“Шундай оғир даврда яшаганмиз, ишлаганмиз”

  • 08:04
  • 25,04-2020
  • 146
  • Улашинг

Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан эришилган Буюк ғалаба беаёв курашлар, миллионлаб қурбонлар эвазига келганлигини яхши биламиз. Шу билан бирга, меҳнат фронти иштирокчилари ҳам ғалабага муносиб ҳисса қўшдилар. Бинобарин, улар ўта оғир меҳнат шароитларида ишлаб, фронт учун қурол-яроғ, хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларини узлуксиз етказиб бердилар.

Ана шундай меҳнат фронти қаҳрамонларидан бири қорақалпоғистонлик Раушан ая Самарканова бўлади.

У 1931 йили Қўнғирот туманининг чекка қишлоқларидан бирида, оддий колхозчи оиласида дунёга келди.

– Мен туғилган йиллар йўқчилик даври эди, – хотирлайди қаҳрамонимиз. – Шу боис мактабга анча кеч борганмиз. Энди ўқишга киришган пайтимиз эса урушнинг машъум хабари тарқалди. Овулимиздаги кўпчилик эркаклар урушга чақирилди. Отам Самаркан Науризов соғлиғи туфайли урушга олинмади, аммо 1942 йили меҳнат фронти батальонига жалб этилиб, Челябинск шаҳридаги танк заводига ишлашга жўнатилди. Оилада ойим, мен ва укам Жақсилик қолдик.

Эрталаб мактабда бир-икки соат ўқигач, ҳамма ўқувчилар далага чиқарди. Катталардан «ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун» шиорини кўп бор эшитганмиз, улар билан тенг ишлашга ҳаракат қилардик. Чунки ғалабага эришсакгина, оталаримизнинг қайтиб келишига, бемалол ўйнашимиз, ўқишимиз мумкинлигига ишонардик. Бунинг учун эса куну тун меҳнат қилиш зарур. Бизга куч-ғайрат ато этган омиллардан бири ҳам айнан шу истакларнинг юқорилиги бўлса керак, менимча.

Раушан аянинг эслашича, ўша йиллари ёғингарчилик кўп бўлиб, баҳорда сув тошиб кетиш ҳолатлари тез-тез рўй берган:

– Шундай пайтлари бизни ҳам сувни тўсиш учун олиб чиқишарди. Биз, болалар бир қатор бўлиб тизилиб турамиз, қўлимиздаги матога бир белкуракдан тупроқ солиб беришади, ундан ортиғини кўтара олмаймиз ҳам, шуни дамба тепасига олиб чиқамиз. Бу суволди тўсиғи тайёр бўлмагунча давом этарди.

Шунга қарамасдан, 1943 йили туманимизнинг айрим ҳудудларини сув босди, шу қатори бизнинг овулимиз ҳам сув остида қолди. Овул аҳолиси бошқа жойга кўчиб ўтди. Борган жойимизда уй солиш учун имконият ва вақт етмаганлиги учун 2 йил давомида ертўлада яшашга мажбур бўлганмиз. Уруш тамом бўлиб, отам қайтиб келганидан кейин у қурган уйга кўчиб ўтганмиз.

Мудҳиш хотиралар ҳақида сўзлаш ҳар қандай кишига оғир. Шу жумладан,  Раушан аяга ҳам. У барчасига фашизм балоси, уруш сабабчи эканлигини айтиб кўзига ёш олади:

– Урушнинг оти ўчсин. У туфайли ана шундай оғир даврда яшаганмиз, ишлаганмиз. Ҳозир шу ҳақда ўйласам, даврлар эсимга тушса, зиммамизга тушган юмушларни қандай уддалаганмиз, тўғриси, ўзим ҳам ҳайрон қоламан. Балки, эртанги кунга бўлган умид ва ишончимиз мустаҳкамлиги бунга сабабдир. Илоҳим, шундай оғир ва мусибатли кунлар ҳеч қачон қайтиб келмасин.

Раушан аянинг уруш даврида қилган меҳнатлари муносиб баҳоланиб, у собиқ иттифоқнинг «Фидокорона меҳнати учун» медали, «Ғалабанинг 50 йиллиги», «Ғалабанинг 70 йиллиги» юбилей медаллари, мустақилликдан сўнг, яъни 1994 йили эса «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

Раушан Самарканованинг турмуш ўртоғи Кудайберген Мўминов Қорақалпоғистонда ёнғин хавфсизлиги хизматини йўлга қўйишга катта ҳисса қўшган. У 1983 йили “подполковник” унвони билан нафақага чиқади.

Уларнинг уч нафар фарзанди орасида Сабит ота йўлини давом эттириб айни кунда ички ишлар тизимидан нафақага чиққан бўлса, қизи Жақсибийке бир қанча йиллар вазирликка қарашли мактабгача таълим муассасасида фаолият олиб борган.

Раушан ая 15 набира ва 8 эваранинг суюкли бувиси. У бугунги осойишта ва фаровон кунларга шукроналик келтириб умргузаронлик қилмоқда.

Азамат ПИРНИЯЗОВ,

«Postda» мухбири.

Қорақалпоғистон Республикаси.