутахассиси, сафдор Санжар Болтабоев ҳамда Мудофаа вазирлигига қарашли 71/186-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси, катта сержант Шароф Астановлар фуқаролар ва автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг карантин қоидаларига риоя этишларини назорат қилиб, тарғибот ишларини олиб бораётир. Шунингдек, қоидабузарларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда. Масалан, Чилонзор туманида истиқомат қилувчи Н.М. «Malibu» русумли давлат рақам белгиси 01 M 090 HA бўлган автомашинасини махсус рухсатномасиз бошқараётганида осойишталик посбонлари томонидан тўхтатилиб, унинг ҳаракатига чек қўйилди. Транспорт воситаси эса вақтинчалик жарима майдончасидан жой олди.

– Бугунгача 140дан ортиқ қоидабузарликлар аниқланди, – дейди майор Н.Исаев. – Эндиликда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида фуқаролар билан янада кенг кўламли тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Михли САФАРОВ,

«Postda» мухбири.