Кун қаҳрамони

  • 18:04
  • 25,04-2020
  • 204
  • Улашинг

Орамиздаги фидойилардан бири

Оллазаров Тўлқинбек Қадамбоевич 1980 йил 6 декабрда Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида туғилган. 2005 йилда эса ИИВ Академияси сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларини тамомлаб, Хоразм вилояти ИИБ 6-сонли тергов ҳибсхонасида йўриқчи лавозимида хизмат фаолиятини бошлаган. 2008 йилдан буён Хива тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори вазифасида хизмат қилмоқда.

Тумандаги Шомохулум маҳалласи осойишталигини таъминлаш 54-сонли ички ишлар органлари таянч пункти профилактика катта инспектори, майор Тўлқинбек Оллазаров зиммасига юклатилган. Ушбу ҳудудда 5400 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Қаҳрамонимиз жорий йилнинг ўтган даврида майда безорилик, жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилиш, паспорт тизими ва санитария-гигиена қоидаларига риоя этмаслик каби ҳуқуқбузарликлар содир этган 52 кишига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирган. Шунингдек, фуқароларнинг 32 та ариза ва шикояти ўз муддатида тегишли тартибда кўриб чиқилди. Маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда амалга оширилган профилактик тадбирлар натижасида 2 та ёш оила бузилишининг олди олиниб, 3 та носоғлом оилада ижобий муҳит яратилди. Ҳуқуқбузарлик содир қилишга мойил 5 нафар шахсни профилактик ҳисобга олиб, улар билан мунтазам равишда суҳбатлар олиб бормоқда.  

Майор Тўлқинбек Оллазаров аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича ўтказилаётган тарғибот тадбирларида ҳам фаол иштирок этмоқда. Амалга оширилаётган рейд тадбирларида карантин қоидаларини бузаётган фуқароларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда. Масалан, Б.Илҳом карантин тартиби жорий қилинганига қарамай, савдо дўкони орқа томонида ноқонуний равишда бильярдхона ташкил этганлиги ва бу ерга ёшларни жалб қилганлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар маъмурий ишлар бўйича туман судига юборилди ва Б.Илҳом белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди.

Юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашдаги самарали хизмати учун профилактика катта инспектори, майор Тўлқинбек Оллазаров бир неча бор бўлим ва бошқарма раҳбарияти томонидан муносиб рағбатлантирилган.

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Postda” мухбири.

Хоразм вилояти.