Кун қаҳрамонлари

  • 19:04
  • 23,04-2020
  • 1343
  • Улашинг

Хизмат машинасида дунёга келган чақалоқ

Яқинда пойтахтимизнинг Учтепа туманида хизмат олиб бораётган патруль-пост хизмати ходимлари сафдорлар Санжар Муродов ва Ботир Тошпўлатовлар тунги соат 01:45 ларда туманнинг Истироҳат кўчаси ва Тошкент ҳалқа автомобиль йўли кесишмасида саросимада турган икки аёлни кўриб қолади. Улардан бири ҳомиладор эканлигини кўришади. Ходимлар вазиятни тўғри англаган ҳолда зудлик билан бўлажак она ва унинг қайнонасини туғуруқхонага етказиш учун хизмат машинасида шифохонага йўл олади. Аммо, 3-сонли шаҳар болалар клиник шифохонасига боришига бироз қолганда аёлни тўлғоқ тута бошлайди. Аёлга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишдан бошқа чораси қолмаган ходимлар дарҳол ишга киришиб, шу тариқа ўғил фарзанднинг дунёга келишига ёрдам беришди. Шундан кейингина она ва болани шифохонага олиб боришди.
Тиббиёт ходимлари эса аёл ва чақалоқни тиббий кўрикдан ўтказиб, уларнинг аҳволи яхши эканлигига амин бўлиб, ички ишлар органларининг ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирди.
– Ёрдамга муҳтож инсонларга нафимиз текканидан беҳад мамнунмиз, – дейди камтарлик билан осойишталик посбонлари. – Хизмат вазифамизни бажариш баробарида инсонийлик бурчимизни адо этдик. 
Келинининг эсон-омон кўзи ёриб, қўчқордек ўғилни дунёга келтирганидан қувончи ичига сиғмаган қайнона ҳам ички ишлар органларининг ана шундай жонкуяр ва фидойи ходимларини узундан-узоқ дуо қилиб, Яратгандан уларга тансиҳатлик ва хотиржамлик сўради. 
Касбдошларига ўрнак кўрсатган ходимларнинг фидойилиги Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан муносиб рағбатлантирилди. Уларнинг ҳар бирига 3 миллион сўм миқдоридаги мукофот пули топширилди. 
Зеро, бундай фидойилик халқимиз орасида ички ишлар органларига бўлган ҳурмат-эътиборнинг янада ошишига муҳим омил бўлиб хизмат қилади.


Михли САФАРОВ,
«Postda» мухбири.