Офатни ҳамжиҳатликда енгамиз!

  • 11:04
  • 25,04-2020
  • 177
  • Улашинг

Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши курашиш, халқимиз саломатлигини сақлаш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш мақсадида кўплаб эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Жойларда карантин қоидаларига риоя этилишини таъминлашда ички ишлар органлари ходимлари фидойилик билан хизмат олиб боришмоқда.

Карантин тадбирларида Ички ишлар вазирлиги Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси Махсус тайёргарлик ўқув марказининг катта инструктор-ўқитувчилари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида ташкил этилган мунтазам пост ва тўсиқ постларда, назорат масканларида ходимларимиз томонидан ҳамкорликда юқори даражада хизмат йўлга қўйилган. Юнусобод деҳқон бозорининг кириш-чиқиш қисмида фаолияти йўлга қўйилган назорат ўтиш масканида юздан зиёд фуқароларимизга зарурий ҳимоя ва санитария-гигиена воситалари бепул тарқатилди. Бироқ олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ва профилактик огоҳлантирув тадбирларига қарамасдан, карантин талабларини менсимаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Масалан, тадбирлар давомида бемақсад кўчада юрган 200 дан ортиқ фуқаро, 150 та автомашина ҳайдовчиси огоҳлантирилиб, яшаш жойига қайтарилди. Огоҳлантиришларга қарамай, велосипедда юрган 20 нафар, ниқобсиз бемақсад юрган 80 нафар фуқарога, тегишли рухсатномасиз ҳаракатланган 40 та автомашина ҳайдовчисига нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.

Бириктирилган ҳудудда хизмат ташкил этилиши жараёнида ходимларимиз томонидан 17 та кам таъминланган оилага, ногиронлари бўлган 8 та оилага ҳамда боқувчиси бўлмаган 14 нафар қарияга зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Ҳозирги кунда шу каби тадбирлар марказнинг уч нафар ходими иштирокида пойтахтимизнинг Яшнобод, Миробод ва Учтепа туманлари ҳудудларида ҳам амалга оширилмоқда.

Ҳозирги синовли даврда барчамиз ота-боболаримизга хос донишмандлик, ўзаро якдиллик ва саховатпешаликнинг юқори намунасини кўрсатиб, муҳтож бўлганларга ёрдам қўлини узатиб, офат билан биргаликда курашишга астойдил бел боғлашимиз зарур. Зеро, офатни фақат ҳамжиҳатликда енгамиз!

Олимжон АҲМЕДОВ,

ИИВ МОМБ Махсус тайёргарлик ўқув маркази бошлиғи,
полковник.