“Фарзандингизни сотасизми? Қанча? 200 миллион сўм!”

  • 12:04
  • 24,04-2020
  • 323
  • Улашинг

Шовотлик Ойша (исм-шарифлар ўзгартирилди) анчадан буён ўйлаб юрган “режа”сини турмуш ўртоғига айтмоқчи бўлиб, охири ёрилди. Бу таклиф Қосимга ҳам маъқул бўлди. Улар “харидор” излай бошлашди.

Ана шундай кунларнинг бирида Ойша бола асраб олиш илинжида юрган Муниса билан танишиб қолди ва яхши-ёмонни ажрата оладиган 12 яшар ўғлини унга сотиш нияти борлигини билдирди. Бағри тошга айланган она ўғли Сардор учун 200 миллион сўм сўради. Муниса барча ҳужжатларни қонуний тартибда расмийлаштиришини, қанча сарф-харажат бўлса, ўзи тўлашини айтди. Аммо эр-хотин унинг бу таклифига рози бўлишмади. Фарзандидан мол-дунёни устун қўйишди. Муниса бу нопок кимсаларнинг қилмишидан нафратланса-да, ўзини уларнинг шартига кўнгандек кўрсатди ва шу куниёқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди.

Ўз нафсининг қулига айланган эр-хотин фарзанди учун келишилган пулнинг 100 миллион сўмини олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинди.  

Шу тариқа, одам савдоси жиноятига қўл урган эр-хотин қилмишига яраша жиноий жавобгарликка тортилди.   

Элдор САФАЕВ,

капитан.

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Postda” мухбири.

Хоразм вилояти.