“Ҳожатбарор” қўлга тушди

  • 09:04
  • 26,04-2020
  • 184
  • Улашинг

Наманган шаҳрида яшовчи Хайрулла (исми ўзгартирилди) автомашинасида ҳаракатланиб келаётган вақтда йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан тўхтатилди. Текширув чоғида эса транспорт воситаси ҳужжатларида камчиликлар борлиги маълум бўлди. Шу боис унинг “Нексия”си тегишли тартибда баённома расмийлаштирилгандан сўнг жарима майдончасига жойлаштирилди.

Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Хайрулла Наманган шаҳар ИИОФМБ ЙҲХБга борди. Бу ерда тасодифан бир одам билан танишиб қолди. Ўзини “Рустам” деб таништирган бу кимса Хайрулланинг мақсадини билгач, ЙПХ ходимларидан таниши борлигини ва муаммосини “тезда” ҳал эта олишини билдирди. Боз устига, жарима миқдорини камайтиришга ҳам ёрдам беришини айтди. Фақат, мушук офтобга текинга чиқармиди, “беминнат кўмаги” эвазига ҳожатбарорга 2 миллион сўм берса бас. Хайрулла шу ернинг ўзида талаб қилинаётган пулнинг ярмини Рустамга тутқазди. Қолган қисмини тез орада беришини айтиб, хайрлашди.

Бир неча кун ўтди. Хайрулла уйида обдон ўйлаб, вазиятни таҳлил қилиб кўрди. Сўнгра ички ишлар органига мурожаат қилди.

Унинг аризасига кўра, ИИВ ЎХБ Наманган вилояти бўйича бўлими ҳамда вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди ва “ҳожатбарор” шахс ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Азиза ЖОНИЕВА.

Наманган вилояти.