Ҳуқуқбузарга 5 миллион сўм жарима жазоси тайинланди

  • 09:04
  • 24,04-2020
  • 303
  • Улашинг

Қораўзак тумани ҳудудида карантин туфайли ташкил этилган блок пост олдига “Нексия” автомашинаси келиб тўхтади. Бу ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар органи ходими автоулов ёнига бориб ўзини таништирганидан сўнг ҳайдовчининг ҳужжатлари ва ҳаракатланиш учун рухсатномаси бор-йўқлигини сўради. Ҳайдовчи эса ҳужжатларни тақдим этаркан, ўзига хизмат юзасидан махсус рухсатнома берилганлигини билдирди. Унинг сўзлари тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилган ЙПХ инспектори ҳужжатларини қайтиб берди ва ҳайдовчига тартиб-қоидага кўра автомашина дезинфекциядан ўтиши лозимлигини эслатди.

Постдан беш-олти метр ўтиб, машина дезинфекция учун тўхтатилди ва махсус ишчилар дезинфекция қилишга тушишди. Аммо дезинфекция ишлари ҳали тугамасданоқ автомашина жойидан қўзғалди. Уни тўхтатишга уринган ходимларга эса нарироқ бориб тўхтаган машина ҳайдовчиси ўдағайлаб, керак бўлса, уларга машинасини ювдириб қўйиши мумкинлигини айтиб ҳақоратлашга ўтди.

Воқеага гувоҳ бўлган ички ишлар органлари ходимлари вазиятга аралашишга мажбур бўлди.  Оқибатда шу жойнинг ўзида автотранспорт эгаси К.А.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга оширилди.

Мазкур ҳолат Тахтакўпир тумани Маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, суд ҳукми билан ҳуқуқбузарга нисбатан 5 миллион 575 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

Азамат ПИРНИЯЗОВ,

«Postda» мухбири.

Қорақалпоғистон Республикаси.